Жамият | 14:27 / 06.01.2021
13029
5 дақиқада ўқилади

Сергелидаги маҳалла аҳли кўприк қурувчилар фаолиятидан азият чекмоқда. Муаммо қандай ҳал қилинади?

Сергелида кўприк қурилишида иштирок этаётган юк машиналари ҳаракати сабаб аҳоли фойдаланадиган ички йўл хароб ҳолга келган. Айрим уйларнинг деворлари дарз кетган. Қурилиш компанияси вакиллари эса бепарво. Туман ҳокимлиги мазкур муаммога қандай қарайди? 

Аксарият ҳолатларда вилоятда яшовчи аҳоли пойтахтда истиқомат қилувчиларга ҳавас кўзи билан қарашади. Газ, свет каби муаммоларнинг йўқлиги, кенг ва равон йўллар уларнинг ҳавасини келтиради.

Аммо Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган «Олтин водий» маҳалласидаги аҳволни кўрганлар бу ерда яшовчиларга раҳми келиши аниқ.

Kun.uz таҳририятига мурожаат қилганларнинг айтишича, шу ҳудудда олиб борилаётган кўприк қурилиши сабаб тинимсиз қатнаётган юк машиналари маҳалладаги 2019 йилда асфальт қилинган кўчани яроқсиз ҳолга келтириб қўймоқда.

«Кўприк тушаётганидан хурсандмиз, бунга қаршилигимиз йўқ. Лекин одамлар қатнайдиган йўл бундай яроқсиз ҳолатга келтириб қўйилиши яхши эмас деб ўйлаймиз. Бу йўлдан ҳар куни кексаларимиз масжидга, болаларимиз мактабга боради, поликлиникага қатнаймиз.

Бу йўлнинг аҳволини кўрган одам йиғлаб юборадиган ҳолатга келтириб қўйишди. Қурилиш мутасаддилари билан гаплашишга ҳаракат қилдик. Гаплашишимиз қийин бўлди. Охири мажбур бўлдик йўлни ёпишга», дейди маҳалла фаоли Ислом ота Парпиев.

Ислом Парпиев

Маълум бўлишича, ўшанда қурилишдан чиқаётган машиналарни ўтказмаслик учун кўчанинг ўртасига машиналар қўйилиб, йўл ёпиб қўйилган. Тирбандлик ҳосил бўлгач, қурилишдан Раҳимжон исмли йигит келиб улар билан гаплашган. Шундан сўнг йўлни тозалашга, қурилишдан чиқаётган машиналарнинг баллонларини ювиб чиқаришга ваъда беришган, аммо бу иш бир марта амалга оширилган, холос.

Шу кўчада яшовчи Раҳим ота Олимжонов юк машиналари қатновидан уйининг деворлари ёрилиб кетганини айтди.

Раҳим Олимжонов

«Кимга шикоят қилишни билмайман. Йўлни тозалаймиз дейишади, натижаси йўқ – қуруқ гап ҳаммаси. Ҳар куни тонгда масжидга бораётиб тепаликда йиқиламан. Чунки лойда сирғанчиқ бўлиб қолган», дейди у.

Тўпланганлар 2020 йилнинг ноябр ойидан бери шу аҳволда яшаётганликлари, кўча ботқоққа айланишидан тортиб ўтаётган оғир юк машиналарининг босимидан ичимлик суви қувурлари ёрилиб кетгани ва бир неча кунлаб сувсиз қолишганини ҳам таъкидлашди.

Мадина Ўрозова

«Фарзандларимиз борлиги, маҳалланинг ичидаги кўча бўлгани сабаб йўлга огоҳлантирувчи белги қўйганмиз. Лекин шунга қарамай шунчалик тез ўтишадики, худди ер қимирлагандай бўлади. Яқинда ер қимирлабди. Биз сезмадик, катта машина ўтяпти деб ўрганиб қолганмиз. Болаларимиз жуда қийналишяпти, мактабга боргунча орқаларигача лой бўлиб кетади», дейди Мадина Ўрозова.

Сергели туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отамирза Рустамов бу мурожаат мазмуни билан танишлиги, бу кўчадаги лой марказий кўчаларга ҳам чиқаётганини таъкидлаб, масъул шахслар билан боғланишини маълум қилди. Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳам бу ердан чиқаётган майда тош ва лойни бир кунда уч марталаб супуришаётган экан.

Отамирза Рустамов

Дарҳақиқат, маҳаллага ёндош ҳудудда Тошкент кичик ҳалқа йўли ва Қипчоқ кўчасини боғловчи кўприк қурилиши бошлаб юборилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 июндаги 313-сонли қарори асосида қурилаётган мазкур қурилиш объекти «GRAND ROAD TASHKENT» МЧЖ томонидан олиб борилмоқда. Пойтахт кўчаларида тирбандликни камайтириш, аҳолининг узоғини яқин қилиш мақсадида қилинаётган бунёдкорлик ишлари таҳсинга сазовор. Аммо бу аҳоли тинчини бузиш, зарар етказиш эвазига бўлмаслиги керак.

Интернетдаги очиқ маълумотларга кўра кўприк қурилишини ўз зиммасига олган «GRAND ROAD TASHKENT» масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги улушининг 37,30 фоизи Тошкент шаҳар ҳокимлигига, қолган 62,70 фоиз улуш эса GRANDWAY IN компаниясига тегишли. Фирманинг устав фонди миқдори 172 млрд 783 млн сўмдан ошиқ, амалга оширадиган фаолият тури – муҳандислик иншоотларини қуриш ҳисобланади.

Биз ушбу қурилиш ташкилоти масъуллари билан ҳам боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо улардан интервью олишнинг имкони бўлмади. Мақолани ёзиб тугатиш арафасида ушбу ташкилот ҳуқуқшуноси Машрабжон Юсупов таҳририят билан телефон орқали боғланиб, маҳалла аҳли билан гаплашишларини ва уларни норози қилмасликларини, кўчани тозалаш ишлари мунтазам йўлга қўйилишини айтди. Бундан ташқари, агар маҳалла аҳли расмий равишда мурожаат қилишса, асфальт ва сув қувурлари масаласида етказилган моддий зарарни ҳам тўлашлари мумкинлигини билдириб ўтди.

Айтилган гаплар амалда бажарилишига умид билдирамиз.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид