Ўзбекистон | 16:17 / 05.01.2021
13725
5 дақиқада ўқилади

Рўйхатдан ўтказиш тўлови, қоидабузарликлар ва оворагарчиликлар — вазирлик вакили билан IMEI атрофидаги саволлар юзасидан интервю

5 январ куни АКТ вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадов иштирокида мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартибига киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан брифинг ўтказилди.

Kun.uz мухбири тадбир якунида вазирлик вакили билан шу мавзу атрофидаги саволлар юзасидан қисқа интервю уюштирди.

— Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган суммалар қандай белгиланган?

— IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш бутун дунё тажрибасида бор ҳолат. Ўзбекистонда мазкур хизмат учун белгиланган тарифлар ҳам дунёдаги амалиётдан келиб чиққан ҳолда Молия, Иқтисодиёт ва Камбағалликни қисқартириш вазирликлари ҳамда бошқа идоралар билан келишилиб, белгиланган.

Аниқлаштириш учун айтиб ўтмоқчиманки, савдо бозорларига олиб кирилаётган мобил алоқа воситаларининг IMEI-кодларини UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш импортёрлар томонидан амалга оширилади. Ушбу қурилмаларни сотиб олаётган фуқаролар эса бирор бир тўловни амалга оширмайди.

АКТ вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадов

— Янги тизимга ўтилганидан кейин Ўзбекистондаги кўплаб фуқароларнинг паспорт маълумотларидан ноқонуний равишда фойдаланиш, улардан мобил қурилмаларда IMEI кодларини киритишда фойдаланиш ҳолатлари ортди. Бунинг олдини олиш мақсадида IMEI-кодини/кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган абонент рақами маҳаллий мобил операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилган бўлиши керак бўлган амалиёт белгиланди. Аммо кўряпмизки, бу ҳам тўғри ечим эмас экан. Чунки одамлар ўз мобил қурилмасини кимгадир бериши, совға қилиши ёки умуман бошқа кишининг номидаги сим картадан фойдаланиши мумкин.

— Саволингиз ўринли, ҳақиқатда бу каби ҳолатлар кузатилди. Аммо ҳозир шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида янги тизим йўлга қўйилди. Унга кўра сиз мобил қурилмангизни ўзингизнинг номингиздаги сим карта билан рўйхатдан ўтказган бўлсангиз, маълумотлар баъзаси бир-бирини текшириб олиши натижасида бошқа бир шахс ўша рақамдан кейинроқ фойдалана олмайди. Фикримча. Номингизда умуман сим карта бўлмаслиги мумкин эмас.

Эндиликда шунингдек, бирор сим картага мобил қурилма рўйхатдан ўтказилган тақдирда ўша номдаги бошқа сим карталарга ҳам бу ҳақда хабар етиб боради.

— «IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш фуқароларга мобил қурилмаларини йўқотиб қўйганда, уни топишга ёрдам беради», деб изоҳланяпти. Аммо ҳозир фуқаролар мобил қурилмасини йўқотиб, ички ишлар органларига мурожаат қилганда, у ерда барибир ўша қурилма қутисини сўрашади.

— Фуқаролар ўз мобил қурилмаларини шахсий маълумотлари орқали рўйхатдан ўтказган тақдирда кейинчалик унинг қутилари керак бўлмайди. Уни йўқотиб қўйиб, топиш керак бўлганда ҳам.

Мен ички ишлар идораларида бу тартиб қандай амалга оширилаётганини билмайман.

— Шахсан ўзимнинг телефоним ҳам Ўзбекистонга хориждан келтирилган. Уни рўйхатдан ўзим ўтказдим. Лекин бу жараёнларда мен бир неча кунлик оворагарчиликларга дуч келдим. Масалан, телефонни юборган ўша танишимнинг паспорт нусхасини топиш, уни яна почта бўлимларига олиб бориш, навбатлар...в.ҳ.к.

Айтингчи, нега мана шу жараёнлар тартибли тарзда ташкил қилинмаяпти?

— Сиз ўз мобил қурилмангизни қачон рўйхатдан ўтказганингиздан хабарим йўқ. Албатта, ҳар қандай янгилик жорий қилинаётганда камчиликлар бўлади. Ҳозир вазият ўзгаряпти.

— IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун олинадиган йиғимлар республика телекоммуникация инфратузилмасини, шу жумладан, қишлоқ ва чекка аҳоли пунктлари, туристик ва рекреацион ҳудудларда ривожлантириш лойиҳалари учун сарфланиши айтилган.

Хўш, вазирлик ўтган йилги жами йиғимлар ва унинг сарфи бўйича қачон батафсил ҳисобот беради?

— Ҳозирда йил якунлари бўйича қилинган барча ишлар умумлаштириляпти. Тез кунларда бу ҳақда ҳам батафсил ҳисобот берамиз.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид