Жамият | 12:15 / 26.01.2021
41443
4 дақиқада ўқилади

Пул ҳам йўқ, «Дамас» ҳам: Самарқандда фуқаролар автомашина учун тўлов қилиб чув тушишди

«Самарқандда янги очилган фирма фуқароларга фоизсиз, лизингга автомашина олиб берармиш. Ҳаммаси қонуний, шартнома билан...» Мана шу гап билан Самарқандда бир қанча фуқаро автомашина учун дастлабки тўловни амалга ошириб «куйиб» қолганини айтмоқда.

Таҳририятимизга мурожаат қилиб келган Самарқанд шаҳрида яшовчи Лола Вафаева ҳам ана шу ҳақда сўзлаб берди.

«Бугунги кунда фирибгарлар тузоғига тушиш осон. Буни билганимиз учун расман рўйхатдан ўтган корхонадан, икки томонлама шартнома тузиб автомашина олишга қарор қилгандик. Дастлабки тўловни эса қўлга бермай айнан банк орқали тўладик. Аммо шунда ҳам чув тушиб ўтирибмиз. На прокуратура, на ички ишлар органлари муаммомизни ҳал қилиб беролди. Нима қилишимиз керак?» — дейди Лола Вафаева.

Мурожаат эгасининг айтишича, у Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасида жойлашган «Avtohamkor 0 foyiz» МЧЖнинг Самарқанд шаҳри Гагарин кўчасида жойлашган бинолардан бирида жойлашган бўлими вакиллари билан лизинг асосида «Дамас» автомашинаси олиш учун шартнома имзолаган. Шу ҳужжатга асосан банк орқали салкам 16 миллион сўм дастлабки тўловни амалга оширган. Шартномага кўра автомашина 5 ой ичида етказилиши керак бўлган.

Белгиланган муддат ўтгач, 2020 йил октябр ойида корхона бўлимига борганда бу ерда ҳеч қандай «Avtohamkor 0 foyiz» МЧЖ вакилларини тополмайди. Улар вақтинчалик бинони ижарага олиб ишлаганини аниқлашади. Кўп ўтмай, шартномада кўрсатилган Тошкент шаҳрида жойлашган бош манзилида ҳам корхонанинг ҳеч қандай вакили йўқлиги аниқ бўлади.

Шундан сўнг Л.Вафаева ҳуқуқ-тартибот идораларига бир неча марта мурожаат қилган. Жумладан, Самарқанд шаҳар прокуратураси фуқаронинг мурожаатига ариза ҳудудийлик бўйича кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳри, Чилонзор туман прокуратурасига юборилганини маълум қилади. Чилонзор туман прокуратураси эса аризани Чилонзор туман ИИО ФМБга юборади.

Ниҳоят, Л.Вафаеванинг Ички ишлар вазирлигига қилган мурожаатига ҳам шу мазмунда жавоб келади: «ҳудудийлик бўйича Чилонзор туман ИИО ФМБга юборилди».

Чилонзор туман ИИО ФМБдан эса фуқаронинг айтиши бўйича жавоб ҳам келмайди.

Л.Вафаева эса ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишни тўхтатмайди. 2020 йил 11 декабр куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими фуқарога тўпланган ҳужжатлар бўйича мазкур ишда жиноят таркиби йўқлигини маълум қилган.

Лола Вафаева эса эндиликда корхонанинг шартномада кўрсатилган манзилида ҳам, Самарқандда фаолият олиб борган бўлимида ҳам бугун ҳеч ким бўлмаса, кимни судга бериш керак, дея боши қотган.

Таҳририятга мурожаатида Вафаева мазкур муаммони ёритишимизни, чунки машина оламан деб бу ҳолатга тушиб қолганлар Самарқандда оз эмаслигини айтмоқда.

Дарҳақиқат, орадан кўп ўтмай яна бир фуқаро таҳририятга мурожаат билан келди. Самарқанд шаҳрида яшовчи М.Нормуҳаммедова 2020 йилнинг 26 февралида «Avtohamkor 0 foyiz» МЧЖга «Damas» учун 7,5 миллион сўм дастлабки тўлов қилган экан. Энди на пулини, на машинани ололгани, корхона вакилларини ҳам тополмаётганини билдирмоқда.

Kun.uz «Avtohamkor 0 foyiz» МЧЖнинг фуқаролар билан тузилган шартномада кўрсатилган боғланиш рақамларига улана олмади. Самарқанддаги манзилни ҳам улар аллақачон тарк этишган.

Масаланинг яна бир жиҳати бор. Тошкент шаҳрида бир неча йилдан бери ишлаб келаётган худди шу номдаги бошқа бир корхона ҳам мавжуд. Фақат бу икки корхонанинг номида биттагина ҳарф фарқ қилади. Эҳтимол, бошқа шахслар ўхшаш номда фирма очиб фуқароларни чув туширган бўлиши ҳам мумкин. Афтидан бу воқеалар ривожига қараганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътибор қаратишига арзийдиган ҳолат юзага келганга ўхшайди.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид