Карим Баҳриев — «откатлар», монополия ва 90-йиллардаги эркин парламент ҳақида
Ижтимоий жараёнлар ва ўзбек адабиётига доир мавзуларда туркум суҳбатлар ташкил этиб келаётган Kun.uz'нинг навбатдаги суҳбатдоши журналист, шоир, таржимон ва медиа ҳуқуқи мутахассиси Карим Баҳриев бўлди.
Қуйида интервьюнинг сўнгги 3-қисми матни билан танишишингиз мумкин.
— Бугун Ўзбекистонда ҳокимият органларининг очиқлигини қандай баҳолайсиз? Ўзи умуман, ҳокимият органларида очиқлиқ қандай бўлиши керак?
Охирги вақтларда Ўзбекистон дунёда энг кўп олтин сотаётган давлат сифатида кўп тилга олиняпти. Сизнингча, бундан келаётган пуллар ҳисоби, бюджет маблағлари сарфи халққа тўлиқ бериляптими?
Бу борада давлат қарзларининг ошиб бораётгани, давлат харидлари масаласи ҳам охирги вақтларда жуда жиддий муҳокама қилиняпти.
— Ҳокимият органларининг очиқлиги борасида бир қадар ўсиш бор. Буни нафақат мен ва «Open Distro for Elasticsearch» ташкилоти ҳам эътироф этяпти. Шу ташкилот маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳокимият органларининг маълумот тақдим этиши бўйича бирданига 126 поғона юқорилаган.
Сиз сўраган олтин сотилиши ҳисоби авваллари сир сақланган бўлса, ҳозир очиқ айтиляпти. Статистика қўмитасида ҳам ахборотлар таснифланган ҳолда жойлаштирилган.
Масалан, яқинда менга ўтган йилларда туҳмат ва ҳақорат учун қанча одам жазолангани бўйича маълумот керак бўлди. Шу савол билан Олий судга мурожаат қилиб, жавоб ололмадим. Судьялар ассоциацияcидан ҳам сўровимга жавоб бўлмади. Кейин қарасам, бу маълумот аллақачон сайтга жойлаштириб бўлинган экан.
Олий судда эса сўровим бир бўлимдан бошқасига айланаверди. Ўзлари ҳам бу каби маълумотлардан хабарсиз шекилли.
Давлатимизнинг ташқи қарзи ошиб бораётгани ҳам ҳаммага маълум. Лекин кўряпсиз, ҳукуматдагилар халқни ҳаяжонланмасликка чақиришяпти.
Аслида ташқи қарз давлат бюджетининг ёки ялпи ички маҳсулотининг 50 фоизидан ошса хавф туғдиради. Тўғри, ҳозирча бунга бормадик, лекин қарз олиш суръатимиз баланд ва хавфга қараб кетяпмиз.
Давлат олган қарзларнинг нимага сарфланаётгани иккинчи масала.
Агар келаётган пуллар коррупция қилиниб, еб юборилса, эртага уни шу халқ тўлайди. Биз бўлмасак, фарзандларимиз тўлайди. Чунки қарз солиқлардан қайтарилади. Шунинг учун биз унинг нимага сарфланганини билишимиз керак.
Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатини кўрдингиз. Унда шу йилдан бошлаб олинган ташқи қарзларнинг нимага ишлатилаётганини кўрсатиб турувчи очиқ портал ишга тушиши айтилди.
Энди бу ҳолатни ўтган давр билан солиштирсак. Ислом Каримов даврида ҳар йили Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга йўлларни таъмирлаш учун 500 миллион доллар қарз бергани ҳақида бир хил ахборотни ўқирдик.
Тасаввур қилинг, ҳар йили 500 миллион доллар йўлларни таъмирлаш учун олганмиз.
Ўша пайтда Тошкент шаҳрининг ичида ва водий вилоятларига кетишда 2, 3, 5 ёки 20 км.гина йўлни асфалт қилиб қўйишини кўрардик. Лекин қиш фаслида ўша қилинган асфалтлар яна қўпорилиб кетарди. Яъни келгуси йил ажратилган 500 млн. доллар яна шу жойни таъмирлашга кетаверарди.
