Ўзбекистон | 16:15 / 19.01.2021
28955
2 дақиқада ўқилади

Жиззах шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Мирзачўл туманининг собиқ ҳокими Комил Холмуродов Жиззах шаҳрининг янги ҳокими этиб тайинланди.

19 январ куни Жиззах вилояти Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтиб, унда президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев ва вилоят ҳокими Эргаш Солиев иштирок этди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилишича, сессия кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими сўзга чиқиб, Жиззах шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Акбар Сафарович Шукуров бошқа лавозимга ўтгани муносабати билан Жиззах шаҳар ҳокими лавозимига Комил Адҳамович Холмуродов номзодини тавсия этган ва депутатлар ушбу таклифни маъқуллашган.

Комил Холмуродов

Акбар Шукуров 2018 йил апрелидан буён Жиззах шаҳрини бошқариб келаётганди. У 2011-2017 йиллар Самарқанд шаҳри ҳокими, 2017-2018 йилларда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси биринчи ўринбосари лавозимларида ҳам ишлаган. Ҳозирча унинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот йўқ.

Акбар Шукуров

Комил Холмуродов муқаддам Жиззах вилояти прокурори ўринбосари лавозимида ишлаган, 2018 йил ноябрида Мирзачўл туманига ҳоким этиб тайинланганди. Бугун у туман ҳокимлигидан озод этилиб, унинг ўрнига Шерзод Аҳмедов тайинланди.

Бундан ташқари, вилоятнинг Зафаробод ва Фориш туманларида ҳам раҳбарлар ўзгарган, шунингдек, Янгиобод туманига ҳам янги ҳоким тайинланиши кутилмоқда.
 

Мавзуга оид