Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«TRANSKASB» корхоналар уюшмаси: ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар инсон омилисиз ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сонли «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 4-банди билан миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш соҳасида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқининг берилиши, бунинг учун лицензия талаб ва шартлари сифатида тадбиркорлик субъектлари замонавий автодромлар ташкил қилиб, уларни автоматлаштирган транспорт воситалари билан жиҳозлаш чораларини кўриши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси TRANSKASB корхоналар уюшмаси йирик жамоат ташкилоти бўлиб, республиканинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган 130 га яқин таълим муассасаларини ўз тизимига бирлаштирган. Уюшма фаолияти тизимдаги таълим муассасаларига ўқув-методик, ҳуқуқий ва бошқа кўринишдаги ёрдамларни бериш ва уларни ҳимоя қилиш учун ташкил қилинган. TRANSKASB корхоналар уюшмаси таркибида ўқув-методик кенгаш муваффақиятли фаолият юритмоқда. Кенгаш томонидан ишлаб чиқарилган «Барча тоифадаги автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш», «Ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш», «Тест саволлари тўплами» каби электрон ўқув қўлланмаларидан нафақат Уюшма тизимидаги, қолаверса республикада фаолият юритаётган бошқа таълим муассасаларида ҳайдовчиларни тайёрлаш ва уларнинг маҳоратини оширишда самарали фойдаланилмоқда.
Лекин, ҳайдовчиларни тайёрлашдаги шу куннинг долзарб масалаларидан бири – бошланғич амалий машғулотларни ўтказиш учун замонавий автодром ва ёпиқ майдонларнинг етишмаслиги. Маълумки, автомобилни бошқаришни энди бошлаётган ўқувчи умумфойдаланишдаги йўлларга чиқишдан олдин ёпиқ майдонда бошқаришнинг дастлабки кўникмаларини эгаллаган бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир таълим муассасаси автодромга (ёпиқ майдон) эга бўлиши ёки ундан ижара асосида фойдаланиши керак. Замонавий автодромларнинг етишмаслиги, борларининг эса етарлича жиҳозланмаганлиги ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Замонавий автодром деганда – етарлича майдонга эга, қаттиқ қоплама тўшалган, йўл белгилари ва чизиқлари билан жиҳозланган, темир йўл кесишмалари ва пиёдалар ўтиш жойи ташкил қилинган, турли хилдаги машқларни бажариш элементлари мавжуд бўлган, бир вақтда бир нечта транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин бўлган ёпиқ майдон тушунилади. Афсуски, ҳозирда барча талабларга жавоб берадиган автодромлар саноқли даражада. Автоматлаштирилган автодромлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

TRANSKASB корхоналар уюшмаси тизимида Бухоро вилоятида фаолият юритаётган «BUXORO USTOZ HAYDOVCHI» масъулияти чекланган жамиятининг иноқ ва ташаббускор меҳнат жамоаси ер майдони олиш, атрофини ўраш, ерни текислаш, асфальтлаш, йўл белгилари ва светофорларни ўрнатиш, турли элементлар билан жиҳозлаш каби машаққатли вазифани уддалади. Энг муҳими, республикада биринчилардан бўлиб автодромда бажариладиган амалий машғулотларни автоматлаштирилган тизим асосида олиб бориш йўлга қўйилди. Эндиликда, амалий бошқарув инструктори кўмагида маълум кўникмаларни эгаллаган ўқувчи, оралиқ ва якуний назорат машқларини бировнинг ёрдамисиз, мустақил равишда бажара олади.

Ўқувчининг бажараётган машқларини, йўл қўйган хатоларини автоматлаштирилган тизим назорат қилади. Агар, ўқувчи машқларни нотўғри бажарса, ҳар бир хатолик учун жарима баллари ёзиб борилади ва умумий натижа чиқарилади. Масалан, ўқувчи автомобилни жойидан қўзғатишда двигателни ўчириб қўйса кичик хато (1 балл), нотекис қўзғалса ўртача хато (3 балл), хавфсизлик камарини тақмасдан ҳаракатланишни бошласа ёки бурилиш чироғини ёқмаса жиддий хатога (5 балл) йўл қўйган ҳисобланади. Аксинча, машқларни бажаришда хатога йўл қўймаса, назорат машқларини ижобий бажарган ҳисобланади. Қайд этиш жоизки, бу жараён тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, машғулот инсон омилисиз амалга оширилади, ташқаридан кимнингдир аралашуви чекланади. Бу эса ўз навбатида, ҳайдовчиликка номзодда автомобилни бировнинг кўрсатмалари орқали эмас, мустақил равишда бошқариш кўникмаларини шакллантиришда улкан имконият яратади.

Айни вақтда TRANSKASB корхоналар уюшмаси ва «BUXORO USTOZ HAYDOVCHI» МЧЖ томонидан мазкур автоматлаштирилган автодромни такомиллаштириш, уни тизимдаги бошқа таълим муассасаларида ҳам ташкил этиш ва республиканинг бошқа таълим муассасаларида тарғиб қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Билимдон ва маҳоратли ҳайдовчиларни тайёрлаш охир-оқибат республикамиз йўлларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда албатта ўзининг ижобий натижаларини беради.
P.S. Автоматлаштирилган (ақлли) автодромлар Россия Федерацияси, қўшни давлатлар бўлмиш – Қозоғистон, Тожикистон республикаларида аллақачон қурилиб, улардан самарали фойдаланиб келинмоқда. Энг қизиғи, қўшни Тожикистонда 5 та автоматлаштирилган автодром мавжуд бўлиб, ҳозирда самарали фаолият юритмоқда.
Реклама ҳуқуқи асосида