Жамият | 21:00 / 04.01.2021
33191
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙПХ ходимини машинаси капотида судраб кетган ҳайдовчига чора кўрилди

Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси интернетда «Ҳайдовчи ЙПХ ходимини машина капотида судраб кетди» сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳа юзасидан маълумот берди.

«2020 йилнинг 4 январ куни соат 10:15 ларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Шаҳрисабз ва Ўзбекистон овози кўчалари кесишган чорраҳада, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходими Й.Қосимхўжаев Nexia русумли, 01 О 412 JB давлат рақам белгили автомобил ҳайдовчиси йўл белгисига амал қилмасдан ортга қайрилиб олган вақтида тўхташ ишорасини берган.

Ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармасдан ҳаракатини давом эттирган. Миробод тумани, А.Темур ва С.Азимов кўчалари кесишган чорраҳада қоидабузар ҳайдовчи уни тўхтатишга уринган ЙПХ ходимининг устига автомобилини бошқарган ва ходим автомобил капоти устида осилиб қолган ҳолатда 10–20 метр масофага ҳаракатланган.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида транспорт воситаси тўхтатилган.

Ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган Б.И.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135- (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) ва 194-моддалари (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан баённома тузилиб, автомобил ушбу кодекснинг 291-моддаси тартибида вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган», дейилади маълумотда.

Ҳозирда қўшимча суриштирув ишлари давом этмоқда.

Мавзуга оид