Спорт | 18:56 / 04.01.2021
19514
7 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов — раҳбарлик фаолияти, танқидлар ва ҳакамлар имижи ҳақида

Жаҳон миқёсида таниқли ҳакам Равшан Эрматов 2019 йил июнида ЎФАга вице-президент этиб тайинлангач, ҳакамлик фаолиятини якунлаган эди. 2020 йил февралида у спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига ҳам тайинланди.

Kun.uz амалдор сифатидаги фаолияти, ўзбек футболида 2020 йил якунлари ва бошқа мавзулардаги фикрлари билан танишиш учун Равшан Эрматовни суҳбатга таклиф этди.

— Ҳакамликдан кетиб, раҳбар сифатида иш бошлаганингизга ҳам бир неча йил бўлиб қолди, маълум даражада тажриба орттирдингиз. Раҳбарлик фаолиятингиздан шахсан ўзингиз қониқяпсизми?

— Мен жаҳон чемпионатларида ҳакамлик қилган, юқори баҳоларга лойиқ кўрилган, ФИФА мақтовларини эшитиб турган пайтларимда ҳам доим ўзимдан қониқмасдим. Ҳар бир ўйинни соатлаб таҳлил қилиб чиқардим ва ўзимдан ҳеч қачон юз фоиз қониқмаганман.

Ҳозир ўзимни сиз айтгандек тажрибали раҳбар деб ҳисобламайман. Ўрганадиганларим жуда кўп. Спортчи бўлганим учун қайсидир томондан осон туюлаётган жойлари ҳам бор, лекин очиғини айтсам, ҳали ўз ишимдан қониқаётганим йўқ. Спортга озгина бўлса ҳам фойдамиз тегаётганини ҳис қилиш учун ҳаракат қиламиз.

— Спортчиликдан кетиб, амал курсисига бекор ўтирган эканман, дея афсусланган пайтларингиз бўлдими?

— Тўғрисини айтсам, ўзи ҳеч қачон осон бўлмаган. Ҳакамликда ҳам, ўша жаҳон чемпионатларига борганимизда, бизга тайёр йўл-йўриқ кўрсатадиган ҳеч ким бўлмаган. Ҳар кунги меҳнатимиз, таҳлил қилишимиз, ҳакамлик илмини ўрганганимиз натижаларга олиб келган.

Ҳозир қилаётган ишимиз ҳам осон эмас: борингизни бериб ишлашни талаб қилади – биз бунга тайёрмиз, меҳнатдан ҳеч қачон қочмаганмиз. Худо хоҳласа, бу ишларимиз ҳам вақт-соати келиб ўз натижасини беради.

— Тотализаторларга рухсат берилаётгани масаласи. Бунинг ижтимоий томонлари ҳақида қандай фикрдасиз?

— Биз ФИФА, ОФК экспертлари билан футболдаги ҳар бир йўналиш бўйича маслаҳатлашганмиз. Бизда энг орқада қолиб кетаётган йўналишлардан бири – бу маркетинг. Улар бизнинг маркетинг тизимимизни ўрганганларида, жуда салбий фикрлар билдиришди. «Жаҳонда футбол ўзини ўзи таъминлаш тизимига ўтиб бўлди, сизлар ҳали биринчи қадамни ҳам ташламагансизлар», деб ўзларининг маслаҳатларини беришди.

Биз халқаро тажрибани ҳам ўргандик. АПЛнинг деярли 8 клуби асосий ҳомийи – букмекерлик компаниялари. Россия ва Испанияда ҳам деярли шундай. Бу футболга жуда катта маблағ келтиради ва бу пулни сизлар инфратузилмани ривожлантиришга сарфлашинглар мумкин, деб маслаҳат беришди ФИФА ва ОФКдаги маркетологлар.

Албатта, масаланинг ижтимоий томони ҳам бор. Тўғрисини айтсак, бундай ўйинларни интернетда ўйнаётганлар жуда ҳам кўп экан. Буни ҳам таҳлил қилганмиз. Бу – катта пуллар оқими ва бу пуллар Ўзбекистондан чиқиб кетмоқда. Шуни легаллаштириб қўяйлик – ўйнаган ўйнайверади, ўйнамаганни ҳеч ким мажбурламайди.

Ўзбекистондан чиқиб кетаётган пуллар оқими Ўзбекистонда қолсин, спортни ривожлантиришга бироз бўлса ҳам ёрдам берсин – асосий мақсад шу.

— VAR тизимини илк марта синаб кўрдик. Келгуси мавсумдан Суперлиганинг ҳар турида камида 3–4 ўйинда бу технология қўлланилади, деб айтдингиз. Буни ҳар бир ўйинда қўллашни бошлашимизга ҳали қанча бор?

— VAR футболда қўлланилаётганига ҳали унча кўп бўлмади. 2016 йил ФИФА ишчи гуруҳ тузганида улар орасида мен ҳам бор эдим. VAR 2016 йил охирларидан бошланган бўлса, бугунги кунга қадар анча такомиллашди.

Ўзбекистонга ҳам бу замонавий технологияни олиб келмаганимизда, орқада қолиб кетган бўлар эдик. 17–20 ёшлилар ўртасида Жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ўтказиш учун музокаралар олиб боряпмиз ва бу чемпионатлар VARсиз ўтмайди.

VARни олиб келишдан мақсад – бу халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиш ва Суперлигада шаффофликни таъминлаш.

Биз 2та VAR тизимини сотиб олганмиз. Бу арзон техника эмас. Биз стадионлардаги шарт-шароитларни ҳамда инфратузилмани ўрганиб чиққанимиздан сўнг, шундай хулосага келдикки, ҳозир марказлашган VAR тизимини жорий қилишга тайёр эмасмиз. Бизда 2та мобил VAR тизими – микроавтобуси стадионларга боради. Албатта, бунинг харажати бироз кўпроқ, лекин ишончли. Биз барқарор бўлмаган интернетга ишонолмаймиз, меҳнатларимиз зое кетмасин, деймиз.

— Ҳакамлик ва адолат ҳақида гапирдингиз. Сўнгги пайтларда ҳакамларимиз билан бўлаётган муаммолар, жумладан Шерзод Қосимовнинг ОЧЛ ўйинлари остонасидан қайтарилиб юборилиши нима оқибатида юзага келди?

— Биласизми, ҳакамларнинг ҳозирги кунда ФИФА, ОФК стандартларида олиб бораётган семинарлари олдин бўлган эмас. Биз уларнинг жаҳон футбол стандартларига мос равишда ҳакамлик қилишлари учун жуда катта ишлар қилмоқдамиз. Илгари бўлмаган (feedback) тизими олиб келинди. Бу тизим дунёда атиги 10-12та давлатда мавжуд.

Аммо этика масаласи – ҳар бир инсоннинг ўз масъулияти.

— Келишилган ўйинларда иштирок этаётган, клублардан пул олаётган ҳакамлар-чи? Наҳотки сиз улардан бехабар бўлгансиз?

— Агар хабардор бўлганимда, биринчи вазиятнинг ўзида бу нарсани тўхтатган бўлардим.

— Одамларда сизни барча ҳакамларга устоз деган умумий тушунча бор. Уларнинг хатоларида озми-кўпми ўзингизни ҳам масъул ҳис қилсангиз керак?

— Албатта, бу мен учун ҳам жуда ноқулай вазият. Бир йўналишнинг имижини кўтаргунча қанча меҳнат кетади, мана бундай ёш болаларча хатолар имижга путур етказади.

Фарғонада бўлган воқеа ҳам имижнинг пастга тушиб кетгани билан боғлиқ. Ҳакамга нисбатан ишонч йўқ. Фарғонадаги ўйинда ҳакам хато қилмади, лекин футболчиларда ҳакамга нисбатан ишончсизлик ҳосил бўлди.

Ҳакамлик қилган пайтларимда эслайман: мен хато қилиб қўйганимни ўзим сезсам-да, ҳаммада бизга нисбатан ишонч бўларди. Баъзан вазиятни кўрмай қоласиз ва тажрибага таяниб, ўйиндан аввал иккала жамоа футболчиларини ҳам ўрганганингиздан келиб чиқиб, шунга асосланиб, интуитив равишда бир неча сония ичида қарор чиқарасиз. Шу каби вазиятларда ўзимда шубҳа бўлса ҳам, футболчиларда ишонч бўларди.

Фарғонадаги ўйинни Шавкат Насибуллаев аъло даражада бошқарди. Лекин футболчиларда ҳакамга нисбатан ишончсизлик кайфияти пайдо бўлди. Бу – охирги пайтларда йиғилиб келган ҳакамларга нисбатан умумий кайфиятнинг таъсири.

Футболчиларда ишончсизлик бўлса, ҳакам юзта вазиятда тўғри қарор чиқарсин, барибир фойдаси йўқ.

Суҳбат давомида Равшан Эрматов яна бир қатор саволларга жавоб берди, турли масалаларда ўз нуқтайи назарини билдирди. Суҳбатнинг тўлиқ вариантини Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Жамшид Абдиев.

Мавзуга оид