Ўзимча шубҳа қиламанки, ўша 500 миллион долларнинг 100 миллиони ишлатилиб 400 миллиони ўмарилган бўлса керак. У ерда қандайдир манфаатлар бўлган.
Масалан, Совет даврида очилган Тошкент-Термиз йўлида ҳалигача ҳеч иш қилинмади.
Бир сафар шу йўлларни нега бетон қилмаймиз деган савол ўртага чиқди. Кейинроқ Испаниянинг бир компанияси Тошкент-Термиз йўлини бетон қила бошлади. Аммо йўлнинг 20-30 км. бетон бўлиши билан ўша компанияни кетказиб юборишди. Хўш, нима учун ҳайдашади? Чунки, бу йўл бир марта қилинса ва 50-100 йил яхши ҳолатда турса, ҳар йили келиб турадиган 500 млн. долларни қандай қилиб сарфлашади?
Яъни, йўлларимнинг ҳар йили вайрон ҳолда чиқиши унинг таъмирига ажратиладиган пулларни ейдиган ташкилотлар учун фойдали.
Ёки иссиқ сув масаласини кўрайлик. Тошкент шаҳрида ҳар йили қайсидир жойда катта трубани таъмир учун очиб қўйишади. Бу жой 50 кун очиқ туради, ҳеч ким ишламайди. 51 куни эса янги трубани сварка қилиб, ёпиб қўйишади.
Чунки бу ишлар иссиқ ва совуқ сув нархини ошириш учун керак. Аҳолидан йиғилган пуллар сарфи ҳисоботи учун керак. Улар 60 нафар ишчини шу таъмир жараёнида 50 кун ишлади деб ҳисобот ёзишади.
Яна бир ҳолат кулгимни қистайди. Энергетика вазири 3 йил аввал «энергия сарфи инфраструктура ёмонлиги туфайли йўқ бўлиб кетяпти, симлар, кабеллар, трансформаторлар эски», деди.
Унга кўра, 30 фоиз электр энергия кабеллар ва трансформаторлар эскиргани сабаб йўқотиляпти экан. Қизиғи, бу гапни у шу йил ҳам айтди.
Бу соҳага жуда катта миқдорда маблағлар инвестиция қилинади. Электр ўзи қиммат нарса. Уни ҳар йили валютага оламиз. Шундай экан, кабелларни янгилаб чиқсак муаммо ҳал бўлади-ку. Шуларни янгилаб чиқсак электр энергия ҳам 30 фоиз ортади-ку.
Биз атом электростанция қурмоқчимиз. У қурилса ҳозирги ишлатаётган электр энергиямиз миқдори бор йўғи 6 фоизга ошар экан. Унинг қурилиши бизга жуда катта нарса бермайди. Қайтанга улкан зарар, хавф беради.
Ўша атом электростанциясини қуриш учун 30 млрд. доллар керак дейишяпти. Биз 30 млрд. долларга АЕС қургунча 2 млрд. долларга кабел ва трансформаторларимизни янгилаб чиқайлик. Ахир, шунда учта атом электростанция қурганнинг фойдасини оламиз.
Келаётган инвестиция ва қарзларимизни реал сармояга сарфлашимиз керак.
Собиқ давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов ўзининг бир мақоласида иқтисодиётимизни беморга, олаётган ташқи қарз ва келаётган инвестицияларни эса дорига қиёслаганди.
«Бу бемор шу дорилар бўлмаса ўлади. Лекин биз дориларни шундай олишимиз керакки, бемор тузалсин, кучга кирсин, ишга тушсин ва пул топиб бу қарзни ҳам қайтарсин. Бунинг учун қанча олишни ва қандай ишлатишни ҳам билиш керак», – деганди у.
