Ўзбекистон | 15:57 / 10.01.2021
20600
3 дақиқада ўқилади

«Биттагина хонани исита оляпмиз» — қишлоқ аёли ҳаётидан лавҳалар

Хива тумани Саёт қишлоғидаги Нажмиддин Кубро маҳалласи табиий газ тармоғидан узилганига 10 йилдан ошган. Маҳалладаги намунавий лойиҳа асосида қурилган уйларда ҳам табиий газ йўқ. Одамлар ҳар йили газ тармоғига уланишдан умидвор бўлишади, аммо самарасиз.

Kun.uz «Қишлоқда бир кун» рукнида Саёт қишлоғидаги оилалардан бирининг турмуши ҳақида ҳикоя қилади.

Нажмиддин Кубро маҳалласи табиий газ тармоғидан узилган, одамлар рўзғорда суюлтирилган газдан фойдаланишмоқда. Уйни иситиш учун эса кўмир, ўтин ва таппи ёқиляпти.

Кўплаб оилаларда асосан бир хона иситилиб, оиланинг барча аъзолари шу хонада ухлашади.

Хурсанд Мадаминов ва Насиба Хўжаева оиласи 6 йилдан бери шу маҳаллада истиқомат қилади. Уларнинг 4 фарзанди бор.

Насиба Хўжаеванинг айтишича, суюлтирилган газ тўлдирилган баллон 30 кунда бир марта берилади, лекин у 1 ойга етмайди. Газ тугагач, ўчоқда овқат қилинади.

Маҳаллада ичимлик суви тармоғи ҳам йўқ. Одамлар ер остининг истеъмолга яроқсиз, сифатсиз сувидан фойдаланишга мажбур.

Оиланинг даромади жуда кам. Хурсанд Мадаминов кўзи ожиз; 526 минг сўм нафақа олади. Насиба Хўжаева 180 минг сўм миқдорида 14 ёшгача болалари бор оилаларга бериладиган нафақа пули оляпти. Кичкина боласи борлиги сабабли ишлай олмайди.

Оиланинг кичик томорқаси бор. У ерда 25–30 туп олча экилган. Ёзда меваларини сотиб, рўзғорга пул қилишади.

Хива тумани ҳокимлиги берган маълумотга кўра, Нажмиддин Кубро маҳалласи Вазирлар Маҳкамасининг «Хоразм вилояти истеъмолчиларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 193-сонли қарорига асосан, табиий газ тармоғидан ажратилган.

«Маҳалла белгиланган режа-график асосида суюлтирилган газ баллон билан узлуксиз таъминланмоқда», – дейилади ҳокимлик ахборотида.

«Хоразм сув таъминоти» Хива туман бўлими маълумотига кўра, Хоразм вилояти аҳолисини ичимлик суви ва оқова сув хизматларини яхшилаш бўйича 2021–2023 йиллар учун «йўл харитаси» тузилган бўлиб, 2021 йилнинг 2-чорагида Нажмиддин Кубро маҳалласига ичимлик суви тармоғини тортиш бошланади.

Маҳалла аҳли энг оддий маиший қулайликлардан яна бири – табиий газ тармоғига улаб беришларини ҳам илтимос қилмоқда.

Мавзуга оид