Ўзбекистон | 17:12 / 01.02.2021
27676
5 дақиқада ўқилади

Штаб аъзоси: «Янги штамм ўта юқувчан ва ёшларни ҳам зарарлай олиши мумкинлиги билан хавфли»

Жорий йилнинг 30 январ куни Ўзбекистонда Covid-19 коронавирус инфекциясининг «британча штамми»га чалинган илк бемор қайд этилди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига бу касалликнинг тарқалиши юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Штаб аъзоси 2019 йил охирида Хитойнинг Уҳан шаҳрида аниқланган Covid-19 вирусини текшириш, аниқлаш ва даволаш йўлида илмий изланишлар давом этаётганини таъкидлаган.

«Ўтган фурсат ичида вирус ҳам ўзгариб, мутацияга учраб, янгидан янги шаклларга ўтиб борди. Айни пайтдаги вирус аввалгисидан 20та жиҳати билан ажралиб туради. «Британча штамм»нинг икки ой мобайнида 17та жиҳати ўзгариб, тез мутацияга учрамоқда. Шунингдек, у ўта юқувчан ва ёшларни ҳам зарарлай олиши мумкин бўлганлиги билан ҳам хавфлидир.

Коронавируснинг янги B.1.1.7 шакли тез суръатларда тарқалиши билан дунё олимлари эътиборини тортди ва янги штамм тариқасида ифода этилди.

Вирус мутацияси узоқ вақт онкологик касалликка чалинган ва иммунитетни босувчи дори воситаларни қабул қилган инсон организмида узоқ муддат мутацияга учраши натижасида юзага келгани қайд этилмоқда.

Шу боис, янги штаммни ПЗР тест ёрдамида аниқлаш мушкул эканлиги айтилмоқда. Мутацияга учраган вирус ПЗР текширувидаги иммун жавобни айланиб ўтишга қодирлиги, уни тўғри диагностика қилиш бир оз мушкул экани билан ҳам ажралиб туради.

Covid-19 вирусининг B.1.1.7 шакли - «британча штамми» ўз таркибидаги иккита аминокислотани йўқотиб, организмнинг иммун жавоби, яъни антитаначаларини айланиб ўтишга муваффақ бўлади. Бу вируснинг тез тарқалишига имкон яратяпти. Шу боис, янгича штамм кенг тарқалиб кетишининг олдини олишимиз керак. Бунинг учун эса, карантин талаб-қоидаларига сўзсиз риоя қилишимиз зарурлиги шубҳасиз», дея таъкидлади Эъзозбек Ризаев.

У карантин қоидаларига риоя этиш ушбу штамм кенг тарқалишининг олдини олишда муҳимлигини таъкидлаган.

«Британия ва дунё олимларининг бераётган тавсияларига қараганда, янги штамм тарқалишининг олдини олишнинг ягона ва тўғри йўли — бу зарарланган беморни яккалаш (изоляция) ва улар билан мулоқотда бўлган шахсларни ҳам алоҳида назоратга олишдир. Фақатгина шу йўл билан тез тарқалувчи «британча штамм»нинг тарқалиш кўрсаткичини камайтириш мумкин. 

Ёдингизда бўлса, Хитойнинг Уҳан шаҳрида коронавирус инфекцияси аниқланганидан сўнг ўтган йилнинг ёз ойларида унинг «Испания штамми» ҳам пайдо бўлди. Бу штамм ҳам жуда тез тарқалувчи тур, дея эътироф этилган эди. Вақт ўтиши натижасида, бу штамм тарқалишининг сабаби инсонлар миграцияси экани аниқланди. Бу ҳолат эса оддий саналган карантин қоидаларига риоя қилиш ва тиббий ниқобларни доимий тақиб юриш билан бартараф этилди. 

Ҳозирги кунда кўча-кўйда, транспорт, бозор ва дўконларда фуқароларимизнинг ўта хотиржамлиги, карантин талаб-қоидаларини писанд қилмаётгани, оддий ҳимоя воситаларини тақмаслигининг гувоҳи бўляпмиз. 

Тўғри, Ўзбекистонда айни пайтда эпидемиологик барқарор вазият ҳукмронлик қилмоқда. Аммо бу коронавирус инфекцияси тарқалиш хавфи бутунлай тугади, дегани эмас. Юқорида айтилганидек, Covid-19’нинг B.1.1.7 шакли — «британча штамми»ни енгишнинг ягона йўли карантин қоидаларига амал қилишдир. 

Айни пайтда мамлакатимизда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилмоқда. Агар аҳолимиз мана шу юмшатилган тартибга тўлиқ риоя қилмаса, унинг оқибатлари қатъий чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, барчаси ўзимизга боғлиқ. 

Муҳими, Covid-19’га қарши вакцина янги штаммда ҳам фойда бериши аниқланган. Шу боис, оммавий эмлаш бизнинг юртимизда бошланишига қадар ҳар бир фуқаро ўз саломатлигига ўзи масъул бўлиб, тиббий ниқобдан мунтазам фойдаланса, карантин қоидаларига риоя қилса, шубҳасиз, биз дунёнинг қатор давлатларида давом этаётган бугунги эпидемиологик нохуш вазиятдан сақланиб қоламиз», деган у. 

Мавзуга оид