Хўш, биз келаётган пулларни нималарга сарфлаяпмиз? Бунинг ҳам фактлари ҳар куни чиқяпти. Бир ҳоким пулни қариндошининг фирмасига ўтказяпти. Бир ҳоким тендерни хотинига олиб беряпти. Яна бири эса қайсидир давлат буюртмасини ўз қизига олиб беряпти. Пуллар шундай сарф бўляпти.
Бизда янги очилган Коррупцияга қарши кураш агентлиги бор. Ҳозир шу агентлик коррупция факти ҳақида хабар берган шахслар учун 500 млн. ажратяпти. Эй, сен, ўқимайсанми интернет сайтларни?
Жиззах вилояти ҳокими яқинда ободонлаштиришдаги тендерни қизига олиб берди. Навоий вилояти ҳокимлигида ҳокимлик мутасаддиси бир тендерни қариндошига олиб берди-ку. Аввал уни жазола. Бир сўм сарф қилмайсан-ку бунинг учун. Ёки Андижонда ҳам шундай ҳолат аниқланди.
Бундай ишларни қилганлар 2 соат ичида қамоқда ўтириши керак.
Уларга шундай десанг, «йўқ, бизда тергов функцияси йўқ», дейди. Суриштирувларда аниқланса, кейин прокуратурага юборар экан кўриб чиқиш учун.
Кўрдик, неча марта прокуратурага кўриб чиқиш учун иш юборилди.
Kun.uz сайтига тегишли камералар ҳоким ўринбосари томонидан синдирилганда, прокуратурага ариза юборилди. Нима бўлди кейин?
Журналист ўзини ҳоким ҳақорат қилгани ҳақида прокуратурага ариза юборди. Хўш, унда нима бўлди? Прокуратура бу ерда ҳоким бутун журналистлар ҳақида гапирган, конкрет бирор журналистни ҳақорат қилса ва шу журналист мурожаат қилса, кейин иш очамиз деган жавобни берди.
Иккинчи тарафдан собиқ депутат Қобил Дўсовга нисбатан Халқ таълими вазирлиги даъво киритди. Иш эса барча ўқитувчиларнинг шаъни ҳимояси учун очилди. Ие, ахир барча журналистларда шаън бўлмаса, барча ўқитувчиларда ҳам бўлмайди-ку.
Юридик нуқтайи назардан ҳам, юридик шахсда шаън бўлиши мумкин эмас.
Конституция ва қонунларга кўра, ҳокимият, вазирлик бизнес субъекти эмас. У бизнес билан шуғулланиши мумкин эмас. Агар ҳокимият бизнес билан шуғулланса ўзига тегишли бизнесни бошқалардан ҳимоя қилади.
Бизнесмен эмасми, демак у фойдани йўқотмайди. Кимнингдир танқиди учун ҳам фойдани йўқотмайди. Чунки у бизнес объекти эмас.
— Суҳбатимиз иқтисодиётни бемор ва фалаж қиладиган монополиялар мавзусига уланяпти.
— Шавкат Мирзиёев яқинда 500га яқин давлат корхоналарини хусусийлаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Буларнинг ичида ҳатто 50га яқин газета-журнал ва нашриётлар ҳам бор.
Бу фармон ўша нашриётлар ходимлари ўртасида норозилик келтириб чиқарди. Лекин демократия нуқтайи назаридан, давлатнинг қўлида матбуот бўлиши фақат давлат мақтови учун хизмат қилади.
Давлат матбуотда фақат ўз хабарларини чоп қилиши мумкин. Яъни у фармон ва қарорларини эълон қилиш учунгина матбуотига эга бўлиши мумкин.
Агар давлат ташвиқот, халқни йўналтириш учун матбуот сақлар экан, бу суиистеъмол ҳисобланади. Шу маънода бу хусусийлаштириш тўғри ҳолат.
Иккинчи жиҳатдан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясини олинг.
