Ўзбекистон | 13:02 / 23.01.2021
10460
2 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Обиджонов: «Бугунги электр энергияси узилишларига сабаб – тармоқларнинг 60 фоизи эскирган»

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджоновнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, республикада ҳаво совиши оқибатида электр энергиясида содир бўлаётган узилишларга сабаб – тармоқларнинг эскирганлигида.

Бир неча кундан буён мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Россиянинг (Москва вилояти) Европа ҳудудидан кириб келган совуқ антициклон таъсири сезилмоқда. Аксарият ҳудудларда кучли шамол ва қор бўрони кузатилмоқда. Шундай кунларда бир нечта вилоятларда электр энергиясида узилишлар юзага келди. Бундай ҳолат 2020 йилнинг декабр ойи охирида ҳаво ҳарорати пасайганда ҳам кузатилган эди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» мутасаддиси Жаҳонгир Обиджоновнинг сўзларига кўра, юртимизда 240 минг км.дан ортиқ электр тармоқлари ва 86 мингта трансформатор мавжуд. Ҳозирги кунда буларнинг 60 фоизи эскирган, чунки йиллар давомида буларни модернизация ва қайта қуриш ишларига эътибор берилмаган. 2017 йилдан бошлаб бунга эътибор қаратилмоқда. 2016 йилда эскирганлик даражаси 80 фоиз эди. Шундан бери линияларни янгилаш ишлари бажарилиб, бу кўрсаткич 60 фоизга тушган. Ҳозирда тармоқларда модернизация ва қайта қуриш ишларини давом эттириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқилмоқда.

«Ҳақиқатдан ҳам шу кунларда ҳаво ҳарорати совиши оқибатида электрда жуда кўп узилишлар бўляпти. Бунга сабаб тармоқларнинг эскириш даражаси юқорилиги. Барча вилоятлар ва республикада навбатчилик штаби ташкил қилинган. Юз бераётган аварияларни тезкор бартараф этиш ишлари олиб бориляпти. Қор бўрони ва шамол бошлангандан бери ходимларимиз дам олмасдан талафотларни бартараф қилишяпти»,- дейди Жаҳонгир Обиджонов.

Мавзуга оид