Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлар нега Самарқандда бўлиб ўтаётган синовларга юборилмади?
Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлар нега Самарқандда бўлиб ўтаётган синовларга юборилмади? 27 январдан бошлаб Россиянинг иккита қурилиш корхонаси Самарқанд шаҳрида мамлакатимизнинг 9 та ҳудуди аҳолиси учун Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни танлов асосида суҳбатдан ўтказмоқда. Бугун Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлар Самарқандда ўтказилаётган синовларга қўйилмагани ҳақида мурожаат тушди. Kun.uz мазкур мурожаат юзасидан суриштирув ўтказди.
Аввалроқ жорий йил 15-31 январ кунлари «ПИК Индустрия» АЖ ва «Техстрой» МЧЖ қурилиш корхоналари вакиллари Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни танлов асосида суҳбатдан ўтказишни режалаштиргани ҳақида хабарлар берилган эди.
Хабарларда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри аҳолиси учун синовлар Самарқанд шаҳридаги Транспорт коллежи биносида 25-31 январ кунлари ўтказилиши маълум қилинган эди. Аммо графикдан 2 кун кечикиб бошланган бу танловга Сирдарё вилояти фуқаролари юборилмаган.
Сирдарё вилоятидан йўлланган мурожаатда ёзилишича, Россияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар вилоят ташқи миграция бошқармасига мурожаат қилганида, бошқарма ходимлари уларни Самарқандга боришдан қайтарган ва бирида синовлар қолдирилганини, яна бирида кейинроқ Сирдарё вилоятининг ўзида ўтказилишини билдирган. Яна бир сафар эса Россия қурилиш корхоналари Фарғона ва Урганчда кўп одам олгани учун Сирдарё вилоятидан Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни синовдн ўтказишга эҳтиёж қолмагани айтилган.
Масалага ойдинлик киритиш учун аввал Ташқи миграция агентлигининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Исроилов билан боғландик. Унинг айтишича, вилоят ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари синов бошланишидан аввал Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни Самарқандга юбормасликни сўраган. Бунинг сабабини улар Самарқандга кўп одам борса, карантин қоидаларига ҳам зид бўлишини ва ташкилотчилар борганларнинг барчасини синовдан ўтказиб улгура олмаслиги мумкинлиги билан изоҳлаган.
«Ҳали аниқ санасини айтишмади, аммо 3 ёки 4 феврал куни синовлар ўзимизнинг вилоятда бўлар экан. Аммо бизга ҳали аниқ санани айтишмади. Шу учун фуқароларни қайтаряпмиз. Акс ҳолда автобусларгача гаплашиб қўйган эдик», деди Сирожиддин Исроилов.
Шундан сўнг, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг синов ўтказилиши ҳақидаги хабарларда кўрсатилган +99871 202-33-55 рақамига қўнғироқ қилдик. Саволларимизга жавоб берган 5-рақамли оператор (у ўзини шундай деб таништирди) Россия қурилиш корхоналари томонидан Фарғона ва Урганчда ўтказган синовларга мўлжалдагидан анча кўп одам келгани, шу сабабли синовлар ортга сурилганини маълум қилди.
Унинг айтишича, Самарқандда бўлиб ўтиши керак бўлган синовлар 2 кун кечикиб бошланган. Шу боис синовлар 31 январ эмас, 5 февралгача давом эттирилиши белгиланган. У Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлар синовдан ўтиш учун Самарқандга юборилмаганини тасдиқлаб, 3 феврал куни Самарқандда кун давомида фақат Сирдарё вилоятидан бўлган талабгорлар синовдан ўтказилишини маълум қилди.
Орадан бироз ўтиб, агентликнинг Сирдарё вилояти бошқармаси нега бу ҳақда маълумотларга эга эмаслигини аниқлаш учун Ташқи миграция агентлигига қайта қўнғироқ қилганимизда бу сафар бошқа оператор жавоб берди. У ҳам Фарғона ва Урганчда синовга кўп одам келганини ва график бузилганини тасдиқлади. Унинг айтишича, Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлардан ўз техникаси борларнинг Самарқандга боришига тўсқинлик қилинмаган. Фақат шахсий автотранспорти йўқлар Самарқандга бориб келишда йўлкира сарфламаслиги ва биринчи кун синовдан ўтишга улгурмаса, ётоқ топишда муаммоларга дуч келмаслиги учун, уларга синовларни 3 февралда Сирдарё вилоятининг ўзида ўтказиш белгиланган.
Шу жойда ҳар иккала операторнинг сирдарёликлар учун синовлар қаерда бўлиб ўтиши ҳақида икки хил жавоб бериши, бунинг устига агентликнинг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи аниқ маълумотларга эга эмаслиги жуда ажабланарли ҳолат.
Шундан сўнг, Kun.uz мухбирлари ҳолатга янада ойдинлик киритиш мақсадида Самарқанд шаҳрида синовлар бўлиб ўтиши белгиланган Спитамен шоҳкўчаси 270-манзилда жойлашган Самарқанд транспорт коллежи биносига борди. Аммо у ерда ҳеч ким йўқ эди. Қоровулнинг айтишича, манзил ўзгарган ва синовлар шаҳарнинг Мирзо Бедил кўчасидаги 18-А манзилда жойлашган Самарқанд автомобилсозлик коллежига кўчирилган. Транспорт коллежига келганлар, иккита коллежнинг ораси унча узоқ эмас, автомобилсозлик коллежига юборилган.

Самарқанд автомобилсозлик коллежида саволларимизга Ташқи миграция агентлигининг ташкилий ишга жойлаштириш бошқармаси бошлиғи Азаматжон Матлюбов жавоб берди. У манзил ўзгарганини изоҳлар экан, Самарқанддаги асосий кўчалардан бири бўлган Спитамен шоҳкўчаси тирбанд бўлиб кетишининг олдини олиш учун, синовлар Мирзо Бедил кўчасидаги коллежга кўчирилганини маълум қилди.
Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликларнинг синовга қўйилмагани ҳақидаги саволга А.Матлюбов, Сирдарё вилоятидан ўз шахсий машинасида келадиганлар учун ҳеч қандай чеклов бўлмаганини, фақат шахсий машинаси йўқлар йўлкира сарфламаслиги учун синовга юборилмаганини, улар учун 5 февралгача Сирдарё вилоятининг ўзида синовлар ташкил этилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Шундан сўнг, А.Матлюбов бугун синовда қатнашганларнинг вилоятлар кесимидаги маълумотларини кўрсатди, унда бир қанча сирдарёликлар ҳам бор эди.
«Синовлар 31 январ куни тугаши керак эди. Аммо Фарғона ва Урганчда мўлжалдагидан ҳам кўп одам келгани графикни 2 кунга кечиктирди. Шу сабабли хоҳловчиларнинг барчасига имконият бериш учун синовлар 5 февралгача давом эттирилиши белгиланди. Фарғона ва Урганчда кўрдик, жуда кўп одам келди. Табиийки, айримлар карантин қоидаларига ҳам амал қилмади. Шу сабабли, Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлар учун 5 февралгача Сирдарё вилоятининг ўзида синов ўтказилиши режалаштирилаяпти. Аммо ўз уловида Самарқандга келганлар ҳам қайтарилмайди», деди А.Матлюбов.
Ташқи миграция агентлигининг телеграмдаги расмий каналида ҳам, сайтида ҳам на Самарқандда синовлар ўтказиладиган манзил ўзгаргани, на график икки кунга кечиккани ва на 3 феврал куни Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлар учун вилоятнинг ўзида синов ўтказилиши ҳақида маълумот топа олмадик.
Қолаверса, телефон қўнғироқларига жавоб берган операторларнинг гапи, А.Матлубовнинг сўзларига мос келмаяпти. Улардан бири сирдарёликлар 3 февралда Самарқандда синовдан ўтади деган бўлса, иккинчиси 3 февралда Сирдарё вилоятида ўтади деди. Матлюбов эса фақат режалаштираяпти деган гап билан чекланди. Қисқаси Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлар учун синов қачон, қаерда бўлиб ўтиши ҳозирча аниқмас. Мана шу ўринда нега агентликнинг Сирдарё вилоят бошқармасидагилар аниқ маълумотларга эга эмаслиги ойдинлашади.
Бундан ташқари, карантин қоидалари амал қилаётган пайтда Россияда ишлаш истагида бўлган талабгорлар кўп бўлиши инобатга олинмай, 9 та ҳудуд аҳолиси учун синовлар фақат Самарқандда ўтказилиши ҳам тушунарсиз. Ахир, Самарқандга Россияда ишлаш истагида бўлган одамлар кўп келгани учун барибир қайсидир вилоятларда алоҳида синов ташкил қилиняпти-ку! Нега бошидан шунақа қилинмаган? Ўйлаймизки, Ташқи миграция агентлиги кейинги синовларда барчасини инобатга олади.
Мавзуга оид
08:13 / 27.05.2025
Ҳаж зиёратига юборишга уринган шахслар ушланди
14:06 / 26.05.2025
Япония бозори учун кадрлар тайёрлаш бўйича таълим дастурлари ишлаб чиқилади
08:40 / 13.05.2025
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти MH17 ҳалокати учун Россияни жавобгар деб топди
17:02 / 12.05.2025