Давлат ҳар доим қонун чиқариши керак. Лекин бизнесмен ўлароқ, давлат уқувсиз ва истеъдодсиз бир нарса. Демак, темир йўллар, ҳаво йўллари, маиший техника ишлаб чиқариш ҳам унинг қўлида бўлмаслиги керак.
Нега бизда автомобил нархи, ҳаво йўллари ёки темир йўлларда хизмат кўрсатиш нархи қиммат деймиз? Чунки монопол ташкилот пулни ўз чўнтагидан ишлатмайди. У халқаро бозорда ҳам нархлар учун талашмайди. Қайтанга пул ишлаш учун маҳсулот нархини қиммат кўрсатади. Чунки ўша пулнинг бир қисмини у ўзига қайтариб олади.
Бу каби ҳолатлар иқтисодиётимиздаги 99 фоиз соҳада йиллар давомида бор бўлиб келган. Бу 30 йиллар давомида давом этаётган ва тўхташи қийин бўлган ҳолат.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси Вазирлар Маҳкамасининг қарорисиз самолёт сотиб ололмайди. Катта пулли келишувлар албатта юқорининг рухсати билан бўлади.
Кўряпсиз, охирги вақтларда президент Мирзиёев ҳаво йўллари соҳасини ислоҳ қилмоқчи бўляпти. У аэропортларни алоҳида ажратмоқчи. Шу ерда бир ҳолат эсга тушади.
Бир неча йил аввал Бухородаги халқаро аэропортнинг бошлиғи сенатор эди. У сенатда Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистон ва Покистонга ўтадиган самолётлар учун ёнилғи қуйиш шохобчаларини, хизмат кўрсатиш нуқталарини очмоқчи бўлди. Бу орқали табиийки, кўрсатилган хизматдан фойда ортарди. Аммо бунга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» раҳбарияти рухсат бермаган. Чунки аэропорт унга қарайди.
Умуман, Ўзбекистонга келадиган ҳар қандай ҳамкорлар ҳам «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси рухсат берса, кейин келади.
Тасаввур қилинг, йиллар давомида давом этаётган шу монополия сабаб ёнимиздаги Қозоғистонда чет эл компанияларининг элликталаб самолётлари учади. Бизда эса беш, ўн баробар кам.
Агар давлат бу монополияларни бузса, бизга юзлаб самолётлар келади. Аэропорт ҳам бой бўлади, фойда ортади. Ҳаво йўлларини камбағал ҳолда ушлаб туришдан қандай манфаатдорлик борлигини эса юқорида тушунтирдим.
Хуллас, бели оғримаган киши техникаларни қимматга харид қилаверади. Табиийки, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳам қиммат бўлади.
Кўрдингиз, Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон ҳаво йўлларини ёпамиз, банкрот» деяпти, лекин банкротлик ҳолатида ҳам компания ҳар ҳафта янги самолёт сотиб оляпти. Ўзи банкрот бўлиб турган, бор самолётларини сотиши керак бўлиб турган компания қандай қилиб учоқ сотиб оляпти? Бу ишларни бежиз деб ўйлайсизми? Бу биз айтаётган схемаларнинг ҳамон давом этаётганидан.
Мен мени туҳматда айбламасликлари учун бирорта исмни тилга олмаяпман. Лекин шу юрт бизники-ку, уни кимдир ўйлаши, тузатиши керак-ку.
Шу маънода, коррупция фактини пул бериб излаш шарт эмас. Ҳар куни юзлаб фактлар ОАВда чиқяпти.
Мен бу саволга жавобни шу фикр билан тугатмоқчиман: давлат ташкилотига коррупцияни тугатиш учун пул ажратиш – ароқхўрга ароқхўрликни тугатиш учун ароқ ажратиш билан баробар. Яъни коррупцияга қарши ажратилган пуллар ҳам коррупция қурбони бўлади.
— Сиз бир муддат Ўзбекистон тарихидаги энг эркин парламент деб аталадиган парламентда ҳам депутат бўлгансиз. Келинг, мана шу йиллардан қолган хотиралар ҳақида суҳбатлашсак. Шунингдек, сизни яна депутатликка таклиф қилишса, ўз номзодингизни қўярмидингиз?
— Биз биринчи парламент деганда бир қадар эркин ўтган сайловлар ва муқобиллик асосида сайланган депутатларни тушунишимиз керак.
Мени депутатликка ўзим ўқиган мактаб жамоаси фуқароларининг ташаббускор гуруҳлари томонидан депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқи асосида номзод қилиб кўрсатишган. Ўйлашимча, бу ҳуқуқнинг кейинчалик қонунлардан олиб ташлангани хато бўлган.
Ўша парламент 1990 йил июн ойида «Мустақиллик декларацияси» орқали Ўзбекистон мустақиллиги учун овоз берди. Ҳақиқий мустақиллик ўша йили бўлганди.
Бу парламент президент лавозимини ташкил қилди. Ўша парламент муқобиллик асосида президент сайлади. Ўзбекистоннинг асоси бўлган конституцияни қабул қилди. 500га яқин қонунларни қабул қилди. Умуман, ўзбек давлатининг асосини қўйди.
Шавкат Мирзиёев ҳам шу парламент депутати, мандат комиссияси аъзоси эди. У бир неча йиғинларда бу парламентни эслаб гапирди. Ҳозирги парламентга ўша парламентдай бўлолмаётганини айтиб эътироз билдирди. Демак, ўша парламент ҳақида унда ҳам яхши хотиралар қолган.
Лекин биринчи президент бу парламентнинг номини ҳам ўзгартирди, тузилмасини ҳам ўзгартирди. Чунки бу парламентда унга қарши чиқишлар бўлганди.
Мен ўша қўмитага 2 ярим йил Пиримқул Қодировга ўринбосар сифатида фан ва маданият қўмитасида ишладим. 2 ярим йил эса Ошкоралик қўмитасида Эркин Воҳидовга ўринбосар бўлдим.
Кейинчалик ҳам менда депутатликка номзодимни қўйиш имконияти бор эди. Лекин тузум тобора диктатуралашиб борди. Мен яна журналистикага қайтдим. Сўз эркинлиги ҳам оғир даражада бўлгани учун халқаро ташкилотларда ишладим.
Тақиқда бўлдим, 20 йиллаб бирорта китобим чоп этилмади. Лекин ортга қайтмадим.
Яқинда ҳам менга депутатлик учун таклифлар бўлди. Лекин ҳозирги депутатларга талаб жуда катта. Одамларнинг бирор муаммоси чиқса, депутат ҳам ўша ерга чопиши керак. Мен бу ёшда ҳар бир уйга чопиб юролмайман.
Ижодкор, шоир ва ёзувчи учун депутатлик умрнинг муайян қисмини олади. Умр қанчалигини эса билмаймиз. Шунинг учун менга ҳозир сиёсат керак эмас.
— Сизни яхши шоир сифатида биламиз. Шу маънода сиёсатнинг ичида юриб, шеъриятда кўп нарса йўқотиб қўймадингизми?
— Аввало, мен кам шеър ёзаман. Бутун ҳаётим давомида ёзган шеърларим 2013 йилда бир китоб бўлиб чиққан. Унда ҳам кескинлиги сабабли 30тача шеър тушиб қолган. Биринчи китобим 1990 йилда чиққанди. Ўртадаги фарқни кўряпсиз. Балки кейинги 1-2 йил ичида яна бирор шеърий китоб чиқарарман.
Иккинчи бир тарафи грузин классиги Константин Гамсахурдиа бор-йўғи ярим китобли шеър ёзган. Мен ўзимни классик демоқчи эмасман.
Ёки СССРнинг машҳур шоири Сулайман Сталски деган шоир биринчи шеърини 59 ёшида ёзган экан.
Шеър бизнинг даврда бир катта ҳодиса эди. У катта залларда ўқиларди, одамлар йиғлаб эшитарди. Китоблар ҳам миллионлаб тиражда чиқарди.
