Ўзбекистон | 19:46 / 21.01.2021
27511
3 дақиқада ўқилади

Ургут тумани ҳокимлиги ходими 15 минг доллар билан қўлга тушди

Ургут туман ҳокимлиги ходими фуқароларнинг биридан Ургут эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан ер ажратиб бериш эвазига 30 минг доллар сўраб, ундан 15 минг долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизматининг хабар беришича, фуқаро И.С. ДХХ Самарқанд вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, Ургут тумани ҳокимлиги Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти ходими Н.Ш. ва унинг шериги Н.И. Ургут эркин иқтисодий зонаси ҳудудида мавжуд захира ер майдонидан 1 гектар ер ажратиб бериши эвазига ундан 30 минг АҚШ доллари миқдорида пул беришини талаб қилаётганини билдириб, уларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан ДХХ вилоят бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда 20 январ куни ўтказилган тезкор тадбирда Н.Ш. Ургут тумани ҳокимлиги маъмурий биноси ёнида ўзига тегишли «Lacetti» автомашинасида шериги Н.И. билан И.С.дан олдиндан келишилган 30 минг АҚШ долларидан 15 мингини олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида автомашина «бардачоги»да 10 минг АҚШ доллари, Н.И.нинг чўнтагида 5 минг АҚШ доллари миқдорида пуллар мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Хабарда таъкидланишича, департамент Самарқанд шаҳар бўлими томонидан фуқаро Н.Ш. ва Н.И.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 2020 йил декабр ойининг ўрталарида ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Самарқанд вилояти Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Ургут туман филиалининг мутахассиси туман ҳокимининг тумандаги «Сариқтепа» массиви ҳудудида жойлашган 15 сотих ташландиқ ер майдонига эгалик ҳуқуқини берувчи қарорини чиқартириб, тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 2000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган эди.

Мавзуга оид