Икки синф учун бир доска ва қишдаги «ўтин солиғи» — Чортоқдаги мактаб филиаллари ҳақида
Наманган вилояти Чортоқ туманининг чекка ҳудудда жойлашган «Бештол» ва «Қумробод» маҳаллалари аҳолиси ҳудуддаги филиал мактабларда ўқувчилар сифатли билим олиши учун умуман шароит йўқлигини билдириб, мурожаат қилишган.
Бештолда Чортоқ тумани халқ таълими бўлимига қарашли 39-умумтаълим мактабининг Булоқбоши филиали фаолият юритади. Муассаса биноси ва ҳовлисини кўриб уни таълим даргоҳи дейишнинг ўзи қийин. Ёмғир ёғса ботқоққа айланадиган, қуёш чиқса чангийдиган ҳовли, асосий ва қўшимча бинолар эса кўринишидан омборхонага ўхшайди.
Қиз ва ўғил болалар учун биттагина шароити бўлмаган ҳожатхона. Ўқувчилар қўл ювиши учун сувнинг ўзи йўқ.
Филиалда иккита синфхона мавжуд. Хоналарнинг бирида умумлашган ҳолда 1 ва 3-синфлар, яна бирида эса 2 ва 4-синф ўқувчиларига дарс ўтилади. Бир синфхонада бир ўқитувчи бир вақтда бир доскани иккига бўлиб икки синфга дарс ўтиши биз учун кутилмаган ҳолат бўлди.
«Синфимизда 9та 2-синф ва 8та 4-синф ўқувчилари ўқийди. Комплект синф. Олдиндан шундай тартибда ўқитиб келганмиз. Мен ўзим ҳам ёшлигимда мана шу филиалда ўқиганман. 30 йилдан буён мана шу ҳолат. Лекин «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» шиори остида бўлаётган ўзгаришлар жараёнида турли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, туман ҳокими, вилоят ҳокими, ҳаттоки халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳам ташриф буюрди.
2021-2022 ўқув йилида янги мактабда ўқишни ният қиляпмиз. Биз ҳам яхши имкониятларда, яхши шароитларда, замонавий жиҳозланган, иситилган синфхоналарда ишлашни орзу қиляпмиз.
Бир хонада иккита синфга дарс бериш қанчалик қийинлиги ҳақида айтмасам ҳам бўлади. 2000 йилда ўқишни битириб келиб, 2004 йилда мана шу мактаб филиалида ўқитувчилик фаолиятимни бошлагандим. 16 йилдан бери шу ерда ишлайман. Ўқувчиларим мактабни битириб, олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. 1-курс талабалари, 2-3-курс талабалари орасида бизнинг собиқ ўқувчилар бор.
Ўқитувчиларни-ку, майли, қўяверинг, бечора болаларни кўриб раҳмим келади. Чунки булар ҳам Ўзбекистон болалари. Улар ҳам чиройли, замонавий типдаги мактабларда билим олиш ҳуқуқига эга», дейди синф раҳбари Гулнора Абдураззоқова.
Мактаб ўқитувчилари бўлган Бахтиёржон Аҳмедов ва Нилуфар Деҳқонбоева ҳам мактабда бирламчи шароитлар, иситиш тизими йўқлиги, филиалда бошланғич синфларни тугатган ўқувчилар катта қийинчиликлар билан 5 километр узоқликдаги 39-мактабга бориб ўқишини айтиб ўтишди.
Ўқитувчилар атрофдаги «Булоқбоши», «Қумриобод», «Ўрикзор» ва «Бойқишлоқ» маҳаллаларининг ҳар бирида 100дан зиёд хонадонлар борлиги, ҳудудга аллақачон янги мактаб қуриш зарурияти туғилганини билдиришди.
Қишлоқ улуғларидан Абдураззоқ Арслонбеков ва Буҳажал Мамаюнусова фарзандлари, набиралари ўқиётган мактабнинг аҳволи жуда ёмонлигидан арз қилишди. «Қиш фаслида ўқувчиларга «ўтин солиғи» солинади. Шунақа ҳам бўладими? Ахир бу давлат мактаби-ку?», дейди Абдураззоқ Арслонбеков.
Қумриободдаги филиалнинг аҳволи янада оғирроқ
«Бештол» маҳалласидаги мактабда бўлиб турганимизда қўшни «Қумриобод» маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари келиб қолишди. Улар ўз ҳудудларидаги мактаб-филиалнинг ҳолати бундан-да оғирлигини айтиб, у ерга боришимизни илтимос қилишди.
10-мактабга қарашли бу филиалнинг ҳолати ҳам ўта ачинарли эди. Мактаб биноси ва ҳовлиси хароб ҳолатда. Синфхоналар совуқ, болалар қишки кийимларда ўтиришибди. Ҳожатхона ва гигиена масаласи бир аҳволда...