Бугун ҳамма шеър ёзяпти ва ижтимоий тармоқларга қўяди. Жўн нарсалар кўпайиб кетди. Шеърнинг қадри тушди. Шеър ҳақида тушунчалар ҳам пасайиб кетди.
Ҳозир ҳамма нарса шеър деб тақдим қилиняпти. Аммо уларни ўқиб кўрсангиз, ҳатто оддий қофия, вазнларга ҳам риоя қилинмайди.
Айримлар шу каби ижодини модерн деб аташади, лекин модерн шеър ёзиш жуда катта масъулият талаб қилади. Модерн шеър ёзганлардан бири Рауф Парфи бўлса, у ғазал ва ҳатто Қодирий, Навоийларга мухаммас ҳам ёзган. Яъни шоир классик шеъриятимизни ҳам билиши керак. Маълум мезонларга сиғмаган фикрларини модерн шеъриятга киритса бўлади.
Бир замонлар Озод Шарофиддинов Шукур Қурбоннинг шеъриятини ўқиб, «Шукур, шоирлик билан дарвешлик, ёки жиннилик бошқа-бошқа нарсалар. Бироз бошқа китобларни ҳам ўқигин», деган.
Ҳозир шоир деб билганларимиз ва интернетни гуллатаётганларда ўша телбалик бор. Улар ўзидан бошқани шоир деб билмайди. Мен Аллоҳ берса ва бирор фикр келса шеър ёзаман. Бўлмаса, 6 ойлаб ёзмайман.
Шукрки, бошқа ишларим, таржимонлигим бор. Яқинда иккита таржимам босилиб чиқди.
Охирги икки йил давомида 5та роман таржима қилдим. 10 йилдан буён жаҳон шеърияти антологияси, яъни дунёнинг ҳар бир мамлакатидан ҳеч бўлмаса битта шоирини таржима қилиб антология чиқармоқчиман. Китобнинг 90 фоизи битиб қолган.
— Таржима мавзусига кўчдингиз. Бугун жамиятимизга янгича тафаккур берадиган асарлар етишмаётгандек. Бу борада қандай муаммолар бор?
Масалан, 2020 йилда ёзилган асарлар шу йилнинг ўзида ўзбекчага ўгирилмайди. Бу йўлдаги камчиликларни нимада кўрасиз?
— Бу камчиликларни айримлар кўрган эканки, муайян ҳаракатлар қилиняпти. Масалан, «A saxiy» лойиҳаси раҳбарининг айтишича, Европада одамларнинг кўпчилиги жамоат транспортларида ҳам китоб ўқийди. Улар 20-30 дақиқа вақтини ҳам бекор кетказмайди. Биз эса телефон ковлаб ўтирамиз.
Ўша йигит Ўзбекистонга қайтгач, дунё одамлари ўқиётган бестселлер китобларни ўзбек тилига таржима қилишни ўз олдига мақсад қилган экан. У ярим миллиарддан ортиқроқ пулини шу йўлда сарфлаган.
Шу йигит сўрови билан мен «1984» китобини ўзбек тилига таржима қилдим. Бу китоб 1948 йилда чиққан. Шу ўтган йиллар давомида бу китоб дунёнинг энг кўп ўқилган китоблари орасида етакчи ўринларни эгаллаб келган.
СССР даврида бу асар атиги 23 дона, сиёсий бюро учун чиқарилган. Унинг рақамланган нусхалари бор. Аммо китоб халққа кўрсатилмаган.
Бу тоталитаризм, авторитаризмга қарши ёзилган асар. Унда ҳукумат ўзига мухолифат юзага келмаслиги учун халқнинг нафақат сўзи, балки фикрини назорат қилиши ҳақида гап боради.
Асарда давлат мухолиф фикр нафақат айтилмаслиги, балки мияда туғилмаслиги учун миянинг устида ҳам тадқиқотлар олиб боради. Бунинг учун янги тил ўйлаб топилади. Бу тилда сўзлар кўпайиш ўрнига камайиб боради. Ундан мухолиф сўзларнинг барчаси олиб ташланади.
