Жамият | 14:18 / 04.01.2021
32607
1 дақиқада ўқилади

Тўлов-контракт миқдорлари ошмайди – вазирлик

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йилининг иккинчи ярмида тўлов-контракт миқдорлари ўзгармайди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев маълум қилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган брифингда тизим фаолиятига оид қатор саволларга, жумладан БҲМ ошиши контрактларга қандай таъсир қилиши бўйича жавоб берилди.

«2021 йил 1 февралдан бошлаб республикамизда иш ҳақи ва стипендиялар миқдорлари 10 фоизга оширилиши белгиланди.

Пандемия шароитида республика аҳолисининг тўлов қобилияти пасайганлигини ҳисобга олиб, фарзанди давлат олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий ўқув йилидаги амалдаги тўлов-контракт миқдорлари ўзгаришсиз сақлаб қолинади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 февралдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, нафақа ва стипендия миқдори 10 фоизга оширилиши белгиланган. Талабаларнинг тўлов-контрактлари миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига боғлаб қўйилгани туфайли контракт нархлари яна ошиши эҳтимоли юзага келганди.

Мавзуга оид