Ўзбекистон | 13:14 / 04.01.2021
9273
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Палов индекси янгиланди

Мамлакат бўйлаб, Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида паловнинг 1 килограмми 130 минг сўмдан ошади. Энг арзон палов Қорақалпоғистонда тайёрланади.

Давлат статистика қўмитаси томонидан мамлакатнинг барча ҳудудий марказларида жойлашган йирик умумий овқатланиш муассасалари (жумладан, «Ош марказлари»)да ўтказилган кузатув натижалари бўйича, 2020 йил декабр ойи учун паловнинг ўртача нархлари (қиймати) маълум қилинди. 

Таъкидланишича, 1 килограмм (7 порция) палов нархи Қорақалпоғистонда 99 169 сўм бўлиб, Ўзбекистондаги энг арзон нархлардан бири шу ҳудудда кузатилган, аммо Қорақалпоғистон Республикасида нарх ўтган ойга нисбатан 1,2 фоизга ўсган. Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятларида нарх ўзгаришсиз қолган.

Қорақалпоғистондан ташқари, Самарқанд вилоятида 1 кг палов нархида 1 фоизлик, Тошкент вилоятида эса 1,5 фоизлик ўсиш кузатилган.

Республика бўйлаб, палов индексини Тошкент шаҳри (131 600 сўм), Бухоро вилояти (130 669 сўм) ва Тошкент вилояти (120 169 сўм) бошқариб келмоқда. Энг арзон нарх Наманган вилоятида (98 минг сўм), Қорақалпоғистон Республикасида (99 169 сўм) ва Навоий вилоятида (101 500 сўм) кузатилган.

Қўмитанинг хабар беришича, маълумотларни шакллантиришда фақат танлаб олинган умумий овқатланиш муассасалари («Ош марказлари»)даги паловнинг ўртача нархи ҳисобга олинган бўлиб, ресторан ва чойхоналардаги нархлар инобатга олинмаган.

Маълумот учун, 2020 йилда Ўзбекистонда энг оммавий таом – «Палов индекси» маълумотлари шакллантирилиши жорий этилганди.

Мавзуга оид