Жамият | 16:10 / 22.01.2021
8310
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада яна 300 тонна кўмир талон-торож қилинди

Бош прокуратура матбуот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан сўнгги кунларда аниқланган жиноятлар бўйича Kun.uz'га маълумот берди.

«Кўмир таъминот» МЧЖнинг Фарғона вилояти филиалига қарашли Боғдод кўмир омборида мутахассислар иштирокида ўтказилган қайта йўқламада омборнинг моддий жавобгар шахслари умумий қиймати 83 млн сўмлик 300 тонна кўмирни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланди.

Омбор масъулларига нисбатан ЖК 167-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Терговга қадар текширувни Департаментнинг Боғдод туман бўлими ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, бундан уч кун олдин Фарғонанинг Олтиариқ туманидаги омборда 807 млн сўмлик кўмир талон-торож бўлгани хабар қилинганди.

Декабрь ойида вилоятнинг Фарғона туманида кўмир саноатини ривожлантиришга оид ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинганди.

Тошкентда эксплуатация хизмати учун тўланган маблағларни ўзлаштирган ХУЖМШ раҳбарлари устидан жиноий иш очилди

Аниқланишича, Учтепа туманидаги «B-K.» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбарлари кўп қаватли турар-жой уйларининг эксплуатация хизмати учун аҳоли томонидан тўланган 68,9 млн сўмни ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, талон-торож қилган.

«B-K.» ХУЖМШ раҳбарларига нисбатан ЖК 167-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Терговга қадар текширувни Департаментнинг Учтепа туман бўлими ўтказган.

Тадбиркорнинг истеъмол кредитини ўзлаштирган банк ходими ва фуқаронинг фирибгарликлари фош этилди

Маълум бўлишича, Тошкентда фуқаро Т.Н. Халқ банки ходими А.К. билан олдиндан тил бириктириб, «Ғ» МЧЖ раҳбари ва фуқаро Г.нинг ишончига кириб, уларнинг номига расмийлаштирилган 60 млн сўм истеъмол кредитини нақдлаштирган ва ўзлаштирган.

А.К. ва Т.Н.га нисбатан ЖК 168-модда 3-қисми ва 209-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Терговга қадар текширувни Департаментнинг Олмазор тумани бўлими ўтказган.

Учқўрғонда қалбаки валюталар муомаласи тўхтатилди

Наманган вилояти Учқўрғон туманида фуқаро О.К. қалбаки валюта қимматликларини муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаб, таниши Б.Қ.дан сотиб бериш учун олган қалбаки 8 950 АҚШ долларини харидорга 4 500 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

О.К. ва бошқаларга нисбатан ЖК 176-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тезкор тадбирни Департаментнинг Тошкент ва Наманган вилояти бошқармалари, божхона ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид