Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Китобда ёлғиз ўғил пичоқланди ва бир кўзидан ажралди: зарар қопланмади, иш эса «бости-бости» қилинди
Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида истиқомат қилаётган онанинг ёлғиз ўғлини холаваччаси майиб қилди. Она биз билан суҳбатда терговни кўнгилдагидек олиб бормаган ва уларни чув туширган ички ишлар ходимларидан нафратланишини баён қилди.
Келинг, бир бошидан ҳикоя қиламиз. Хадича Ҳусинова Қашқадарё вилояти Китоб тумани «Али Қушчи» маҳалласида ижарада истиқомат қилади. Шаҳзод ва онасининг ўз уйлари йўқ. Хадича Ҳусинованинг катта опасининг ўғлининг уйида ижарада туришарди.

У турмушидан ажралган, икки нафар фарзандини ёлғиз ўзи катта қилган. Айни пайтда тўнғич фарзанди — қизини турмушга узатган.
Хадича опанинг ҳали 17 ёшга кирмаган, ягона ўғли Шаҳзод Усмонов бугунги ҳикоямиз қаҳрамонидир.
2020 йил 2 март куни оилада машъум воқеа рўй беради. Шаҳзодни холаваччаси (Хадича опанинг опаси Зулайҳо Ҳусанованинг ўғли) 24 ёшли Дадахон Ҳасанов муштлари билан уриб, чап кўзи соққасини ёриб юборади. Камига унинг баданига 2 марта пичоқ билан уриб, оғир тан жароҳати етказади. Ҳозир Шаҳзоднинг чап кўзи кўрмайди.

«Ўша куни бозорда 1,5 миллион сўмга қўй сотган эдим. Зулайҳо холам неваралик бўлгани учун уларнинг уйида йиғин ташкил этилди. Дадахон бўлам бизни чақириб келди. Онам кийиниб кетди, ортидан мен уйдан 500 минг сўм пул олиб бозорлик қилиш учун дўконга Дадахон билан кирдим ва уйларига етиб бордик».
Машъум воқеа юз берган куни Шаҳзод онаси билан Дадахонларникида меҳмон бўлгач, ошни еб дарҳол уйига қайтади. Уни холаси ва Дадахон кузатиб қўяди. Сериал кўраётган онаси эса Дадахонларникида қолади.
Шаҳзоднинг ҳикоя қилиб беришича, у уйга қайтиб келгач, бироз ўтиб Дадахон эшикни тақиллатиб кириб келади.
«Дадахон Варганзага бормоқчиман, юр сени ҳам олиб кетай деди. Мен йўқ дедим. Сўнг у «унда бироз шу ерда ўтириб турай», деди. Бирга телевизор кўриб ўтирдик. Бозорда қўй сотганимни сўради. Суҳбат асносида кутилмаганда чап кўзимга мушти билан қаттиқ урди. Мен йиқилиб қолганимдан сўнг устимга чиқиб яна 3-4 марта мушт туширди. Кўзим тирсиллаб ёрилди ва қон отилиб оқа бошлади. Мен жон ҳолатда уйдан чиқиб, дарвозахона томон йўналдим. Ортимдан Дадахон етиб бориб, бўйнимдан бўғиб, чўнтагидан пичоқ чиқариб икки марта кўкрагимга санчди. Яна бўға бошлади. Унинг чангалидан бир илож қилиб қутулиб, холамларникига бордим. Дарвозани тақиллатиб, ўша ерда ҳушимдан кетибман», — деб ҳикоя қилади Шаҳзод Усмонов.
Шаҳзоднинг онаси Хадича опа фарзандига етказилган жисмоний зарардан ўзини қўярга жой топа олмайди: «У соппа-соғ эди, тенгдошлари билан Шаҳрисабздаги нодавлат Темурбеклар мактабида таҳсил олаётган эди. Ҳарбий либос кийган куни бу дунёда мендан бахтли инсон йўқ эди. Ўғлим ўқиб катта одам бўлишини истаган эдим», — деб йиғлайди онаизор.

