Ўзбекистон | 19:02 / 08.01.2021
12269
2 дақиқада ўқилади

Коррупция ҳақида хабар берганларни рағбатлантириш учун йилига 500 млн сўмгача маблағ ажратилиши кутилмоқда

БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг 37-моддасида коррупция билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш чораларини кўриш белгиланган. Шунингдек, бу борадаги хорижий тажрибани ўрганган ҳолда Ўзбекистонда ҳам бундай амалиётни жорий этиш бошланмоқда.

Фото: Dreamstime

7 январ куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқлангани маълум қилинди.

Шунингдек, агентлик масъул ходими Ўткирбек Намозбоев бирор шахсни обрўсизлантириш ёки шахсий ғараз мақсадларида коррупция ҳақида ёлғон маълумот берганлар жазоланишини маълум қилди.

«Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги низомдан келиб чиқадиган бўлсак, унда ошкоралик, қонунийлик, адолатлилик ва фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликларини кафолатлаш принципларига амал қилинади. Берилган хабар ёлғон эканлиги тасдиқланадиган бўлса, маъмурий ва жиноий кодексларда туҳмат билан боғлиқ бўлган жавобгарликлар назарда тутилган.

Хабар тасдиқланмаса, бевосита хабар берган шахсни жавобгарликка тортиш масаласи кўтарилади. Қонун устувор, биз қонундан ташқарига чиқа олмаймиз», дея агентлик масъулининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу тартибга кўра, фуқаролар ва давлат хизматчилари бирор соҳада тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида тегишли органларга хабар беришлари мумкин. Рағбатлантириш учун пул мукофоти миқдори коррупцияга оид ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилигидан келиб чиқиб белгиланган.

Дастлабки таҳлилларга кўра, қарор ижроси учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча ўрта ҳисобда 300-500 млн сўм маблағлар талаб этилади.

Мавзуга оид