Ўзбекистон | 20:56 / 28.01.2021
6172
2 дақиқада ўқилади

“Jazeera Airways” авиакомпанияси Ўзбекистонга тўғридан тўғри авиарейсларни амалга ошириши мумкин

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Кувайтнинг “Jazeera Airways” авиакомпанияси вице-президенти Равиндран Бхаратхан бошчилигидаги делегацияси билан музокаралар ўтказди.

Фото: Getty Images

“Музокаралар давомида Кувайтдан Ўзбекистон шаҳарларига тўғридан тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, мамлакатимизга кувайтлик сайёҳлар оқимини ошириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди”, дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Хабарда айтилишича, Кувайт томонига Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, туризм соҳасидаги ислоҳотлар, фуқаролик авиаташувлари бозорини либераллаштиришга оид чора-тадбирлар, ҳудудий аэропортларда “очиқ осмон режими”нинг жорий қилиниши ҳақида батафсил маълумот берилди.

Кувайт делегацияси вакиллари 2021 йилнинг март ойидан “Кувайт - Тошкент” йўналиши бўйича мунтазам авиарейс очилишига, келгусида эса Ўзбекистоннинг бошқа туристик марказларига авиақатновларни йўлга қўйишга қизиқиш билдиришди.

Хабарда айтилишича, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти меҳмонларни “Jazeera Airways”нинг Ўзбекистонга парвозлар географиясини кенгайтиришга доир ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашга ҳамда тез орада авиарейсларни йўлга қўйишга рухсат олишга кўмак беришга ишонтирди.

Маълумот учун: “Jazeera Airways” Кувайтнинг энг йирик авиакомпанияларидан бири бўлиб, Европа, Яқин Шарқ ва Осиёнинг 40 га яқин мамлакатига мунтазам рейсларни амалга оширади.

 

Мавзуга оид