Бугунги кунга келиб, холаваччасининг соғлиғига жиддий зарар етказган, Жиноят кодекси 111-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш) 2-қисми билан айбланган Дадахон Ҳасанов жавобгарликка тортилмади ва зарарни қоплаш учун жабрланган тарафга бир сўм ҳам бергани йўқ.
Хадича опа буни туман ички ишлар бўлими ходимлари, жумладан, терговчи подполковник Ҳулкар Неъматова ҳамда маҳалла профилактика инспектори Феруз Тўхтамишевнинг ёлғонларига чув тушгани билан изоҳлайди.
«Ички ишлар ходимлари нима дейишса, улар сари бордим. Ҳаммасига кўндим. Чунки умримда милицияга ишим тушмаган. Улар ёрдам беради, деб ўйлаган эдим. Қолаверса, Дадахон ҳам бегона эмас, опамнинг ўғли. Лекин улар мени алдаб, чув туширишди. Жабр кўриб, судма-суд идорама-идора сарсон бўлганимиз қолди, холос», — деб тушунтирди Х.Ҳусинова.
Маълум бўлишича, тергов жараёнида ички ишлар органи ходимларининг хатти-ҳаракатлари аввалдан қариндош оилаларни яраштириб, ишни бости-бости қилишга қаратилган.
Жумладан, 2020 йил 30 март куни хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Чориев Қаҳрамон Тўхтамишевич ҳузурида Дадахон Ҳасановнинг онаси Зулайҳо Ҳусанова синглиси Хадича Ҳусиновадан 10 миллион сўм қарз олгандек, қарз шартномаси тузилади.

Ўғли бировни уриб майиб қилгани учун товон пули тўлаши керак бўлган кишига жабр кўрган томон қарз бериши соғлом ақлга сиғмайди, албатта. Бу — оддий қишлоқ аёлларининг хаёлига келмайдиган юридик процедура. Буни ким ўргатганини сўрадик.
Хадича опанинг ҳикоя қилишича, Китоб туман ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, подполковник Ҳулкар Неъматова, «Али Қушчи» маҳалласи профилактика инспектори, лейтенант Феруз Тўхтамишев ва яна бир ички ишлар ходими Сурум маҳалласида жойлашган нотариал идорага 10 миллион сўм олиб боришади ва қарз шартномаси имзоланади. Албатта, процедура ўтиб олгач, томонларга пул берилмайди. У шунчаки, нотариуснинг кўзини бўяш учун. Опа сингилдан 10 миллион сўм қарз қилинади.
Боз устига, Зулайхо Ҳусанова ўғлига судланмаслиги учун, зарарларни қоплаш мақсадида 8 сотих ҳужжатсиз ер майдонини уй-жойи йўқ синглисига расмийлаштириб бериш учун ҳам тилхат беради. Ушбу тилхатга «участковой» Феруз Тўхтамишев ва терговчи Ҳулкар Неъматова (Нийматова) ҳам имзо чеккан.


2020 йил 7 май куни Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг ажримига кўра, томонлар ярашганлиги туфайли жиноят иши тугатилади.
Хадича Ҳусинованинг айтишича, суд мажлисига Ҳулкар Неъматова яна 10 миллион сўм нақд пул олиб келади ва зўравонлик қилган томон зарарни қоплади, дея судьяга кўрсатилади.


