Фото: Россия бўйлаб намойишлар ўтказилмоқда
Бугун, 23 январ куни, Россияда Алексей Навалний ва бошқа сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш бўйича норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Бунга даволанишдан сўнг Германиядан Россияга қайтган мухолифатчининг ҳибсга олиниши сабаб бўлди.
Россиянинг 40дан ортиқ шаҳрида пикетлар, митинглар ва норозилик акциялари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Telegram’даги «Команда Навального» канали хабар берди. Канал муҳарририяти норозилик ҳаракатлари кузатилаётган шаҳарлар рўйхатини янгилаб бормоқда. Рўйхатда 40дан ортиқ шаҳар мавжуд.
YouTube’даги «Навальный Live» каналида Навалнийни қўллаб-қувватлашга бағишланган акциялар бўйича трансляцияни кузатиш мумкин. «Москва вақти билан соат 10:00дан кечгача бизнинг жамоа бутун Россиядаги норозилик намойишларини жонли эфирда кўрсатади», - дейилади трансляцияда.
Москвадаги Пушкин майдонида акция бошланишидан анча олдин «Мен қўрқмайман» деган ёзувни кўтариб олган фуқаро қўлга олинди. У маҳаллий ички ишлар бўлимига олиб кетилган, деб хабар беради Avtozak Live Telegram канали. Жума оқшомидан бошлаб Москвадаги Пушкин майдони деярли қамалда қолди: атрофда тўсиқлар ўрнатилган, полиция ва махсус техника, полиция машиналари жамланган. Полиция транспорти «Москва» меҳмонхонаси яқинида ҳам тўпланган.
«Медуза» нашри мухбири Москвага яқин ҳудудда зирҳли техникалар ҳам ҳаракатланишга тайёр турганини қайд этган. Маҳаллий вақт билан соат 10:00да колонна пойтахт томонга қараб йўл олган.
Благовешченскдаги акция пайтида хавфсизлик хизмати ходимлари камида 10 кишини қўлга олди, дея ушланганларнинг ўзи «ОВД-Инфо»га хабар берди. Улар орасида вояга етмаган шахс ва журналист Андрей Афанасев ҳам бор.
Владивостокда полиция ходимлари Алексей Навалний ва Россиядаги бошқа сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга бағишланган акцияга чиққан фуқароларни қўлга олмоқда. Навалнийнинг Владивостокдаги штаби хабарига кўра, кучишлатар тузилмалар билан тўқнашувлар ҳам юз бермоқда.
Навалнийнинг Владивостокдаги штаби намойиш этган видеотрансляцияда намойишчиларнинг оммавий қўлга олинаётгани ҳақида хабар берилди. Ҳаракат қатнашчилари кетаётган Светланская кўчаси бутунлай тўсиб қўйилган. Намойишчилар мобил Интернет тезлиги пасайиб кетганидан шикоят қилмоқда.
Хабаровскда Навалнийни қўллаб-қувватлаш акциясида маҳаллий депутат қўлга олинди. У ерда ўтказилаётган акция пайтида хавфсизлик кучларига: «Ҳамма ушлансин!», деган буйруқ бўлгани айтилади. Бу Навалнийнинг маҳаллий штаби томонидан намойиш этилган видеода акс этган. Шундан сўнг, «ОМОН» фуқароларни оммавий қўлга олишни бошлаган.
23 январ куни Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаш бўйича акциялар нафақат Россияда, балки Европа ва дунёнинг ўнлаб бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Германиядан Россияга қайтиб келганидан бир соат ўтмай, 44 ёшли Навалний Москвадаги Шереметьево аэропортидаги чегара назорати постида қўлга олинди.
Россия Жазони ижро этиш федерал хизматининг якшанба (17 январ) кунги хабарига кўра, Навалний сиёсий мотивга эга деб кўрилган фирибгарликда айбланиб, 2014 йилда олган шартли жазо муддатини бузгани учун ҳибсга олинган.
Суд ҳукми эълон қилинганидан кўп ўтмай, Навалний жамоаси томонидан эълон қилинган видеода ўз тарафдорларини норозилик билдиришга чақирди.
«Жим турманг. Қаршилик кўрсатинг. Кўчаларга чиқинг – мен учун эмас, ўзингиз ва келажагингиз учун», деди Навалний.
Мавзуга оид
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
20:12 / 22.11.2024