Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманганда тўла қуриб битказилмаган пиёдалар кўприги қулади
Наманган шаҳрида қурилиши бир ой олдин бошланган пиёдалар кўприги синиб тушди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. Маълум бўлишича, кўприкни маҳаллий тадбиркор марҳум отасининг васиятига биноан қураётган бўлган.
Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги Ўн бир Аҳмад зиёратгоҳини туризм объектига айлантириш мақсадида 2020 йил декабрида Шимолий Фарғона канали устида пиёдалар кўприги қурила бошланган эди.
37 метрлик кўприк қурилиш ишлари охирига етмасдан, 8 январ куни ўртасидан бўлиниб, сувга қулаган.

«Наманган кўприклардан фойдаланиш» УК раҳбари Санжарбек Шодмоновнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, қулаб тушган кўприк зиёратгоҳ учун тадбиркор томонидан, ҳомийлик асосида қурилган.
«Кўпригимиз Ўн бир Аҳмад зиёратгоҳини ободонлаштириш жараёнида маҳаллий тадбиркоримиз томонидан, ҳомийлик ёрдами сифатида, аҳолининг узоғини яқин қилиш мақсадида қурилаётган эди. Ҳеч қандай давлат бюджети маблағи сарфланмаган», – деди у.
Наманган вилоят ҳокимлиги берган маълумотга кўра, кўприкни тадбиркор Маъруфхон Ҳожихонов яқинда 90 ёшида қазо қилган отасининг васиятини рўёбга чиқариш учун қурган.
«Дадамнинг васиятларига кўра, Ўн бир Аҳмад зиёратгоҳига келадиганлар қийналмаслиги учун шу ишга қўл ургандим. Кўприк тайёр бўлганидан кейин шу атрофдаги автотураргоҳда бир ҳафта 5 тоннадан ошиқ юк қўйилган ҳолатда турди, қилт этмади. Кейин жойида синаб кўрдик. Ҳаво ҳарорати пасайиб, каналдаги сув оқими кўпайгани сабабли ҳали ишимиз охирига етмаган эди», – дейди Маъруфхон Ҳожихонов.
Тадбиркорнинг айтишича, кўприкнинг монтаж ишлари тўлиқ якунланмаган, икки томонига яна трос ва темир ўрнатилади.

«Наманган кўприклардан фойдаланиш» УК раҳбари Санжарбек Шодмонов берган маълумотга кўра, зиёратгоҳ автотураргоҳини асфальтлаш учун 970 миллион сўм, унга бориш йўлларини асфальтлаш учун 1,2 миллиард сўм атрофида маблағ режалаштирилган.


Мавзуга оид
22:51 / 27.05.2025
Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
01:49 / 27.05.2025
Наманганда дарахтга урилган Nexia-3 ёниб кетди. Ҳайдовчи ҳалок бўлди
23:54 / 26.05.2025
Наманганда «Сўнгги қўнғироқ» вақтида қизларнинг сочи ёниб кетди
17:17 / 22.05.2025