Фан-техника | 22:00 / 18.01.2021
18260
5 дақиқада ўқилади

Telegram'ни App Store'дан ўчиртиришмоқчи. Нега?

АҚШда фаолият юритувчи нотижорат ташкилот – «Хавфсиз интернет коалицияси» Apple компаниясидан Telegram мессенжерини App Store'дан ўчириб ташлашни талаб қилмоқда.

Фото: Carl Court / Getty Images

«Хавфсиз интернет коалицияси» бу масалада судга мурожаат қилган.

Интернет хавфсизлигини таъминлаш иддаосидаги ташкилот Telegram'ни зўравонлик ва экстремизм тарғиб қилинадиган постларга қарши курашмасликда айблаган.

Уларнинг эътирозига кўра, 6 январдаги Капитолий босқинида Telegram асосий мулоқот воситаларидан бири бўлган. Судга киритилган хатда айтишича, бу – Apple'нинг онлайн дўкони бўлмиш App Store'дан фойдаланиш қоидаларига зид.

Коалиция шу сабаб Telegram'ни App Store'дан ўчириб ташлашни талаб қилмоқда. Хавфсиз интернет тарғиботчилари Telegram'ни [Google Play'дан] ўчириш даъвоси билан Google'га ҳам мурожаат қилмоқчи.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Android фойдаланувчилари иловани Google Play'дан ташқари бошқа манбалардан ҳам юклаб олишлари мумкин. Аммо iOs фойдаланувчилари учун ҳар қандай иловани юклаб олишнинг ягона йўли – App Store.

Олдинроқ App Store ҳам, Play Market ҳам Parler ижтимоий тармоғининг мобил иловасини ўчириб ташлаганди. Ҳар икки интернет дўкон илова ўчирилишига унда тажовузкорлик тарғиб қилинганини иддао қилганди. Шунингдек, Капитолий босқинида қатнашганлар айнан Parler сайтида мулоқот қилгани айтилганди.

Кўп ўтмай WhatsApp билан боғлиқ можаро бошланди. Facebook'га тегишли бўлган мессенжер эндиликда фойдаланувчиларнинг маълумотларини Facebook'га етказиб боришини маълум қилди. Бу баёнот эса WhatsApp'нинг тўғридан тўғри рақобатчиси – Telegram фойдаланувчилари сони кўпайишига олиб келди.

12 январ куни Telegram асосчиси Павел Дуров охирги уч кунда фойдаланувчилари сони 25 миллионга кўпайганини маълум қилди. Шу тариқа Telegram'дан эндиликда 500 миллиондан ортиқ киши фаол фойдаланмоқда.

АҚШда хавфсиз интернет даъвосидаги бир гуруҳ одамларнинг ўзига хос коалицияси Telegram'ни чеклаш борасида талаб билан чиқиши табиийки бир хулосага келишга ундайди: буни Facebook ташкил қиляптими?

Чунки Америка миллий брендига айланиб бўлган Facebook'га тегишли WhatsApp одамлар орасида хавфсиз эмаслиги айтилиб, обрўсини бирмунча йўқотди. Буни Telegram фойдаланувчилари сезиларли ошиб бораётганидан ҳам билса бўлади.

WhatsApp'нинг бу сиёсати бевосита Facebook'нинг ҳам обрўсизланишига олиб келди. Facebook сиртдан рақиб деб қарайдиган россиялик Павел Дуровнинг шундоқ ҳам баланд обрўси техника шайдолари орасида мисли кўрилмаган даражада ошиб кетди. Ахир у навбатдаги марта ҳеч кимга ишламаслигини исботлай олди.

WhatsApp'нинг янги сиёсати сабаб Telegram фойдаланувчилари кескин ошганини «уялмай» айтаётган Дуров бу ҳақдаги баёнотида Facebook'нинг манзилига ҳам икки оғиз «ширин сўз» айтишга улгурди.

«Айтишларича, Facebook'дагилар Telegram нега бунчалик машҳур эканини аниқлаш мақсадида бутун бошли гуруҳ тузган. Мен ҳозир айтадиганларим билан уларнинг ўн миллионлаб пулларини тежаб қолаётганимдан хурсандман. Бизнинг сиримиз қуйидагича – шунчаки ўз фойдаланувчиларингизни ҳурмат қилинг».

Дуров, шунингдек, Telegram ҳақидаги учта афсонага ҳам ойдинлик киритди. Тармоқда «Telegram ёпиқ код билан ишлайди», «Telegram русларники», «Telegram шифрланмаган» деган гаплар юради. Дуровнинг айтишича, мессенжер 2013 йилдан буён очиқ код билан ишлаб келади. Мессенжер шифрланмаган деган танқидга жавоб берар экан, Дуров ёпиқ чатлар учун сирпанчиқ шифрлар ишлатилишини айтди. «Telegram русларники» деган даъвога эса Дуров Россия 2018–20 йиллар давомида Telegram'ни блоклашга уринганини айтди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, америкалик технология соҳаси гигантлари Telegram'нинг бу қадар тез оммалашаётганидан ҳайратга тушмаяпти, балки бундан хавотирланяпти. Бутун бошли давлат раҳбарлари ўзлари ҳақидаги асосий хабарларни Telegram орқали бериб бораётган бир вақтда (бу рўйхатга яқинда Яқин Шарқнинг йирик сиёсатчиси Ражаб Эрдўған ҳам қўшилди) ижтимоий тармоқлар давлат раҳбарларини блокламоқда. Бу эса уларнинг обрўсига салбий таъсир қилмоқда.

«Хавфсиз интернет коалицияси» вакиллари Капитолий босқини вақтида асосий мулоқот воситаси бўлгани айтилган Parler блоклангани, лекин худди шу ишни қилган Telegram нега жазоланмаётганини сўрашган.

Таъкидлаш ўринлики, Parler'да ҳатто сўровномалар ўтказилиб, уларда аввал қайси демократни ўлдириш ҳақида сўралган. Шунингдек, Капитолийни ёқиб юбориш ҳам очиқ муҳокама қилинган.

Telegram'да эса зўравонлик тарғиб қилинган каналларни блоклаш функцияси аввалдан мавжуд. Капитолий босқини вақтида ҳам мессенжер жим турмагани айтилади. Масалан, қисқа муддатда 500 минг ўқувчига эга Трампга тегишлилиги айтилган канал Telegram томонидан сохта экани каналнинг «пешонасига ёзиб қўйилди».

Мавзуга оид