Ўзбекистон | 13:01 / 06.01.2021
6555
3 дақиқада ўқилади

«Давлат харидлари жараёнидаги манфаатлар тўқнашувини аниқлаш талаб этилади» – Танзила Норбоева

Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева давлат харидлари жараёнидаги манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини кучайтириш, аниқланган ҳар битта ҳолат юзасидан масъуллар фаолиятига қонуний баҳо берилиши кераклигини таъкидлади.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

«Мурожаатномада Давлат харидлари соҳасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳам бевосита Бюджет қўмитаси фаолиятига тааллуқлидир.

Ўтган йили давлат харидларини амалга оширишда очиқлик ва шаффофлик таъминланиши ортидан амалиётдаги кўплаб муаммолар, хато ва камчиликлар маълум бўлди. Бу ҳол жамоатчилик ўртасида, жумладан ОАВда кенг муҳокамаларга, норозиликларга ҳам сабаб бўлди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилда бу борада парламент назоратини кучайтириш, хусусан, қуйидаги асосий жиҳатларга эътибор қилиш лозим. Аввало, давлат харидлари устидан назоратни олиб боришда жамоатчилик билан ҳамкорликда ишлаш, унинг фикрини инобатга олиш механизмларини жорий қилиш керак.

Давлат харидлари жараёнидаги манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини кучайтириш, қолаверса, аниқланган ҳар битта ҳолат юзасидан масъулларга сўров юбориш, уларнинг изоҳини эшитиш, керак бўлса, улар фаолиятига қатъий қонуний баҳо бериш чораларини кўриш талаб этилади», — дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат раиси давлат харидлари соҳасидаги коррупцион ҳолатлар ва шу каби муҳим масалаларда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаолиятини танқид қилди ҳамда парламентда агентликнинг ҳисоботини доимий тарзда эшитиб бориш тизимини йўлга қўйишни таклиф этди.

«Шу ўринда эътиборингизни бир жиҳатга қаратиб ўтмоқчи эдим. Бу каби долзарб масалалар юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш муҳим. Давлат раҳбари томонидан агентликка кенг ваколатлар берилди, коррупцияга қарши курашишда асосий ваколатли органга айлантирилди.

Аммо ўтган давр мобайнида агентлик фаолиятида парламент, шу жумладан Сенат билан ёки бевосита Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитамиз билан ҳамкорлиги деярли кузатилмади ва бу йўналишда ташаббускорлик ҳам сезилмади.

Шундан келиб чиқиб, тегишли қўмиталар Аксилкоррупция агентлиги билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириши, мурожаатномада келтирилган ўта долзарб масалалар бўйича агентликнинг ҳисоботини доимий тарзда эшитиб бориш тизимини йўлга қўйиш яхши самара беради», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабр куни парламентга мурожаатида бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назоратида бўлишини таъкидлаган эди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид