Ўзбекистон | 08:15 / 04.01.2021
7256
3 дақиқада ўқилади

Шоличиликни ривожлантириш уюшмаси ташкил этилади

Хоразм вилояти тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотидан келиб чиқиб, шоличиликда илғор хорижий тажрибаларни, юқори ҳосилдорликка эга бўлган маҳаллий ва хорижий шоли навларини кўчат усулида экишни жорий этиш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятида шоли етиштиришда илғор технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси, Хоразм вилояти ҳокимлигининг Шоличиликни ривожлантириш уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:

  • шоли етиштиришни ташкил этишда комплекс ривожлантириш бўйича дастурларни амалга оширишда иштирок этиш, ягона илмий-техник, технологик ва инвестицион сиёсатнинг амалга оширилишига кўмаклашиш;
  • ер майдонларидан оқилона фойдаланган ҳолда шоли учун қулай бўлган ҳудудларда шоли етиштириш ҳажмларини босқичма-босқич ошириб бориш;
  • шоли етиштириш жараёнларига хорижий сармояларни, чет эллик мутахассислар ҳамда консультантларни фаол жалб қилиш, ушбу соҳага илғор технологияларни жорий этиш;
  • шоли етиштириш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
  • шолини парвариш қилишга жалб этиладиган мутахассисларни ўқитиш учун махсус тайёрлов курсларини ташкил этиш;
  • соҳа учун мутахассисларни тайёрлаш, республика таълим муассасаларида, шунингдек, хорижда уларнинг малакасини ошириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштиришда иштирок этиш.

Уюшма Хоразм вилояти, Урганч шаҳар, Ал-Хоразмий кўчаси 178-уй манзили бўйича Хоразм вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси маъмурий биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Белгилаб қўйилишича:

  • шоли майдонларида кооперация тизимини кенг жорий қилган ҳолда, “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”га киритилган иш билан таъминланмаган фуқароларга кооперациялар ташкил этиб, 0,1-1,0 гектардан шоли майдонлари фуқароларга ихтиёрий равишда тақсимлаб берилади;
  • 2021 йилдан бошлаб, кооперацияларга шоли майдонларини озиқлантириш учун талаб этиладиган азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитларини ихтиёрий равишда биржа савдолари орқали ёки минерал ўғит ишлаб чиқарувчи корхоналардан тўғридан тўғри шартнома асосида сотиб олишлари учун рухсат берилади;
  • етиштирилган шолининг кафолатли бозорини таъминлаш мақсадида кооперацияларга бирлашган фуқаролар томонидан етиштирилган шоли ҳосилини вилоятдаги 4та дон корхоналари томонидан сотиб олиш тизими жорий этилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид