Ўзбекистон | 12:23 / 09.01.2021
12724
4 дақиқада ўқилади

Совуқда саргардон олмазорликлар: кўп қаватли уйлар қачон исийди?

Олмазор тумани Бешқўрғон 4-мавзедаги кўп қаватли уйларда 2020 йил 20 ноябрдан буён иситиш батареялари ишламаяпти, у ерда яшовчи аҳоли совуқдан ҳамон азият чекмоқда.

Фото: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабарига кўра, чорасиз қолган аҳоли кўплаб ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

«Уйларимиз ўта совуқ. Хавфли бўлса-да, газ ёқяпмиз. Кондиционер, электрли иситиш мосламаларидан фойдаланяпмиз. Болалар жуда совқотишяпти. Уларнинг устидан қават-қават кўрпачалар ўраймиз. Иссиқлик ҳам, иссиқ сув ҳам норма бўйича берилмаяпти. Бу йил жуда қийналиб кетдик, азобда қолдик. Совуқда ўтирибмиз, уйимизнинг 4 та хонаси музлаб ётибди», – дейди аҳоли вакиллари.

Маълум қилинишича, муаммони ҳал қилиш мақсадида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ишчи гуруҳи Олмазор тумани иссиқлик таъминоти идораси ходимлари ҳамда ушбу кўп қаватли уйларга бириктирилган «Obod Olmazor ta’mirlash» масъулияти чекланган жамияти бошқарув компанияси вакиллари билан муҳокама ўтказган.

Олмазор тумани иссиқлик таъминоти инспектори Дилшод Абдураҳмонов ушбу ҳолат юзасидан қуйидагича изоҳ берган.

«Ҳозир бу ердаги муаммо босим етиб келмаслиги билан боғлиқ. Босимнинг меъёрдан паст келаётгани учун кўпгина уйлар исимаяпти. Бугунги кунда шунга чора қилиб бошқа жойдан трасса тортяпмиз. Бир ҳафта-ўн кун ичида муаммо ҳал этилади. Ҳозирда бу борада етарли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқароларга етарли даражада иссиқлик таъминоти етказиб берилмаган давр учун амалга оширилган тўловларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш юзасидан «Тошиссиққуввати» ДУКга керакли ҳужжатлар тақдим этилди», – деган ташкилот масъули.

Таъкидланишича, хонадонларда радиаторларнинг совуқ бўлишига бутун уйнинг иситиш тизимида циркуляция етишмаслиги сабаб бўлган.

Агентликнинг «Тошиссиққуввати» ДУКга юқоридаги кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув ва иссиқлик тизимида вужудга келган муаммоларини бартараф этиш чораларини кўриш, истеъмолчилар томонидан етарли даражада иссиқлик таъминоти етказиб берилмаган давр учун амалга оширилган тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатма хати юборилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги етакчи бош мутахассиси Шарофиддин Қаҳҳоров мазкур вазиятдаги қонуний асосга тўхталиб ўтган.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларининг 75-бандида етказиб берувчининг:

  • иссиқлик таъминоти шартномасида назарда тутилган ҳажмда, иссиқлик энергиясининг уланган тармоқ орқали узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш ва томонлар билан келишилган режимга риоя этиш;
  • иссиқлик энергиясини стандартлаштириш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ сифат билан етказиб бериш;
  • иссиқлик таъминоти шартномасига мувофиқ иссиқлик тармоқларининг баланс мансублилиги ажралиши чегарасида иссиқлик манбаи (иссиқ сув) параметрларини сақлашдан иборат мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддасига асосан, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт», – деган агентлик мутахассиси.

Маълум қилинишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги масъул ташкилот вакиллари билан тузилган далолатномага кўра, 20 ноябрдан бошлаб ушбу муаммо бартараф этилгунича аҳоли иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ тўламайдиган бўлди.

Мавзуга оид