Спорт | 07:50 / 30.01.2021
16874
9 дақиқада ўқилади

Черан ва Сергеев учун янги харидор, Арвеладзе ўрнига кўрилган номзодлар, «Насаф» етакчиси билан музокара. Жаъфар Ирисметов билан интервью

 Суперлига ва Осиё Чемпионлар лигаси янги мавсумига тайёргарлик кўраётган «Пахтакор» клуби Бирлашган Араб Амирликларида ўқув-машғулот йиғини ташкил этган. Амалдаги чемпионнинг янги мавсумга ҳозирлиги, клубдаги ўзгаришлар ва бир қатор трансферлар масаласида Tribuna.uz сайти мухбирлари Дубайда «Пахтакор» клуби спорт директори Жаъфар Ирисметов билан интервью уюштиришди.

«Черан ва Сергеевга «Бурирам Юнайтед» харидор бўлмоқда»

- Жамоадан 5 киши кетди. Асосий йўқотишларимиз Жалолиддин Машарипов ва Достонбек Ҳамдамов. Игорь Сергеев йиғинга қўшилмагани сабаби – биз у билан музокаралар олиб боряпмиз ва имкон қадар клубда олиб қолмоқчимиз. Ҳар бир футболчи фаолияти давомида шароитини яхшилаб олгиси келади. Биласиз, футболчининг фаолияти қисқа. Айни пайтда нафақат Сергеев билан, умуман олганда бизга бироз қийин бўлаётган жиҳат шуки, футболчиларимизга таклифлар кўп ва хориж жамоалари асосан катта маош эвазига футболчиларимизни чорлаяпти. Биз эса бундай маошлар тўлашимиз қийинроқ ва айнан шу сабабли ўйинчиларимизни ушлаб қолишимиз қийин бўляпти.

 Ўзбекистон миқёсида маошларни кўтариб юбормасликка ҳаракат қиляпмиз, чунки бошқа клубларимиз ҳам қийналиб қолиши мумкин бу даражага етказа олмай. Деярли 90 фоиз футболчиларимизни сақлаб қола олдик. Ўтган мавсум ҳам, бунисида ҳам Таиланднинг «Бурирам Юнайтед» клуби Сергеев ва Черанга харидор бўлмоқда. Игорга раҳмат, ўтган мавсум ўйнаб берди, чунки ўзаро оғзаки, эркакча келишувимиз бор эди ва у бунга амал қилди. У «Пахтакор» тарбияланувчиси ва бизга керак бўлган пайтда йўқ демади. Акс ҳолда ўтган мавсумдаёқ анча катта маош берадиган жамоага кетиши мумкин эди. У 2 йилдан бери юқори даражада ўйнаяпти, кўплаб голлар уряпти. Фикримча, Шомуродовни ҳисобга олмасак, у Ўзбекистондаги энг кучли ҳужумчи – Ўзбекистонда тўп тепаётган ҳужумчилар орасида энг кучлиси. Бошқа ҳужумчилар ҳам яхши, лекин Игорнинг натижалари рақамларда ҳам кўриниб турибди. Музокаралар давом этяпти, унинг ўзи ҳам бизнинг таклифимизни кутяпти. Осон бўлмайди. Амирликлар жамоаларидан ҳам катта қийматли таклифлар бор. Рақамлар ва жамоаларни ошкор қилолмайман, ҳаммаси якунига етса, билиб оласиз. Ҳа майли, олти рақамли суммалар эканини айта қолай.

 Футболчиларимиз бизга керак. Иложи борича ушлаб қолишга уринамиз, аммо юқорида айтганимдек, катта пулли таклифлар олдида бироз қийналиб қоляпмиз. Масалан, Ислом Кенжабоев «Насаф»дан Кореяга кетди. Адашмасам, унинг маоши бу ердагидан 5 баробар кўп бўлган. Қаранг, айнан молиявий афзалликлар роль ўйнаяпти, бўлмаса Ўзбекистонда ҳам ўйнаб юраверса бўларди-ку.

 «Нархи 700.000 доллар бўлган Достон Ҳамдамов эркин агент сифатида кетди»

- Мен ўзим футболчи бўлганман ва футболчиларни жуда яхши тушунаман. Ҳаммамиз ватанпарвармиз, лекин кимдир сизга «кел, фалон йил футбол ўйнагандинг, манавини олиб қўй», демайди. Фаолиятимиз қисқа. Футболни тугатгандан кейинги ҳаётимизни ҳам ўйлашимиз керак. Боринг ана, 35 ёшгача ўйнаймиз. Кейин-чи? Ҳамма ҳам функционер бўла олмайди. 3-4 киши мураббий бўлар, яна кимлардир спорт директори бўлар, яна кимдир администратор, аммо барча футболчилар ҳам шу йўналишда кетмайди-да. Собиқ футболчиларнинг 70 фоизи ишсиз қолади. Ўша фаолиятимизда орттирган пулларни кейин бизнесга тикамиз ё бошқа ишлар қиламиз...

 

Достон Ҳамдамов шартномаси тугагани учун кетди. Биз уни шартномаси бор вақтда сотганимизда унинг нархи 700 минг эди. У ўзини хорижда синаб кўргиси келди, шартномани узайтиришни истамади. Мана ҳозир у «Ан Наср» клубида. Биз бу клуб яратиб бераётган шароитларни беролмаймиз. Ҳали бор бунга. Достонни ҳам тушунаман – юқорида бу мавзу ҳақида айтиб ўтдим. Жамоада молиявий муаммолар йўқ, ҳаммаси жойида.

