Ўзбекистон | 18:59 / 01.02.2021
8437
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда мактаб қурилиши учун давлат томонидан ажратилган 631 миллион сўм талон-торож қилинди

Самарқанд вилоятида давлат томонидан мактаб қурилиши учун ажратилган катта миқдордаги пул талон-торож қилинган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Самарқанд туманидаги 24- мактабда «F.» номли МЧЖ томонидан амалга оширилган қурилиш ишлари текширилган. Қурилиш корхонаси раҳбарлари смета ҳужжатларида кўрсатилган қурилиш-монтаж ишларини амалда тўлиқ бажармасдан, маълумотларни қўшиб ёзиш орқали 631,7 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди.

Маълумот учун, Самарқанд туманидаги 24-мактаб туманнинг Пулимуғоб маҳалласида жойлашган.

Вилоят прокуратураси вакиллари давлат бюджетидан ажратилган пулларни ўмариш билан боғлиқ яна бир жиноятни фош этган. Каттақўрғон туманидаги учта маҳаллага сув чиқариш мақсадида қурилган сув иншоотида «N.» номли МЧЖ томонидан амалга оширилган ишлар ўрганилганда, корхона раҳбарлари сметада кўрсатилган ишларни тўлиқ бажармай, маълумотларни қўшиб ёзиш орқали 240,5 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Юқоридаги икки ҳолат юзасидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Жиноят кодексида бу модда билан айбланганларга нисбатан улар келтирилган зарарни қоплаган тақдирда озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмаслиги белгиланган.

Мавзуга оид