Ўзбекистон | 23:39 / 26.01.2021
47574
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда метро, автобус ва йўналишли такси йўловчилари юрган масофасига қараб пул тўлайди

«Бу жараён якунига етиб қолди. Бунда масофага қараб бир транспортдан бошқасига ўтиш бўйича ҳам тўловлар кўзда тутилган», – деб маълум қилди пойтахт транспорт бошқармаси вакили.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бош мутахассиси Аҳрорхўжа Тошхўжаев 26 январь кунги матбуот анжуманида қатор саволларга жавоб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Метро бекатларида қанча кўп бекат юрилса, шунча кўп ҳақ тўланиши хабар қилинди. Бу қанақа меъёрлар асосида жорий этилади?

— Бу фақат метрополитен бекатларига эмас, балки автобус ва йўналишли таксилар учун ҳам амал қилади.

Юрган масофага қараб тўловни амалга ошириш бўйича туркиялик мутахассислар, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳамкорликда дифференциал, яъни қайишувчан тариф тўловлари бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Бу жараён якунига етиб қолди. Бунда масофага қараб бир транспортдан бошқасига ўтиш бўйича ҳам тўловлар кўзда тутилган.

Тошкент шаҳри марказий кўчаларида жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларга йўл чизиқлари қачон битказилади?

— Тошкент шаҳрида жамоат ва шахсий транспорт кўплаб ҳаракатланадиган 10 та кўчада Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ, Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ билан биргаликда ўрганиш ишлари олиб борилди ва танлаб олинди. Бу кўчалар жамоат транспортлари ҳаракатлари учун алоҳида бўлаклар сифатида йўл чизиқлари ва белгилари билан ажратилди. Бу йўлаклардан автобус йўналишлари, йўналишли таксилар ҳамда махсус автомобиллар: тез ёрдам, ёнғин ўчирувчи машиналар ҳаракатланиш имкониятига эга. Бу ҳозирда лойиҳа сифатида киритилган.

Бу – жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш учун қилинаётган ишлардан бири. Ҳозирда жамоат транспортида манзилга етиб олиш ўртача 40–50 дақиқани ташкил этади, ушбу лойиҳадан кейин 20–30 дақиқага тушириш кўзда тутилган.

Автобусларнинг йўналиш тезлиги ўртача 23 км/соат бўлса, лойиҳа ишга тушгандан кейин 30 км/соатга етиши кутиляпти.

Янги қурилган метро линиялари бошидаги биринчи бекатлар атрофида махсус автотураргоҳлар ташкил қилиниши режада борми? Европа тажрибасига кўра, шаҳар четида яшайдиган фуқаролар ўз машиналарида метро бекатигача келади ва манзилига метро орқали етиб олади. Бу бизда жорий қилинишига нима халақит қилади?

— Шаҳар марказидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида бу каби автотураргоҳларни ташкил этиш шаҳар жамоат транспорти учун ҳам, шаҳардаги тирбандликлар олдини олиш учун ҳам катта рол ўйнайди.

Ҳозирда Тошкент шаҳрида 500 мингдан зиёд шахсий автотранспорт рўйхатга олинган, Тошкент шаҳар жамоат транспортида қарийб 480 мингга яқин йўловчи ташилади. Бу шаҳар аҳолисининг ҳар ўнтадан биттаси жамоат транспортидан фойдаланади.

Туркиялик мутахассисларимиз билан биргаликда метро бекатлари атрофида автотураргоҳлар қурилиши ишлари ўрганилмоқда. Бунинг учун шаҳар ташқарисидан кириб келган транспорт воситалари оқими ўрганилган ва макромодел асосида транспорт ҳаракатини ташкил этиш режаларимиз бор.

Мавзуга оид