 «Шота Арвеладзе бошқа каттароқ клубда ишламоқчи»

- Шота Арвеладзе ўзини бошқа каттароқ клубда синаб кўрмоқчи эканини айтиб, жамоа билан хайрлашди. У жамоани яхши кўради, биз у билан доимий алоқадамиз – аҳволимиз, ишларимиз қандай кетаётгани билан қизиқиб туради. Кетишининг яна бир сабаби – оиласидан узоқда экани бўлди. 3 ярим йил давомида у оиласидан деярли айро яшади. 1 йилда 2-3 марта оиласи келиб-кетиши кам, албатта. Ўзим ҳам оиладан узоқда яшаш нималигини биламан ва уни тушунаман. Пандемия вақтида айниқса қийин бўлди – оиласи у ёқда, ўзи бу ёқда.

 Абдураимов, Цхахадзе ва Хюистра: раҳбарият Питерни танлади

- Бош мураббийликка Питер Хюистра вариантидан ташқари, ўзимизнинг Жасур Абдураимов ва грузиялик Кахабер Цхахадзе варианти ҳам бор эди. Раҳбарият нима учун айнан Питерга ишонди? Чунки у мана шу 3 ярим йил давомида ўрганган ўйинимиз, услубимизни сақлаб қолишни истади. Таркиб йиғаётганда ўйин фалсафасига мос келадиган футболчиларни танлаймиз. Ҳар бир футболчини харид қилишдан олдин 1-1,5 йил кузатамиз – бизга тўғри келадими, йўқми. Беҳуда трансферлар бўлиб қолмаслигини истаймиз.

 Омадли ва омадсиз трансферлар: легионерлар

- Олдинги йиллар тўп сурган Гонсалвеш, Канюк, Безерра, Гриффитс – уларнинг барчаси кетди. Очиғини айтганда, бу менинг эмас, Арвеладзенинг танлови эди. Улар йиғин ва кўрикларга келмайдиган, дарҳол тайёр шартнома тузиб келадиган футболчилар эди. Ҳаммасини ҳам омадсиз деб бўлмайди. Шахсан ўзим Драган Черанни клубга олиб келдим. Бу трансфер менинг ташаббусим дея оламан. У билан музокараларга ўзим киришганман, 7-8 ой у билан гаплашганман. Ҳозир «Насаф»нинг яна бир футболчиси Марко Станоевич мўлжалимизда. Ҳамробеков ҳам бошқа клубга трансфер қилиниши мумкин кейинчалик. Таклифлар бўлди. Кетиши мумкин эди. Унинг шартномаси 1 йил қолган. Яхшироқ таклиф чиқса, сотишимиз мумкин.

 Бошқа томондан жамоадаги ёшларга имкон туғилади ўзини кўрсатишга. Йўлдошев, Иминов, Розиев, Эркинов, Ҳошимов, Чобанов ўзини кўрсатади. Чобановни «Локомотив»га Фёдоров олиб келганди. Фёдоров ишдан кетгач, у бизга ўтишни маъқул кўрди. Хюистра билан маслаҳатлашиб, уни жамоада қолдиришга қарор қилдик. Ҳозир чертиб-чертиб танлаяпмиз футболчиларни. Энди икки қанотга вингерлар харид қилишимиз керак. Йўқ эмас, бор бизда қанот вингерлари Собиржонов, Эркинов. Улар кучсиз эмас, аммо бизга уларнинг ёнига бир тажрибали футболчи керак.

Жаъфар Ирисметов

Эрен Дердийўқ жароҳатлари туфайли мавсумни бир текис ўтказа олмади. Илк жароҳатидан тикланиб, яхши ўйнаб кетди, афсуски кейин яна жароҳат олди. Унинг яна бир фойдали томони, у Сергеевга рақобат қила олди ва бу Игорнинг ўзига ҳам фойда бўлди.

 Ўнг қанот ҳимояси муаммоми?

- Қанот ҳимояси ҳақида гапирсак, ўнг қанотда Ҳожиакбар Алижоновга Мирсаидов ўринбосар. Ёки Сайфиев ва Козакни ҳам ўнгда ўйната оламиз. Мирсаидовда бироз жароҳат борлиги учун йиғинга кела олмади. У Темур Кападзе бошқарувидаги Ўзбекистон ёшлар жамоасида ўйнайди.

 Марказий ҳимоя ва оптимал формага кирмаганлар ҳақида

- Марказий ҳимоядаги Кримец ва Исмоилов борасида шубҳамиз йўқ. Биргина ўйиндан хулоса қилиш керак эмас. Биз энди бошлаяпмиз юкламаларни, улар ҳали оптимал ҳолатга чиқиб олишади. Кримец оғирроқ бўлса ҳам, позицияни яхши танлай олади. Чобанов ҳали жамоага тўлиқ киришиб кетса, Ўзбекистондаги келажаги яхши марказий ҳимоячига айланади.

 Албатта, ҳужумкор футболчиларни таклиф қилсак, барибир ҳамма Жалолиддин Машарипов билан солиштира бошлайди. Шунинг учун биз бу нуқтага танлаб-танлаб, энг яхши футболчиларни олишимиз керак.

 «Мақсад доим битта – барча турнирларда ғолиблик»

- Мақсадимиз доимгидек жиддий – ҳар бир турнирда чемпионлик! «Пахтакор» ўз олдига бошқа мақсад қўя олмайди. «Пахтакор»нинг энг ёмон вақтларида ҳам, пул борми, йўқми, мен борманми, бошқа одам ишлайдими бу ўрнимда, фарқи йўқ – «Пахтакор» доим энг юқори марраларни кўзлаган ва кўзлайди.

 Бобур Акмалов суҳбатлашди,
Дубайдан Tribuna.uz учун махсус.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид