Ўзбекистон | 19:03 / 01.02.2021
66768
2 дақиқада ўқилади

Отабеков британча штамм қандай белгилар билан кечиши ҳақида маълумот берди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков британча штамм билан касалланганда қандай белгилар кузатилиши ҳақида маълумот берди.

Унинг маълум қилишича, коронавируснинг британча штамми билан касалланганда бош оғриғи, мушаклардаги оғриқ, тез бошланган ва авжига чиққан йўтал, баъзан кўнгил айниш каби клиник белгилар кузатилади.

«Британча штаммнинг коронавируснинг аввалги шаклларидан фарқи унда ҳид ва таъм билиш йўқолишининг нисбатан камроқ кузатилишидадир. Бошқа кўрсаткичлар бир-бирига ўхшаш.

Бу штамм бошқаларига нисбатан тезроқ тарқаляпти ва болаларга кўпроқ юқяпти. Шуни таъкидлаш лозимки, бу вируснинг охирги мутацияси эмас. Вирус ҳам изланишда ва у янги штаммларини пайдо қилиш орқали ўзининг ҳимоясига ҳаракат қилмоқда. Бундан фожиа ясамаслик керак.

Британча штамм ҳам бошқалари сингари аломатларсиз кечиши мумкин. Ҳозир бу штамм аниқланган ўзбекистонлик беморнинг ҳам аҳволи яхши, унда жиддий клиник белгилар кузатилмаган. Касаллик асосан енгил ва симптомларсиз ўтади. Организмнинг иммун тизими бу касалликка қарши курашишга қодир бўлмаса, қувватсизланган бўлсагина оғирроқ кечиши мумкин», деди Отабеков коронавируснинг британча штаммига қарши кўрилаётган чоралар юзасидан ўтказилган брифингда.

Мавзуга оид