–18 даража совуқ, қамишли девор ва зоғора нон — Қорақалпоқ овулида бир тун
Kun.uz ижодий гуруҳи «Қишлоқда бир тун» лойиҳасининг навбатдаги сонини Ўзбекистоннинг энг чекка ғарбий туманларидан бирида олишга қарор қилди. Шу мақсадда Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани, Қизилкетген ҚФЙ, Қизилўзак овулига сафар қилдик.
Саксовулзорлар, тўқайзорлар оралаб борарканмиз, сўраб-сўраб Маккани топибди, деганларидек, биз ҳам сўрай-сўрай Қизилўзак овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келувчи онахон – Жузимгул момо Алимбетованинг уйларига кун асрдан оққанда етиб келдик.
Одатга кўра, хайрли дуодан сўнг, ҳол-аҳвол сўраб, қишнинг совуқ кунларини қандай ўтказаётганларига қизиқамиз.
Овулга газ қувурлари 1993 йилда тортилган ва бир вақтлар унда зангори олов оққан, аммо табиий газ берилмаётганига 10 йиллар бўлган.
«Газ баллонлари бир ойдан ўтганда, бир ярим ойда бир етказилади», – дейди Жузимгул момо.
74 ёшни қоралаб қолган момо 4 ўғил, 3 қизни тарбиялаб вояга етказган. Қизларини узатиб, ўғилларини уйлантирган. Собиқ иттифоқ даврида Октябрь совхозида шоли етиштирилган.
Момонинг 4 ўғли ҳам фермерлар қўлида ишчи. Бир қизидан 1-гуруҳ ногирон қиз невараси бор.
«Телевизорда кўрамиз, байрамларда ногиронларнинг ҳолидан бориб хабар олишади. Яқинда ногиронлар куни ҳам бўлди. Аммо бизнинг бу ерларда хабар олишмайди-да. Ногироннинг ўзи билмаса ҳам қараб турганнинг кўнгли кўтарилиб қолади-да. Ҳеч бўлмаса, туман марказий шифохонасидан шифокор йилига бир марта келиб, хабар олиб кетса ҳам майли эди. Аксинча, шифокор ўзини олиб келинг, дейди. Лекин овулдаги патронаж шифокор келиб туради», – дейди Жузимгул момо.
«1999 йилда турмуш ўртоғим вафот этди, 7 фарзандни уйли-жойли қилиш ташвиши мени қаритиб қўйди. Аллоҳнинг инояти билан ишладим, тер тўкдим, ҳаммасидан қутулдим. Катта ўғлимнинг икки фарзанди қолганди. Уларни ҳам уйли-жойли қилдим. Уларнинг икки нафардан фарзандлари бор. 26 невара ва 7 чеварам бор», – дейди момо.
75 хўжалик яшайдиган овулда бошланғич мактаб бор. Овул болалари 5-синфдан бошлаб 7 км узоқликдаги бошқа мактабга қатнай бошлайди. Мактабга бориш учун эрталаб соат 7да йўлга чиқилади. Қайси бир ўқувчи пиёда, бошқаси велосипедда, яна кимдир эшакда мактабга қатнайди.
Йўлнинг ўзига бориб-келиш учун 3 соатдан ортиқ вақт кетади. Айниқса, биз бўлган кунларимизда ҳаво ҳарорати эрталаб –17-18 даража совуқ бўлгани инобатга олинса, ёш болаларнинг қуёш чиқмасданоқ йўлга тушишларини тасаввур қилинг-а?
Овулдагиларнинг тирикчилик манбайи – шоличилик ва чорвачилик.
Аёлларнинг ҳам ўз юмушлари ва оила иқтисодига ҳисса қўшиш учун ишлари бор. Момонинг айтишича, қишнинг илиқроқ кунларида ўғиллар тўқайзорлардан қамиш ўриб келтиришади, хонадон аёллари уларни тўқишади. Албатта, қаҳратон қиш вақтида тўқишни ҳам тўхтатишга тўғри келади.
«Аёзли кунларда совуққа чидамаймиз, чий тўқишни тўхтатамиз, унинг ўрнига қуроқ (матоларнинг кесик парчаларини улаш орқали ўзига хос нақшли кўрпачалар ва ёстиқлар тикиш) қураймиз. Қачонлардир ҳаётда асқатиб қолар деб, теварак-атрофдаги қўшнилардаги қизларга ҳам билганларимни ўргатаман, ҳунарнинг зарари йўқ-ку, жилла қурса, хўжаликка қўшимча даромад бўлади, – дейди Жузимгул момо.
Чий – қамишдан тўқилиб, ҳар бири 6 метрдан бўлади. 3таси бир тўплам ҳисобланади ва 400 минг сўмга сотилади. Унинг учун Нукусдан, Бухоро ва бошқа шаҳарлардан кўпроқ тадбиркорлар келиб олиб кетишади. Жекендан бўйра тўқилади.
Сиз зоғора нондан татиб кўрганмисиз? Йўқ эса, бир татиб кўринг. Жуда сермаза ва фойдали таомлардан бири. Момо бизнинг боришимизга тайёрлаган зоғора нондан татиб кўрдик.
Унинг тайёрланишига қизиқамиз. Жузимгул момонинг айтишича, жўхори дастлаб қайнатиб олиниб, сўнгра сузилади ҳамда 3га 1 нисбатда буғдой уни қўшилиб, хамир қорилади ва тандирда пишириб олинади.
Умримизнинг яна бир туни ортда қолди. Уфқда кунимизнинг янги қуёши кўрина бошлади. Ҳаво жуда совуқ бўлганигами, қуёш ҳам эриниб бош кўтаргандек туюлди. Ахир, ташқарида –18 даража. Лекин, мезбонларнинг таъкидлашича, хоналарнинг иссиқ бўлишига деворлар орасига қамишдан тўқилган шийлар қўйилгани сабабдир. Айнан ший тўсиқлар хона ҳарорати бир маромда бўлишини таъминлади. Бунга ўзимиз ҳам амин бўлдик, чунки хона деворлари унчалик ҳам қалин кўринмаса-да, эрталабгача хона иссиққина эди.
Янги кун. Атрофни томоша қилиш, тўқайзорларни оралаш истаги қанчалик кучли бўлмасин, мезбонларни меҳмонга таклиф қилган ҳолда, яна келиш нияти билан хайрлашамиз. Ҳамма ўз ишига шўнғиши керак.
Чимбой тумани, унинг поёнсиз тўқайзорларга эга табиати билан танишар эканмиз, туманни жиддий бир режа асосида Ўзбекистоннинг экстремал туризм марказига айлантирилса, янада ажойиб бўлар эди, деган фикрлар ҳам ўтди.
Нукус томон қайтиш йўлимизда мактабга йўл олган ўқувчиларга ҳам дуч келдик. Бири пиёда, иккиси эшакда мактабга кетмоқда эди.
Толиб Раҳматов, Kun.uz.
Kun.uz'нинг «Қишлоқда бир тун» рукнидаги бошқа видеомақолалар билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтишингиз мумкин.
Мавзуга оид
17:03 / 16.11.2024
Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманига янги ҳоким тайинланди
10:30 / 10.11.2024
Қорақалпоғистонда содир бўлган ЙТҲда пиёда вафот этди
18:32 / 28.10.2024
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига янги ўринбосар тайинланди
21:17 / 25.10.2024