Жаҳон | 00:07 / 16.01.2021
16548
2 дақиқада ўқилади

Макрон Эрдўғанга ярашишни таклиф қилди - Анқара 

Франция президенти Эммануэл Макрон туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғанга Париж ва Анқара ўртасидаги муносабатларни яхшилаш таклифи билан мактуб жўнатди. Эрдўған Макроннинг ушбу мактубига ижобий муносабат билдирди.

Фото: Getty Images

“Икки кун аввал биз Макрондан ижобий мактуб олдик. Унда Макрон муносабатларни ривожлантириш, президентимиз билан учрашиш истагини билдирган. У ҳаттоки ўз қўли билан туркчада “Қадрдон Тоййиб” деб ёзипти”, деб маълум қилган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу. 

“Президентимиз мамнуният билан учрашишини айтди. Гап, авваламбор, видеоанжуман ва телефон суҳбатлари ҳақида бормоқда”, деб қўшимча қилган вазир. 

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар 2020 йил кузида Францияда содир бўлган воқеалардан кейин таранглашганди. Франциялик тарих ўқитувчиси Самюэл Пати ўз дарсларида ўқувчиларига Муҳаммад алайҳиссалом карикатураларини намойиш қилгандан кейин Париж яқинида чечен муҳожири томонидан ўлдирилганди. 

Ўшанда Франция ҳукумати ушбу ҳужумни “исломчиларга хос терактлар” деб баҳолаган. Макрон эса Францияда масжидлар молиялаштирилиши ортидан назоратни кучайтиришни таклиф қилган ва мамлакатда бундай турдаги карикатуралар тақиқланмаслигини айтган. Бу эса баъзи мусулмон давлатлари, жумладан Туркия ғазабига сабаб бўлган.   

Ўз навбатида, Эрдўған Макроннинг сўзларидан кейин ўз давлати фуқароларини француз товарларига бойкот эълон қилишга чақирган ва француз ҳамкасбига “ўз психикасини даволаши кераклигини” айтган. Шундан кейин Париж Анқарадан ўз элчисини чақиртириб олган.

Мавзуга оид