Суд ўтиб, ишлар «бости-бости» бўлгач, Хадича опага ҳеч нарса берилмайди. Қўлида опаси имзолаб берган 10 миллион сўмлик қарз шартномаси ва тилхат турибди, холос. Иккита варақ.
Ушбу машмашада энг қизиғи Китоб туман ички ишлар бўлими терговчилари томонидан жиноят ишида воқеанинг қай тарзда рўй бергани баён қилинганидир.
Ички ишлар органи терговчиларининг версиясига кўра, Дадахон Ҳасанов ўша куни Шаҳзод онаси билан истиқомат қиладиган уйга келади. Шаҳзод уйда пичоқ билан олма арчиб ўтирган бўлади. Дадахон дарвозани қаттиқ тепади. Шаҳзод қўлида пичоқ билан югуриб чиқади. Дарвоза очилиб кетиб, унинг қулф иладиган жойи Шаҳзоднинг чап кўзига кириб кетади. Шаҳзоднинг қўлидаги пичоқ қўлидан тушиб кетади ва Шаҳзод ўша пичоқнинг устига йиқилиб тушади.
Икки марта! Чунки пичоқ танага икки марта кирган. Бу машҳур анекдотни эслатиб юбормаяптими?
Ҳолбуки, Шаҳзод Усмоновнинг экспертиза чоғидаги дастлабки кўрсатмалари ва бизга сўзлаб берган тафсилотлари фарқланмаяпти. Боз устига у вояга етмаган ҳисобланади. Тергов материалларида унинг номидан ёзишган ва асосан ишончли вакили — онасидан сўралган.
Иш билан танишганимизда ҳеч жойда ҳозиргина ўз уйидан меҳмонни кузатиб юборган одам нима мақсадда яна унинг уйига келганига аниқлик киритилмаган.
Воқеа содир бўлганда Хадича Ҳусинова Дадахонларникида меҳмонда бўлган. Дадахон қўллари қон ҳолатда кириб келиб онасига «Паспортимни топиб беринг, мен одам ўлдирдим», деб бақирган. Яъни, қочмоқчи бўлган. Ҳали Хадича опа ўз ўғли пичоқланганини билмасди...
Энди бир кун олдин бозорда 1,5 миллион сўмга қўй сотганини ёдда сақлаймиз, Дадахон Ҳасанов олдин ҳам ўғрилик ва бошқа жиноятларда гумонланиб, терговга жалб қилинганини, ички ишлар ходимлари, маҳалла-кўйнинг «опа-сингилсизлар, зарарлар қопланади, яхши эмас судлашиш», деб тушунтиришларини бунга қўшинг. Яхлит манзара ҳосил бўлади.
Шаҳзод Усмонов эса бизга ички ишлар ходимлари қаттиқ босим қилганини, агар Дадахон қамалиб кетса, қайтиб чиқиб келиб ўч олиши мумкинлигини ҳам айтганини таъкидлаб ўтди.
Биз Шаҳзодга етказилган жароҳат борасида ўша куни уни операция қилган врач, Самарқанд вилоят ихтисослаштирилган кўз касалликлари шифохонаси микрохирургия бўлими бошлиғи Отабек Баҳромовдан интервью олдик.

Врачнинг айтишича, Шаҳзодга оғир тан жароҳати етказилган, кўз соққаси кўриш қобилияти тикланмайдиган тарзда жароҳатланган. Шифохонада унга барча ёрдам кўрсатилган. Касаллик тарихи Китоб туман ИИБ ходимларига топширилган.
Биз мазкур масала бўйича Китоб туман ички ишлар бўлимида бўлиб, подполковник Ҳулкар Неъматовага саволлар билан мурожаат қилдик. У интервью давомида овоз ёзиб олинишига қаршилик қилди: «бошлиқ рухсат бермади», деб.

Нима ҳам дердик, айнан мана шундай «бошлиқ»лар терговнинг видеоёзув ёрдамида ўтказилишига ҳам тиш-тирноғи билан қаршилик қилиб келишади. Ахир яширадиган ҳеч нарсаси бўлмаса, қилган ҳамма ишлари тўғри бўлса – нега сўзлашув ёзиб олинишига қарши бўлди? Буниси энди ўзларининг виждонига ҳавола.
Тахминимизча, Ҳулкар Неъматова ҳозир сиз ўқиб турган, у бизга айтган гапларни кейинчалик «мен айтмаганман», дея рад этиши учун шундай йўл тутди, деб тушуниб қўя қолдик.
Биз нима мақсадда келганимизни эшитган Ҳулкар Неъматова «Жиноят иши томонлар ярашгани туфайли тугатилгани боис» энди жабрланувчиларнинг шикоят қилиш ҳуқуқи йўқлигини беписандларча эълон қилди. Ишни «пишириб» бўлганмиз, энди қўлларингдан ҳеч нарса келмайди, дегандек.
Бироқ, жабрланувчи томоннинг кассация шикояти вилоят судида қаноатлантирилгани, жиноят иши нотўғри малакалангани сабабли қайта кўриш учун жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига қайтарилганини биздан эшитиб, терговчининг ранги оқариб кетди, каловланиб қолди. Ўша куни туман бўйлаб электр ўчгани, хона қоронғи бўлганига қарамасдан бу билинди.

