Жамият | 09:20 / 21.01.2021
12282
6 дақиқада ўқилади

«Ифлос ҳаводан бўғиляпмиз» - Мирзачўлдаги маҳалла корхона қурилишига қарши, ҳокимлик тегишли бошқармалар хулосасини инобатга олмаяпти

Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани «Ипак йўли» маҳалласида яшовчи фуқароларни бир неча ой давомида безовта қилаётган ҳолат: аҳоли яшаш пунктига яқин ҳудудда кимёвий ўғит ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона фаолият бошлаган.

«Ипак йўли» саноатлашмаган маҳаллалардан бири ҳисобланади. Очиғи, чекка-чекка қишлоқларда корхоналар пайдо бўлиши табиий тарзда иш ўринлари кўпайишига хизмат қилади ва одатда маҳаллий аҳоли бундай ташаббусларга хайрихоҳ бўлади. Негадир «Ипак йўли» маҳалласи аҳлини мазкур корхонанинг ишга туширилиши бутунлай норози қилган кўринади.

Халқ депутатлари Мирзачўл туман кенгаши депутати Заҳриддин Усмоновнинг айтишича, маҳалланинг бошланиш қисмида кимёвий ўғит ишлаб чиқариш корхонаси қурилгач, ҳудудда яшаётган аҳолидан эътирозлар кўпайган. У халқ вакили сифатида бевосита ўзи, қолаверса, фуқаролар номидан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаларига мурожаат қилинганини айтмоқда. Аммо ҳозирча муаммо бартараф этилмаган.

Kun.uz мухбирлари фосфорли ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Зилол булоқ» масъулияти чекланган жамиятига борди. Ўша вақтда корхона ишламаётганди. Корхона дарвозасини ҳеч ким очмагани сабабли МЧЖ масъуллари билан кўришишнинг имкони бўлмади.

Узоқ йиллардан бери шу маҳаллада яшаб келган Абдухолиқ Усмоновнинг айтишича, корхона ишга тушганидан буён ҳовлисида нафас олиш қийинлашган. Абдухолиқ аканинг ҳовлиси мазкур объектга анча яқин жойлашган. У корхона ишлаётган вақтда атрофни қора тутун ва қўланса ҳид тутиб кетишини қўшимча қилди.

«Яқинда ушбу корхона «шарофати билан» бизнинг маҳалламизга ҳам табиий газ келиши мумкинлиги ҳақида гапиришди. Очиғини айтаман, шу корхона ишлаб туриб, аҳолига газ беришадиган бўлса, бизга бундай газнинг кераги йўқлигини айтдик», дейди Абдухолиқ Усмонов.

Манзура Нурбоева ҳақиқий ҳолатни корхона ишлаб тургандагина ҳис қилиш мумкинлигини айтиб ўтди.

«Шу ердаги кўп қаватли уйларда турамиз. Корхона айниқса, карантин кучайган вақтларда тўхтовсиз ишлади. Эрта тонгдан шунақа ҳавода нафас олишга мажбур бўлдик. Натижада, аксариятимиз худди вирус юқтириб олгандай ҳолсизланиб қолдик. Коронавирус бўлдикми деб мутахассисларга кўринганимизда улар ҳам шу корхонадан тарқалаётган ҳаводан бўлиши мумкинлигини айтишди. Ҳозир ҳаво салқин бўлиб қолгани учун ачимсиқ ҳид камайди, аммо куннинг иссиғида чидаб туролмайсиз», дейди у.

«Атрофга тарқалаётган аччиқ ҳид эски касалликларни қўзғаяпти. Болаларимиз қийналяпти. Корхона раҳбарига шахсан бир неча марта эътирозимни билдирдим. Шу вақтгача трактор ҳидига чидаб юргандиларинг-ку, деяпти. Чунки унинг фарзандлари бу маҳаллада эмас, шаҳарда яшайди-да! Ичкарида ишчилар махсус ниқоб кийиб ишлашяпти. Биз эса тўғридан тўғри бу ифлос ҳаводан нафас олишга мажбур бўляпмиз», дейди Абдужаббор Мавлонов.

Мирзачўл тумани ҳокимлиги берган маълумотга кўра, «Зилол булоқ» масъулияти чекланган жамиятида келгусида суткасига 5 тонна кимёвий ўғит ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Лойиҳа қиймати 2,6 миллиард сўмни ташкил қилади. Корхонани ишга тушириш муддати 2020 йилнинг август ойи бўлгани кўрсатилган.

Туман ҳокими ўринбосари, инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Акрам Турсуновнинг айтишича, мазкур корхона ҳали тўла қувватда ишга туширилгани йўқ. Корхона учун туман марказидан табиий газ қувури тортиб келинаётган экан. Айни пайтда тўлиқ ишга тушмаган корхонада синов ишлари мазут, кўмир каби ёқилғилар билан синаб кўрилган. Кейинчалик объектнинг тепа қисми ёпилиб, хавфсизлик чораси кўрилар экан. Мутасадди айни вақтда мазкур кимёвий ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг фаолият кўрсатиш тартиби, аҳолига зарари мутахассислар томонидан ўрганилаётганини билдирди.

Ҳоким ўринбосари «Ипак йўли» маҳалласида ушбу корхонадан ташқари яна бир қатор лойиҳалар ҳам мўлжалланаётгани, келгусида маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш мақсад қилинганини айтмоқда. Бу яхши, албатта. Цех ва корхоналарнинг кўпайгани бу янги иш ўринлари, дегани. Аммо кимёвий ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг бу даражада аҳоли яшаш пунктига яқин жойда қурилгани одамни таажжубга солади. Ваҳоланки, ҳали у тўла қувватда ишламай туриб, одамларнинг эътироз ва норозилиги ортиб бормоқда.

Дарвоқе, Жиззах вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг фуқароларга берган жавоб хатида бу каби корхоналарнинг ҳимоя зонаси 1000 метрни ташкил этиши меъёрга тўғри келиши кўрсатилган. Бошқарманинг билдиришича, аҳоли яшаш пункти ва «Зилол булоқ» масъулияти чекланган жамиятининг орасидаги масофа 210-230 метрни ташкил қилади. Шунингдек, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳам корхонанинг фаолияти бўйича ижобий хулоса бермаган.

Қизиқ, Мирзачўл тумани ҳокимлиги мазкур объектга марказдан табиий газ тортиб келиб бериш ҳаракатига тушган. Аммо савол туғилади: ён атрофда яшаётган халқ норози, тизимга масъул иккита вилоят бошқармаси ижобий хулоса бермай турган бир вақтда, туман ҳокимлиги яна кимнинг хулосасини кутяпти?

Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Жаҳонгир АЛИБОЕВ.

Мавзуга оид