Иқтисодиёт | 20:52 / 03.02.2021
21475
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчисига ўринбосар тайинланди

Президент маслаҳатчиси Равшан Ғуломовга янги ўринбосар тайинланди. 

Шуҳрат Отабоев / Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, Шуҳрат Холдарович Отабоев Ўзбекистон Республикаси президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шуҳрат Отабоев эндиликда президент маслаҳатчиси Равшан Ғуломовнинг ўринбосари сифатида иш бошлайди. У шу пайтгача «Ипотека банк» АТИБ бошқарув раиси сифатида ишлаб келаётганди.

Шуҳрат Отабоев 1978 йилда туғилган. Дастлаб, Тошкент молия институти (2000 йил), кейинчалик Япониянинг Сиёсий фанлар Миллий институти (2005 йил) ҳамда Президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини (2010 йил) тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1995 йил Навоий вилоятидаги 14-ўрта мактабда инглиз тили ўқитувчилигидан бошлаган. 1998 йилдан бошлаб Тошкент давлат техника университети «Камолот» жамоат марказида бош ҳисобчи бўлиб фаолият юритган.

2001-2012 йй. Ўзбекистон Марказий банкида турли лавозимларда меҳнат қилган. Отабоев 2015-2017 йилларда «Халқ банки» АТ бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланган. 2017 йил июнидан 2018 йил 14 ноябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

2018 йил 14 ноябрдан эътиборан «Ипотека банк» АТБ раиси лавозимига тайинланган.

Маълумот учун, шу вақтгача Равшан Ғуломовнинг икки ўринбосари бор эди: Галина Каримовна Саидова ва Обид Арзиқулович Ҳакимов

Аввалроқ, Халқ таълими вазири лавозимида ишлаган Дилшод Кенжаев ҳамда Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Дониёр Қодиров президент маслаҳатчиларига ўринбосар этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид