Жамият | 15:01 / 04.02.2021
8297
3 дақиқада ўқилади

«Фарзандларимиз соғломлигини кўриб, ногиронлигимизни унутамиз» — наманганлик ҳунарманд аёл ҳикояси

Муҳаррам Абдураҳимова – Наманган вилояти Чуст туманидан. У шу вилоятнинг Учқўрғон туманига келин бўлиб тушган.

Муҳаррам опа отаси вафот этганида бир ойлик чақалоқ эди. 7 фарзанд билан бева бўлиб қолган онасига рўзғор учун кўмакчи керак эди. Кўзида туғма нуқсони бўлса-да, Муҳаррам опа ёшлигидан ҳунарга меҳр қўйган ва тўқувчилик ҳунарини эгаллаган. Шу ҳунари орқали онасига, оилага ёрдамчи бўлган.

Муҳаррам опани турмуш ўртоғининг ҳам имконияти чекланган: гапирмайди, эшитмайди. Улар ҳаёт йўлларида бир-бирига ҳамроҳ, суянч бўлиб яшашмоқда. Ҳозирда 3 нафар фарзандлари бор. Муҳаррам опа фарзандларининг тўрт мучаси соғлом эканидан жуда бахтиёр. Уларни ўқимишли бўлиб вояга етказишни истайди, ҳозирда тўнғич фарзанди санъат коллежида таълим олмоқда.

– Мана шу фарзандларим учун яшайман. Болаларим: «Она, сиз ногирон эмассиз, оёқ-қўлингиз бут» дейишади. Улар ҳамиша менга мадад беришади. Шуларнинг бахтини кўриш учун ҳам, бировдан кам қилмай вояга етказиш учун ҳам кўпроқ ишлагим келади, ўзимни имконияти чекланган деб ҳисобламайман. Лекин баъзида соғлом бўла туриб, ҳаётидан нолиб яшаётган боқиманда инсонларни кўрсам, шукр қиламан ва мен ўзимни улардан руҳан кучли деб ҳисоблайман. Чарчасам ёки тушкунликка тушсам ҳам тўқийман ва шунда анча енгил тортаман, – дейди қаҳрамонимиз.

Муҳаррам опа ҳунардан топган даромади орқали умр йўлдошининг бандлигини таъминлашга ҳам кўмаклашган, турмуш ўртоғи ҳозирда уйда чорвачилик билан шуғулланади. Улар мана шу меҳнатлари эвазига уй-жойли бўлишган.

«Меҳнат қилиб, ризқ топишга қодир қилиб қўйгани учун ҳам шукр қиламан», – дейди ҳунар эгаси.

Қаҳрамонимизнинг шогирдлари анчагина кўп. Ким шу ҳунарга қизиқиб қолса, хурсанд бўлади ва албатта тўқиш сирларини ўргатади. Айни кунда ўзи каби имконияти чекланган аёллардан 40 нафарига ва тумандаги ёшларга ҳам тўқишни ўргатяпти.

Унга туман ҳокимлигидан 10 та тўқув дастгоҳи олиб берилди ва тўқув курслари учун жой ажратиб берилди.

Маълумот учун, Учқўрғон туманида 1746 нафар «Аёллар дафтари»даги хотин-қизлардан 208 нафарини ижтимоий кўмакка муҳтож, ногиронлиги бор бўлган аёллар ташкил этади.

Мавзуга оид