Ўзбекистон | 09:01 / 28.01.2021
5841
6 дақиқада ўқилади

ХТВ кўзи ожиз болалар учун 12 йиллик таълим сақлаб қолиниши сўралган мақолага муносабат билдирди

Жорий йилнинг 3 январ куни Kun.uz сайтида “Кўзи ожиз болаларнинг муаллимлари мурожаат билан чиқди. Улар 12 йиллик таълим сақлаб қолинишини сўрамоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Тошкент шаҳридаги 77-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернати ўқитувчилари кўзи ожиз болалар интернатларида таълим муддати 12 йилдан 11 йилга ўтказилаётгани кўзи ожиз ўқувчилар таълимига салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.

Мақола эълон қилинганидан деярли бир ой ўтиб, Халқ таълими вазирлиги ушбу мақола юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Вазирлик муносабатида айтилишича, кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида V-X синфлар учун дарс машғулотлари умумий ўрта таълим дастурининг V-IX синфларига нисбатан аниқ фанларнинг мавзулари кенгайтириб ўтилиши ҳисобига 5 йилда ўртача битта фанда дарс соатлари 26 – 27 соатга ортиши натижасида алоҳида X синф ташкил этилган. Натижада умумий ўрта таълим дастури бўйича тегишли синфда ўтилиши лозим бўлган мавзулар ўқувчиларга кейинги ўқув йили (синф)да ўтилмоқда.

“Бу мавзуларнинг мавсумга ҳамда ўқувчиларнинг физиологик ривожланишига мос равишда ўтилиши талабларига жавоб бермайди. Шунингдек, муассасаларнинг V-X синфларида биология, кимё ва физика фанларининг ўқув дастуридаги ўртача 44 соатлик лаборатория ишлари ўқувчиларнинг имкониятини инобатга олиб, назарий тарзда ўтиб келинади”, - дейилади ХТВ маълумотида.

Билдирилишича, президентнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан 2020–2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Қарор билан 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида мажбурий умумий ўрта таълимни 11 йиллик (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 9 йиллик) муддатда амалга оширилиши белгиланган.

“Бундан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни умумтаълим муассасаларида инклюзив таълим шароитида ўқишга тайёрлаш, билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялаш ҳамда уларга таълим-тарбия бериш тизимини такомиллаштириш ва кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилашдан иборат”, - дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, “Таълим тўғрисида”ги қонунда умумий ўрта таълим (I-XI синфлар), бошланғич таълим (I-IV синфлар), таянч ўрта таълим (V-IX синфлар) ва ўрта таълим (X-XI синфлар) босқичларидан иборат эканлиги белгилаб қўйилган.

Қонуннинг 34-35-моддаларига асосан жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган шахсларни ўқитиш махсус ўқув дастурлари асосида амалга оширилиши ҳамда жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқув режалари ва ўқув дастурларининг мазмуни, уларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартиби Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланиши қайд этилган.

“Кўришида муаммолари бўлган болалар учун таълимнинг дастлабки ўзлаштириш даври асосан бошланғич синфларга тўғри келади. Ушбу босқичда ўқувчиларга ўзаро ва ўқитувчи билан дастлабки мулоқот ўрнатиш, сўз бойлигини ошириш, саводини чиқариш, майда қўл моторикасини ривожлантириш ҳамда ўз-ўзига хизмат қилиш, предмет тасаввурини шакллантириш ва кўрув идрокини ривожлантириш, шунингдек, дастлабки математик тасаввурларни шакллантириш ўргатилади. Бу эса, ўқувчига мазкур босқичда бошланғич таълимни мустаҳкам эгаллаб олишига ёрдам беради.

Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунига мувофиқ мактабгача таълим ташкилотларида мактабга тайёрлов гуруҳларининг (олти ёшдан етти ёшгача) ташкил этилиши белгилаб қўйилган. Шунга кўра, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқув режалари ва ўқув дастурларига ўзгартириш киритилиб, ушбу турдаги муассасаларда тайёрлов гуруҳлари очилади. Ўқув режалар ва ўқув дастурлари умумий ўрта таълим олишда ва уларни билиш имкониятларига мувофиқ ишлаб чиқилади.

Тайёрлов гуруҳларга болалар 6 ёшдан қабул қилинади. Шунда, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олиш муддати тайёрлов гуруҳлар (1 йил), бошланғич таълим I-IV синфлар (4 йиллик) ҳамда юқори V-XI синфлар (7 йиллик) жами 12 йиллик муддатда амалга оширилади. 

Мослаштирилган ўқув дастурларига мувофиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларга давлат таълим стандартларини 11 йиллик муддатда ўзлаштириш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида тайёрлов гуруҳларининг очилиши ҳамда мослаштирилган ўқув дастурларининг яратилиши кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўқувчиларнинг умумтаълим мактабларида жорий этилган инклюзив ҳамда бошланғич таянч коррекцион синфларга кенгроқ жалб этилишини ва уларнинг инклюзив таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади”, - дейилади вазирлик маълумотида.

Мавзуга оид