Туғилган чақалоқлар ҳам мухолиф сўзларни билмайди. Яъни «1984» давлатнинг одамлар онгини назорат қилиши ҳақидаги роман.
Шу роман ўзбек тилига таржима қилингач, BBC янгиликлар агентлиги ўзининг бир дастурида худди сиз айтган фикрни айтди. Яъни «роман 1948 йилда Британияда нашр қилиниб, 1949 йилда ўзбекчада чиққанда эди, бугунги ўзбек халқи бошқача халқ бўларди», деди.
Асар нашр қилинишидан аввал уни ғайрихаёлий, одамлар ўқирмикин деган фикрлар ҳам бўлди. Лекин мана кўрдикки, у илк нашр қилинганидан кейин яна қайта 3марта нашр қилинди. Бизда фақат «Шайтанат» шундай қайта-қайта нашр қилинган. Лекин у ҳам орада 4-5 йил ўтиб.
Шу бугун чиққан асарни ўзбекчага таржима қилиш учун аввал унинг миллат учун актуаллиги ўрганиш керак бўлса керак. Иккинчидан албатта, янги чиққан китобларни шу бугун таржима қилишга ҳаракат қилишяпти.
— Ҳеч ким хатолардан холи эмас. Шу маънода, Карим Баҳриевда ўтган умрининг маълум йилларини ортга қайтариш имконияти бўлганда, йўл қўйган қайси хатоларини қилмаган бўларди?
— Бу ҳақда кўп ўйлайман, лекин бир хулосага келганим йўқ.
Одам ҳаёти давомида доим режалар қилади. Эртага уни қиламан, буни тузатаман, индинга буни тузатаман, фақат фалон нарса менга халақит қиляпти, дейди. Фалончи оёғимда чалмаганда бундай бўларди, дея афсусланади. Лекин аслида инсоннинг умри ўша тўсиқлардан иборат-ку. Яъни биз айланиб ўтиб кетамиз деган тўсиқлар, курашларимиз асл ҳаётимизни ташкил қилади.
Айримлар менга нисбатан Каримов даврида кескин гапирганлар қамалиб кетди, айримлар қочиб кетди, сиз эса шу ерда қолдингиз, чунки нимани қаерда гапиришни биласиз, айёрсиз дейди.
Уларга аввало, Аллоҳ асради, дейман. Кейингиси ростдан ҳам босиқ бўлишга ҳаракат қиламан. Сочимиз эрта оқарган. Қўядиган қадамимни ўйлаб босаман. Бу динимизга ҳам, миллий менталитетимизга ҳам қарши ҳолат эмас.
Ахир ота-боболаримиз ҳам қўяётган қадамингга назар сол дейишган. Яъни ҳаётимиз учун, яқинлар, миллат учун ва Аллоҳ учун масъулиятимиз бор. Бандаларини алдармиз, лекин Ўзини алдолмаймиз-ку.
Аёлим сиз жуда гўзал ёзасиз, Ислом Каримовни ҳам вақтида мақтаб ёзганингизда ҳозир вазир, ёки вазир ўринбосари бўлиб юрардингиз, деган гапни кўп айтган. Тўғри, мақтай олардим, жуда гўзал мақтай олардим, лекин Худодан қўрқаман. Шаънимни асрашим керак.
Мансабни давлат беради, керак пайти олади. Лекин мартабани халқ беради. Сизнинг шаън ва обрўйингиз одамлар қалбидаги образингиздир.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
11:58 / 20.11.2024
Шавкат Мирзиёев: парламент ва ҳукумат ўртасидаги муносабат қарама-қаршиликка эмас, конструктив мулоқотга асосланиши зарур
14:26 / 16.11.2024
Янги Зеландияда маори депутатлари баҳсли қонун лойиҳасига норозилик билдириб, мажлисда рақсга тушди
17:18 / 14.11.2024
Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
20:33 / 13.11.2024