Кейинги тактикасига кўра, терговчи Неъматова жабрланувчи боланинг онаси мурдашўй эканлигини пеш қилди. Албатта, бизни иргантириш учун. Лекин биз бу аёл билан учрашиш учун икки марта Китобга бордик ва ҳар икки сафар ҳам аёл жанозадан ўлик ювиб келиб, бизга учрашган эди.
Ниҳоят, Ҳулкар Неъматова нотариус ва судга борганини ҳам, 10 миллион сўм нақд пул олиб борганини ҳам рад этди.
(Буни ҳам, 30 март ва 7 май кунлари Ҳулкар Неъматова ва Феруз Тўхтамишев ўша ҳудудда бўлганлиги, нотариус ва Шаҳрисабз туманидаги судьяларга қўнғироқ қилганини мобил телефон рақамини пеленгация қилиш йўли билан аниқлаш мумкин. Бизда бундай ваколат йўқ, буниси энди ИИВ томонидан амалга оширилади, агар уларда ҳақиқатни рўёбга чиқариш истаги бўлса!)
Албатта, жиноят жазосиз қолмаслиги керак. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди Хадича Ҳусинованинг кассация шикоятини қаноатлантирди ва ишни ўрганишни Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига қайтарди. Суд ишни қайта терговга оширган. Айни пайтда Китоб туман прокурори ишни қайта терговга йўналтиради.
Умид қиламизки, терговни олиб бориш бошқа туманга берилади. Китоблик терговчиларнинг маҳорати оқибатини барчамиз кўриб турибмиз — жабрланувчининг онаси уларни кўрса нафратланади.
Чунки, жияни Дадахонни бозорда учратиб қолган Хадича Ҳусинова ундан ҳақорат ва мазах эшитганини айтиб берди: «Начальник мелиса ва терговчилар менинг тарафимни олишди, сенлар нима қилолдинглар?» деган. Дарҳақиқат, жиноятчини сувдан қуруқ олиб чиқиб кетган ички ишлар вакилларидан ҳар қанча нафратланса арзийди. Онага бу борада ҳеч қандай эътироз йўқ.
Kun.uz воқеалар ривожини, бу ишда айбдорларга қандай чоралар кўрилишини синчковлик билан кузатишда давом этади.
Бироқ, ушбу воқеада барчамизни сергак торттириши керак бўлган яна бир муҳим жиҳат бор: Она ва бола ишсиз ва уйсиз. Саломатлигига путур етгач, Шаҳзод ҳам ҳарбий мактабдаги ўқишини ташлади. У ҳали яна даволаниш курсларини ўташи керак. Оила ночор. Қарзга ботган. Алданган.
Хадича Ҳусинова ўғлини даволатиш учун йиғиб қўйган барча маблағларини сарфлаб бўлиб, қарз ҳам олишга мажбур бўлганини айтиб ўтди.
Мусибат устига мусибат экан, ушбу материал тайёрланаётган аснода Хадича опа чақалоқ неварасидан ҳам жудо бўлди.
Биз ушбу оила учун хайрия акциясини ўтказиб, ўғилни даволатиш, шунингдек, она-бола учун чоғроққина уй харид қилишни мақсад қилдик. Улар шу пайтгача истиқомат қилиб келаётган ижара уйининг эгаси бўлган йигит — жияни уйланди, қолаверса, энди улар машъум воқеа рўй берган хонадонда туришни ҳам исташмаяпти. Албатта, Kun.uz таҳририяти ҳам бунда ўз улушини қўшади.
Қариндошларнинг ситамидан, ички ишлар органларининг алдовидан жабр кўрган она ва болага ким ёрдам қўлини чўзишни истаса, Хадича опанинг номига очилган пластик карточкаларга баҳоли қудрат, ҳимматларига яраша маблағларини ўтказиб бериши мумкин.
Она барча яхшиларни узоқдан узоқ дуо қилиб қолди.
Карта рақамлари:
HUMO: 9860 0303 0225 4724
UZCARD: 8600 1404 9856 3957
VISA: 4023 0602 2171 3778
Телеграм орқали алоқа учун: @shokirjonovbot
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири
Тасвирчи: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
23:56 / 20.05.2025
ИИБ ходимини пичоқлаган шахсни қўлга олишда ёрдам берган фуқаро 10 млн сўм билан тақдирланди
20:24 / 19.05.2025
Тошкентда руҳий касал эркак ички ишлар ходимини пичоқлади
10:06 / 21.04.2025
Бухорода ИИБнинг қатор мулозимлари ишдан олинди
12:04 / 05.04.2025