Ўзбекистон | 12:48 / 28.01.2021
14329
2 дақиқада ўқилади

2020 йилда Тошкентда юздан ортиқ кўп қаватли бинолар ноқонуний қурилган — Тошкент шаҳри бош архитектори

2020 йил Тошкент шаҳрида юздан ортиқ кўп қаватли бинолар ноқонуний қурилган, деб баёнот берди пойтахтнинг бош архитектори Нуриддин Соатов.

«Аксарият ҳолатларда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида кўп квартирали уй-жойлар қуриш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Оқибатда бундай жойларда қурилган кўп квартирали уйлардаги муҳандислик коммуникациялари тизимига салбий таъсир ўтказиб, айримларини қуввати етмай, айримларида эса турли хил авария ҳолатлари келиб чиқмоқда. 

2020 йилда ўтказилган хатловда 100дан ортиқ якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида якка тартибда уй-жой қурмасдан, уч ва ундан ортиқ қаватли (кўп квартирали) уй-жойлар (дом) қурилгани аниқланган. Бунинг оқибатида, шу уйлар атрофидаги аҳолининг норозилиги, коммунал соҳадаги муаммолар ортиб бормоқда», – деди Нуриддин Соатов 28 январь кунги брифингда.

Аввалроқ худди шу мазмундаги гапларни шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодексида якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида икки ва ундан ортиқ қават бўлган кўп квартирали уйларни қуриш тақиқланди.

Тошкент шаҳри прокурори Баҳриддин Валиев ҳам жуда кўп қурилишларга рухсат бериб юборилганини тасдиқлаганди.

«Тошкент шаҳрини олсангиз, жуда кўп қурилишларга рухсат берилиб кетган. Назаримда, буни шаҳар ҳокимига боғлаш нотўғри бўлади. Мен буни ўрганиб кўрганман.

Биласизми, қурилиш қилаётган фуқаро ерни бир мақсадда олади, иккинчи мақсадга ишлатади. Масалан, бир қаватли бино ёки офис қураман, дейди. Кейин иккинчи марта мурожаат қилади-да, 8-9 қаватли уй қураман дейди. Бу ерда асосий манфаат – тезда сотиб, тезда бойиш», – деганди Баҳриддин Валиев Kun.uz мухбирига берган интервьюсида.

Мавзуга оид