Ўзбекистон | 09:24 / 13.01.2021
15953
5 дақиқада ўқилади

Пандемия Ўзбекистон автомобил ва ипотека бозорига қандай таъсир қилди?

2020 йилда бошланган пандемия туфайли Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида талаб яна ўзининг узоқ муддатли трендига қайтди, автомобил савдоси эса 2,5 фоизга камайди.

2020 йилда пандемия жаҳон миқёсида кўчмас мулк ва автомобил бозорларига сезиларли таъсир кўрсатди, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказий илмий ходими Ҳалиллулоҳ Ҳамидов коронаинқирознинг Ўзбекистон автомобил ва ипотека бозорларига таъсирини ўрганди.

Таҳлилларга кўра, коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ карантин чекловлари жорий этилгунга қадар, республикa кўчмас мулк бозорида талаб ҳар ойда ўртача 6-7 фоизга ошиб борган. Тошкент шаҳри ва вилоятидаги кўчмас мулк бозорларидаги савдолар умумий бозор ҳажмининг 40-45 фоизини ташкил этган.

«Апрел ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб локдаун (қатъий карантин) жорий қилинди, бу эса кўчмас мулкка бўлган талабнинг 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 87,1 фоиз (Тошкент шаҳрида 94,2 фоиз ва Тошкент вилоятида 89,8 фоиз)га камайишига олиб келди. Май ва июн ойларида республика бўйича кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони мос равишда 25,9 фоиз ва 135,2 фоизга юқорилаб кетди. Қисқа вақт ичида савдо операцияларининг сезиларли даражада ўсиб кетиши бир томондан, доимий рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилиши, иккинчи томондан, май ойидан бошлаб карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилиши билан изоҳланади», – дея таъкидланган Ҳамидов тайёрлаган ҳисоботда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 22 апрелдаги «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонининг қабул қилиниши билан май ойида, 2019 йилда тегишли даврга нисбатан, кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонининг ўсиши Тошкент шаҳрида 148,7 фоизга, Тошкент вилоятида 26,5 фоизга етди, июн ойида ушбу кўрсаткич мос равишда 257,5 фоиз ва 190,7 фоизни ташкил этди. Шуниси қизиқарлики, айнан шу даврда кўчмас мулк савдосининг ўсиши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги уйларнинг нархларига деярли таъсир қилмади. Бу, асосан, илгари бошқа шахслар номига расмийлаштирилган уйларнинг ҳақиқий эгалари номига ўтказилиши билан изоҳланади.

2020 йилнинг сентябрига келиб, кўчмас мулк бозорида талаб яна ўзининг узоқ муддатли трендига қайтди. Хусусан, сентябр ойида кўчмас мулк олди-сотдилари сони ўтган ойга нисбатан 24,2 фоизга (2019 йилнинг мос даврига нисбатан 41,7 фоизга), октябр ойида – 1,7 фоизга (24,8 фоизга), ноябр ойида – 0,5 фоизга (22,9 фоизга) ва декабр ойида – 20,9 фоизга (17,1 фоизга) ошди.

Автомобил бозорида эса пасайиш кузатилди

Март, апрел ва июл ойларида автомобил савдосининг кескин пасайиши ҳисобига 2020 йилда автомобил савдоси ҳажми 2019 йилга нисбатан 2,5 фоизга камайди.

Одатда, республикада бирламчи ва иккиламчи бозорларда автомобил савдосининг ойлик ўсиши ўртача 2-3 фоизни ташкил этади. 2020 йилнинг март ойи ўрталаридан қатъий карантин тадбирларининг жорий этилиши натижасида март ойида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 фоизга (ўтган ойга нисбатан 34,6 фоизга), апрел ойида эса 73,8 фоизга (63,1 фоизга) камайди.

Май ойидан бошлаб автомобил бозоридаги вазият яна тиклана бошлади. Хусусан, июн ойида автомобил савдоси 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 фоизга ошди. Лекин 10 июлдан 15 августгача карантин тадбирларининг қайта жорий этилиши натижасида июл ойида автомобил бозоридаги фаолият май-июн ойларига нисбатан бироз секинлашди. Хусусан, мазкур ойда рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг июл ойига нисбатан 20,2 фоизга камайди. Шундай бўлса-да, август ойида автомобил савдоси ҳажми 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 фоиз ўсди (ўтган ойга нисбатан 54,3 фоиз).

Сентябр-октябр ойларида ҳам автомобил бозорида талаб ўсишда давом этди. Сентябр ойидаги савдолар олдинги ойга нисбатан 0,5 фоизга (2019 йил сентябр ойи билан таққослаганда 29,5 фоиз) ошди. Октябр ойида ўсиш суръати сентябр ойига нисбатан 2 фоиз (2019 йил октябр ойига нисбатан 19,2 фоиз) ташкил этди. Ноябр-декабр ойларида бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан бироз (мос равишда 1,7 фоиз ва 1,9 фоизга) пасайди. Бироқ 2019 йилнинг тегишли даври билан таққослаганда савдолар ҳажми ноябр ойида 9 фоизга ва декабр ойида 10 фоизга ошди.

Умуман олганда, 2020 йилда автомобил савдоси ҳажми 2019 йилга нисбатан 2,5 фоизга камайди. Бу март, апрел ва июл ойларида автомобил савдосининг кескин пасайиши билан изоҳланади. Шунга қарамасдан, 2020 йил август ойига келиб, автомобил бозорларидаги вазият ўзининг узоқ муддатли трендига қайтгани аҳоли талабининг тикланиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Мавзуга оид