Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сўх аҳолиси 100 км йўл босиб шифохонага боришга мажбур эди». Чегарада жойлашган туманда қайси муаммолар ечим топмоқда?
2020 йилда Сўх туманида 7та замонавий клиника ишга тушди. Шу кунга қадар ҳудуд аҳолиси чегара ошиб Фарғона ва Андижон вилоятлари ҳамда Тошкентдаги тиббиёт хизматларидан фойдаланиб келарди.
Сўх тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Маъмуржон Ботиров Kun.uz мухбирига берган интервьюсида тумандаги ўзгаришлар, 2020 йил давомида эришилган ижобий натижалар ҳақида гапириб берди.
Ҳоким ўринбосарининг айтишича, ўтган йили қабул қилинган президент қарори тумандаги муаммоларга ечим топишда муҳим ўрин тутмоқда. Интервьюда Маъмуржон Ботиров томонидан билдирилган фикрлар қуйида келтирилади.
Сўх туманини комплекс ривожлантирилиш ишлари бошлаб юборилган
2020 йилнинг 8 август куни Ўзбекистон президентининг «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор асосида туманда шу пайтгача юзага келган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммолар ечими бўйича дастурлар ишлаб чиқилди.
Туман иқтисодиётининг ўсиш нуқтаси сифатида биринчи навбатда саноатни ривожлантириш режа қилинган. Бунда республиканинг бошқа ҳудудлари ҳамда қўшни давлатлардан олиб келинадиган маҳсулотларни ўзимиз ишлаб чиқарамиз.
Кейин қишлоқ хўжалиги соҳасида ўсиш нуқтасини белгилаб олдик. Туманда йўқ озиқ-овқат маҳсулотларини шу ҳудуднинг ўзида етиштириш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Шу билан бирга, қўшни ҳудудларда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариб экспорт қилиш йўналиши ҳам бор.
Туманимизнинг ўсиш-драйвер нуқтаси – туризм ҳисобланади.
Масалан, тиббиёт туризми. Сўх туманига туташ Қирғизистон Республикаси ҳудудларида тиббиёт маълум даражада ривожланмаган бўлса-да, уларнинг тиббий хизматларига эҳтиёжимиз катта.
2020 йилда Сўхда қандай ўзгаришлар юз берди?
2020 йил давомида туманда 7та замонавий клиникалар ишга тушди. Шу кунга қадар Сўх халқи чегара ошиб Фарғона, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт хизматлари, ускуна, воситаларидан фойдаланиб келарди.
Ўтган йилнинг ўзида 4та мактабгача таълим муассасасининг ишга туширилиши, 2та умумтаълим мактаби реконструкция қилиниши ва янги биноларнинг ишга туширилиши ижтимоий соҳадаги биринчи қадамлар бўляпти.
2021 йилда ҳам ҳудудимизда 3та замонавий боғчалар ташкил этиш йўли билан болалар қамровини янада оширишни режалаштирганмиз.
Бу кўрсаткич яқинда 27 фоизни ташкил этар эди. 2020 йил натижалари бўйича болаларнинг боғчаларга қамрови 50 фоиздан ошди ва 2021 йилда бу рақам 82 фоизга етказилиши кўзда тутилган.
Туманда олий тоифали ўқитувчилар етишмаслиги асосий муаммолардан бири. Кўп ўқитувчилар бошқа ҳудудлардан бориб дарс беришади. Президент қарори билан 2020 йилда берилган имтиёзлар асосида сўхлик 480 нафар фарзандларимиз олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Бу албатта, олдинги йилларга нисбатан 5-6 баравар кўп миқдорни ташкил қилади.
Туманда шифохона ва тиббиёт мутахассисларига бўлган талаб юқори
Тиббиёт соҳасида ҳам муаммолар мавжуд. Бизда тиббиёт мутахассислари етишмаслиги 40 фоизни ташкил қилади. Ҳукумат томонидан берилган имтиёзлар асосида 44 нафар ёшларимиз Ўзбекистондаги тиббиёт таълим даргоҳларига талаба сифатида қабул қилинди.
Туманда 2020 йил учинчи чораги давомида 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига замонавий тиббиёт ускуналари олиб келинди.
Бунгача бизнинг фарзандларимиз, халқимиз, қария ва ногиронларимиз айнан шу ускуналардан фойдаланиш учун 100 километрдан ошиқ йўл босиб чегара орқали шифохонага бориб келишга мажбур бўлишарди.
Ҳозирда Сўхнинг ўзида шу шароит яратиляпти. Яқинда инфекцион касалликлар шифохонаси фойдаланишга топширилади.
Сўхдаги экспорт-импорт масалалари қайси босқичда?
Сўх туманида божхона экспорт-импорт бўлими йўқлиги сабаб ҳудудда ишлаб чиқариладиган маҳсулотни тўғридан тўғри экспорт қилиш имконияти йўқ. Қўшни давлатга ўтишнинг ўзи бир муаммо. Президент қарори асосида туманда янги аэропорт қурилиши ва ҳаво қатнови орқали Ўзбекистон ҳудуди билан боғланиш белгиланган.
2021 йилда туманга алоҳида ажратилган бир дона вертолёт ва битта самолёт орқали туман аҳолисини тўғридан тўғри Ўзбекистон билан боғлайдиган тизим йўлга қўйилиши белгиланган. Ҳозирда маблағ ажратилган, ер майдони ва қурувчи танлаб бўлинган. Лойиҳачиларнинг иши охирига етди ва қурилиш ишлари бошланиш арафасида.
Шунингдек, қўшни Қирғизистон Республикаси билан ҳамкорликда логистика маркази ва дўстлик уйи ташкил қиляпмиз.
Хорижда, айниқса, Россия шаҳарларида 5000 дан ортиқ сўхлик фуқаролар тадбиркорлик билан шуғулланади. Улар билан «Ватандошлар» тармоғини яратиб, Сўх туманидаги лойиҳаларга бевосита маблағ киритишга келишиб олдик.
Мавзуга оид
21:41 / 25.04.2025
Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишувга эришди
18:41 / 25.04.2025
“Челаклаб сув ташиб амаллаб кўкартириб олганман” – тоғ бағрида боғ яратган сўхлик 93 ёшли Нуриддин ота ҳикояси
18:03 / 17.04.2025
“Синовлар сабаб ҳаёт қадрига етдим” – жигар циррозидан тузалган сўхлик ҳикояси
15:48 / 06.10.2024