Ургутда ҳарбий хизмат учун ўқитувчи ва шифокорлардан мажбурий пул ундирилмоқда
Ургутлик мактаб ўқитувчилари ва шифокорлар бир ойлик ҳарбий чақирув учун шартнома тузишга мажбурланаётганликлари ҳақида шикоят йўллашган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Наврўз Ризаев ва Ғайрат Абдиев мазкур мурожаатни ўрганиш учун туманга етиб боришди.
Мурожаатга кўра, туман ҳокимлиги томонидан маълум миқдордаги ўқитувчи ва шифокорларни зудлик билан сафарбарлик чақирув резерви (халқ тилида бир ойлик ҳарбий хизмат)га юбориш, мазкур ҳарбий хизмат тури учун тўланадиган маблағни уларнинг ойлик маошидан ушлаб қолиш топшириғи берилган.
Мазкур мурожаатни бевосита жойида ўрганиш учун Ургут туманига етиб келган депутат Наврўз Ризаев Kun.uz мухбирига берган интервьюсида ҳолатга ўз муносабатини билдирди.
«Қонунчиликка кўра, сафарбарлик чақирув резерви шундай тушунчаки, фуқаро ўзи ҳарбий хизматга кетишни хоҳласа туманлардаги ҳарбий бўлинмаларга мурожаат қилади. Белгиланган миқдорда қонуний равишда пулини тўлайди. Кейин бир ойлик ҳарбий хизматга бориб келади. Шу тарзда ҳарбий мажбуриятини бажарган бўлади.
Энди Ургутда нима бўляпти? Бизга фуқаролар мурожаат қилишяпти. Улар билан суҳбатлашиб, ўрганиш ўтказмоқдамиз. Вазият қуйидагича: тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларга СЧР мажбуриятини тўлдириб берасизлар, деган озгина босим бўлган. Агар ҳарбий хизматга жалб этилган фуқаронинг маблағи бўлмаса, ойлигидан ушлаб қолиш ҳисобига қопланаркан.
Лекин бугун, пандемия шароитидан энди чиққан вақтимизда, давлатимиз раҳбари ҳаммани ҳар томонлама қўллаб турган бир шароитда СЧР учун маблағи бўлмаган одамларни мажбурлашнинг нима ҳожати бор экан? Мана шунга ҳайрон қоляпмиз.
Кейин яна топшириқ бериляпти: Биздаги маълумотга кўра, тумандаги ҳарбий бўлинмада жадвал қилиб берилган экан. Яъни режа шундай бўлгач, албатта, уни бажариш керак-да.
Кечирасиз-у, бундай режа қилишга кимнинг ҳақи бор? Бу масалага ўзи озгина маош олиб турган тиббиёт ходими билан ўқитувчининг қандай алоқаси бор? Ким бундан манфаатдор?
Мана шу саволлар очиқ қоляпти. Биз, албатта, ўрганишда давом этамиз ва саволларга аниқлик киритамиз.
Одамларда озгина истиҳола ҳам бор, айримлар масалани очиқ айтишга чўчиб тургани ҳам бор гап. Аммо биз уларнинг ёнида турамиз ва масалани тўлиқ ўрганиб яна натижалар билан ўртоқлашамиз», — деди депутат.
Kun.uz ҳолат юзасидан Ургут туман халқ таълими бўлими вакилидан изоҳ олди. Шахси сир қолишини истаган ХТБ вакилига кўра, туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда бу ҳақда сўз борган.
«Йиғилишда раҳбарият (айнан қайси раҳбарият экани очиқланмаган) томонидан туман «военком» бошлиғига топшириқ берилди. Туманнинг СЧР бўйича режаси бажарилмаган экан чоғи, ҳарбий хизмат бўйича тегишли ҳужжатлар ижросига эътибор қаратилди ва ёши тўғри келадиган, ҳарбий хизматга лаёқатли, давлат ташкилотларида ишлайдиган ходимлар ватан олдидаги ҳарбий мажбуриятини ўташ керак, дейилди.
Шундан сўнг, «военкомат» биздан (туман халқ таълими бўлимидан – таҳр.) ҳарбий хизмат ёшидагиларнинг рўйхатини олиб, ёш бўйича ажратиб олиб, ўзлари чақиришган.
Туман ҳокимлиги бир ойлик ҳарбий хизматга маблағи етмаганларга имтиёзли кредит бериш бўйича банкларга топшириқ берди. Чунки ҳали ойликлар чиққан эмас.
Шу тарзда ҳарбий хизматга бормоқчи бўлганлар ўзлари ҳарбий бўлимга бориб, шартнома тузиб, бу учун банкдан кредит олишга ҳам мажбур бўлмоқда, тумандаги айрим мактаб ўқитувчилари ҳам ҳокимлик томонидан ҳар бир мактабдан икки нафар ўқитувчи зудлик билан бир ойлик ҳарбий хизматга жўнатиш талаби қўйилди», — деди Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ургут туман ХТБ ходими.
Ургут туман ҳокимлиги ахборот хизмати эса ҳокимлик томонидан бу бўйича ҳеч қандай топшириқ бўлмаганини маълум қилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жорий ўрганишлари ниҳоясига етгач бу масалага яна қайтамиз.
2019 йил декабр ойида ҳам Ургут туманида яшовчи фуқаролар таҳририятга мурожаат қилиб, ҳокимлик томонидан ўқитувчиларнинг маошларидан бир ойлик ҳарбий хизматга чақирилганларнинг шартномаси учун пул ўтказиш топшириғи берилганини айтганди. Бу бўйича мақола эълон қилинган, маълум муддат ўтиб, асоссиз равишда тўланган 45 миллион сўм пуллар эгаларига қайтарилгани айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, сафарбарлик чақирув резерви учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараварини ташкил этади ва у 4 миллион 706 минг сўмга тенг.
Kun.uz мухбирлари:
Шуҳрат Шокиржонов,
Анвар Мустафоқулов.
Мавзуга оид
11:38 / 17.11.2024
Самарқандда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди
10:06 / 19.09.2024
“Омонқўтон” миллий табиат боғидаги ноқонуний йўл: прокуратура жиноят иши қўзғатди
19:00 / 13.09.2024
Ургутда табиатга 1 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум бўлди
10:59 / 21.08.2024