Жаҳон | 09:02 / 14.01.2021
27172
3 дақиқада ўқилади

Тарихда биринчи марта: АҚШ вакиллар палатаси Трампга иккинчи марта импичмент эълон қилди 

Фото: EPA

АҚШ конгресси вакиллар палатасининг аксарият аъзолари АҚШ президенти Доналд Трампга импичмент эълон қилиш ҳақидаги резолюцияни маъқуллади. Эътиборлиси, конгресснинг қуйи палатаси АҚШ тарихида биринчи марта амалдаги президентга иккинчи марта импичмент эълон қилмоқда.

Эндиликда ҳужжат конгресснинг юқори палатаси – сенатга кўриб чиқиш учун ўтади.   

Ўз лавозимидан кетишига бир ҳафта қолган амалдаги президентга импичмент эълон қилиш учун 232 конгрессмен, жумладан 10 республикачи овоз берди, 197 нафари қарши чиқди.     

Резолюцияда Трамп ўтган ҳафта Капитолийда юз берган тартибсизликлар ортида исёнга чақиришда айбланган.

Ҳужжат сенатга топширилгач, у ерда суд жараёни бошланади. Бироқ сенатда кўпчиликни Трампнинг партиядошлари ташкил қилади ва у ерда резолюция ёки рад этилиши, ёки кўриб чиқилиши кейинги президент келгунича чўзилиши мумкин. Сенатдаги кўпчилик етакчиси, республикачи Митч Макконелл импичмент масаласини кўриб чиқиш учун шошилинч йиғилиш чақиртирмаслигини айтган. Сенатнинг режа бўйича навбатдаги йиғилиши 19 январга, сайланган президент Жо Байденнинг инаугурацияси эса 20 январга белгиланган.  

АҚШ ОАВда таъкидланишича, ушбу масала тезкор шаклда кўриб чиқилишига қарамай, сенаторлар уни Байденнинг инаугурациясигача кўриб чиқишга улгуришлари даргумон.

Бироқ сенат импичмент бўйича суд жараёнидан фойдаланиб, Трампни яна президент лавозимига ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқидан маҳрум этиш бўйича овоз бериш ўтказиши мумкин.

6 январда Трамп тарафдорлари Вашингтондаги Капитолий биносига бостириб кириб, у ерда тартибсизликлар уюштирганди. Ўша вақтда конгресс биносида Байденнинг ғалабаси билан якунланган президент сайловлари натижаларини тасдиқлаш бўйича йиғилиш ўтаётган бўлган. Юз берган воқеалар натижасида йиғилиш тўхтатилиб, конгрессменларнинг бир қисми эвакуация қилинганди.

Ўша куни бу воқеалардан аввалроқ Трамп Вашингтонда тарафдорлари билан учрашиб, унда тўпланганларни Капитолийга келиб, қонун чиқарувчиларни “ўғирланган сайловлар” бўйича ўз норозиликларини билдиришга чақирган. 

Капитолийда тартибни тиклашга муваффақ бўлгач, конгресс ўз ишини давом эттириб, Байденнинг ғалабасини тасдиқлаган. 

Эътиборлиси, Трамп вакиллар палатаси иккинчи марта импичмент эълон қилган АҚШ тарихидаги биринчи президент бўлди. Амалдаги президентга биринчи импичмент 2019 йил декабрида эълон қилинганди. Ўшанда конгрессменлар Трампни ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва конгресс ўтказган терговга тўсқинлик қилишда айблашган. Бироқ сенат импичментга қарши овоз берган.

Ўшанда импичмент эълон қилинишига Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон суҳбати асос бўлган. Суҳбат давомида АҚШ президенти украиналик ҳамкасбидан Жо Байден ва унинг ўғли Хантерга қарши тергов бошлашни талаб қилган. ОАВ маълумотларига кўра, Зеленский рад жавобини берса, Трамп Киевга ҳарбий ёрдамни тўхтатиш билан пўписа қилган. 

Мавзуга оид