«Биз қумриободликлар ҳам мустақил Ўзбекистон фуқароларимиз. Болаларимиз қандай шароитда ўқишини кўрдинглар. Битта хонада иккитадан синф ўқияпти. Ҳожатхонанинг аҳволини кўринг. Қўл ювишга шароит йўқ. Ҳожатдан чиқиб, қўлни ювмай, тўғри дарсга кириб кетаверишади.
Йўлларимиз ҳам абгор. Фарзандларимиз 4-синфдан кейин 8 километр жойга пиёда бориб 39-мактабда ўқиб келишади. Ҳозир қуруқчилик, бориб келишяпти. Ёмғир ёки қор ёғса йўл аталага айланади. Иккинчи сменада қолиб кетган болаларимизга жуда қийин бўлади. Улар қоронғида қайтишади.
Боғча йўқ. Маҳалладагилар йиғилиб, невараларимизни 10 километр узоқдаги яслига бердик. Навбат билан эрталаб соат 8да олиб бориб, кечки соат 4да олиб келамиз», дейди Тожимирза Раҳмонбердиев.
Маҳалла аёллари ҳам ўз дардларини тўкиб-сочишди. Қумриобод муаммолар ичида қолган. Маҳаллада ичимлик суви, мактабгача таълим муассасаси, тиббиёт маскани йўқ.
«Сизларга 30 йиллик муаммоларни айтсам. На мактабимиз бор, на медицина ва на сув. Патронаж 8 кунда бир келади. Катта ёшдагилар кўп. Кўпчиликда қон босими бор», дейди Дилбархон Турғунова.
Мактаб ўқитувчилари ота-оналарга яқинда ҳокимият вакиллари келиб, қишлоққа 2021 йилда янги мактаб биноси қурилиши ҳақида маълумот беришганини айтишди. Лекин ота-оналар кўп йиллардан бери мутасаддиларнинг шу каби ваъдаларидан чарчаб, ишонмай қўйишган.
«Ўқитувчилар «Янги қарор чиқди. Қишлоғимизга 2021 йилда янги мактаб тушади» дейишди. Бунга битта мен эмас, бутун халқ ишонмайди. Ишонмаётганимнинг сабаби шуки, 2005 йилда мен шу мактабда 4-синфда ўқирдим. Ўшанда ҳам янги мактаб қурилиши, 2006 йилда икки қаватли замонавий мактабда ўқишимизни айтишган. Лекин орадан 15 йил вақт ўтди, энди ўзимнинг фарзандим ҳам мен ўқиган мактабга боришни бошлади.
Халқнинг ишонмаётгани шундаки, бундан 15 йил олдин ҳам худди ҳозирги гапирилаётган гаплар, ваъдалар бўлган. Лекин натижа кўринмади, мактаб ўша икки хонали мактаблигича қолди», дейди Аҳмаджон Аҳмаджонов.
Бошланғич синф ўқувчилари битта синфга бирлаштирилиши мумкинми?
Маълумки, синфлар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан комплектлаштирилади.
Кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин - ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I ― IV синфлар, ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф, ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I вa III, II вa IV синфлар).
Яна тегишли ҳужжатларда «Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумтаълим муассасаларида, олис (тоғли, чўлли) ҳудудларда жойлашган умумтаълим муассасаларида, шунингдек, ўзбек тилида ўқитилмайдиган умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони синфларни комплектлашнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари билан келишилган ҳолда белгиланади», дея кўрсатиб ўтилган.
Кўриниб турибдики, синфларни бирлаштириб ўқитиш қонунда белгилаб қўйилган.
Биз шунинг учун мактаб филиалларида ўқувчилар яхши илм олишлари учун умуман шароит йўқлигига урғу бердик. Чекка қишлоқ аҳолиси фарзандларини давлат бюджетидан молиялаштириладиган таълим муассасаларига бериб, бошқа мактаблардагидек шароит талаб қилишга ҳаққи бор-ку?
Бундан ташқари, бир-бирига яқин бўлган учта маҳаллада 300дан зиёд хонадон истиқомат қилади. Уч маҳаллага 350 ўринли янги мактаб қурилиши мумкин.
Вилоят ва туман ҳокимлиги ҳудудда мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари йўқлиги, ичимлик суви, йўл муаммоларини ҳал қилишга бел боғласа бўлар эди.
Умид қиламизки, «Бештол» ва «Қумриобод» маҳалласи фарзандлари ҳам барча қулайликларга эга таълим даргоҳларида билим олишни бошлайди...
Элмурод Эрматов, Kun.uz махсус мухбири
Тасвирчи - Жаҳонгир Маҳмудов
Мавзуга оид
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
20:16 / 19.10.2024
Тундаги ўқ овози – Чортоқдаги қотиллик тафсилоти
12:19 / 07.10.2024
Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди
18:33 / 02.10.2024