Жамият | 13:53 / 19.01.2021
12066
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги энг намунали 50та маҳалла раисига «Спарк» совға қилинади

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг ҳар бир депутатига 2 миллиард сўмдан, туман депутатларига 100 миллион сўмдан маблағ ажратилади. Тошкент шаҳрида 15 мингта кичик тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинади. Иқтидорли мактаб ўқувчилари учун ҳоким стипендияси жорий қилинади.

19 январ куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 31- сессиясида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев келаётган йил учун молиявий режаларни эълон қилди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, Тошкент шаҳар ҳокими сайловчилар томонидан кўтарилган муаммоларни бартараф этиш мақсадида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг ҳар бир депутатига шаҳар бюджетидан 2 миллиард сўмдан, жами 60 нафар депутатга 120 миллиард сўм маблағ ажратилиши, шунингдек, туман кенгаши депутатларига ўзи сайланган округдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида 100 миллион сўмдан маблағ ажратилиши ҳақида маълум қилган.

Бундан ташқари, сайёр қабул давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир сектор раҳбарига 5 миллиард сўм, Тошкент шаҳар Миллий гвардия бошқармаси бошлиғига жойларда аҳоли ва ёшлар билан ўтказиладиган тадбирларни ташкил қилиш мақсадида 2 миллиард сўм маблағ ажратилиши айтилган.

Шунингдек, жорий йил учун режалаштирилган иқтисодий-ижтимоий дастурда Тошкент шаҳрида мактаб, боғча ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун қўшимча 80 миллиард сўм марказлашган маблағ ажратиш кўзда тутилгани маълум қилинган.

Тошкент шаҳридаги 519та МФЙ раисининг ҳар бирига маҳаллалардаги ижтимоий муаммоларни бартараф этиш учун 50 миллион сўмдан жами 26 миллиард сўм ажратилиши ҳамда Мустақиллик байрами арафасида энг намунали деб топилган 50та МФЙ раисига «Спарк» автомашинаси совға сифатида берилиши режалаштирилгани таъкидланган.

«Жорий йил давомида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишлари доирасида 15 мингта кичик тадбиркорлик субъектлари ташкил қиламиз ва 56 мингта доимий иш ўринлари яратамиз», – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Қолаверса, 83 миллиард сўм маблағ эвазига 14та давлат-хусусий шериклик асосида, шунингдек, 35та оилавий кўринишдаги янги нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил қилиниб, мактабгача таълим муассасаларининг қамрови 91,5 фоиздан 100 фоизга етказилиши айтилган.

Йил давомида 14та ихтисослашган мактаблар ташкил қилиниши ва иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳоким стипендияси жорий қилиниши режалаштирилган.

Аввалроқ, Сенатнинг 11-ялпи мажлисида Тошкент шаҳри ҳокими шаҳарсозлик соҳасида пойтахтда юзага келаётган муаммолар ҳақида гапирганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид