Жаҳон | 23:02 / 05.02.2021
35329
16 дақиқада ўқилади

Мянмадаги хунта етакчиси Мин Аунг Ҳлаинг. Москвадаги парад ёққан генерал ҳақида

Мянманинг қудратли армияси бош қўмондони Мин Аунг Ҳлаинг 1 феврал кунги давлат тўнтаришидан кейин давлатнинг амалдаги раҳбарига айланди. У ҳақида нималар маълум ва унинг халқаро алоқалари қандай?

Мин Аунг Ҳлаинг бутун умрини Тамадога бағишлаган - Мянма қуролли кучлари шундай аталади. У сиёсий саҳнада янги ном эмас: 2011 йилда мамлакатда демократлаштириш жараёнлари бошлангач армияни бошқарган - у бу лавозимни аввалги ҳарбий диктатор Тан Шведан (у 1992 йилдан 2011 йилгача Мянмани бошқарган) қабул қилиб олган.

БМТдагилар уни роҳингяларни террор қилишга алоқадорликда айблаган, ислом динига эътиқод қилувчи бу халқни таъқиб қилиш оқибатида 10 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 700 мингдан ортиқ киши қочқинга айланган.

Энди Мянма унинг раҳбарлигида ҳарбий бошқарувга қайтди, Мин Аун Ҳлаинг, афтидан, ўз ваколатларини кенгайтириб, мамлакатнинг яқин вақтдаги келажагини белгилаб беришга киришган.

Ҳокимиятга йўл
Айни вақтда 64 ёшда бўлган генерал ўз фаолиятини Мянма армиясида ўтказган, у бу ерга келганида курсант эди. У Янгон университетининг ҳуқуқшунослик факультетида талаба бўлган, 1974 йилда учинчи уринишда Мудофаа хизмати академиясига ўқишга кирган.

Мянма армияси Жанубий-Шарқий Осиёдаги энг йирик иккинчи армия ҳисобланади

Ҳлаинг пиёда аскар сифатида хизмат қила бошлаган ва доимий равишда хизмат пиллапояларидан кўтарилиб борган, аммо у ҳеч қачон катта бир қаҳрамонлик кўрсатмаган. 2009 йилга келиб у Иккинчи махсус операциялар бюроси раҳбарига айланади.

У бу лавозимдалигида Мянма шимоли-шарқидаги амалиётларни бошқаради, бу амалиётлар оқибатида шарқдаги Шан провинциясида ва Хитой билан чегаралар яқинида яшовчи этник озчиликни ташкил этувчи халқларга мансуб ўн минглаб кишилар қочқинга айланади.

Унинг ҳарбийлари қотилликлар, зўрликлар ва уйларга ўт қўйилишида айблансада, Мин Аунг Ҳлаинг 2010 йил августида Қуролли кучлар бирлашган штабига раҳбарлик қилади.

Бир йил ўтмасдан уни катта лавозимли генералларни четлаб ўтган ҳолда армиядаги энг юқори лавозим - қуролли кучлар бош қўмондони лавозимига тайинлашади. 2011 йил мартида у бу лавозимда Тан Швени, 1992 йилдан буён мамлакатни бошқариб келган Тан Швени алмаштиради, лекин ўшанда давлат раҳбари лавозими Мянманинг кейинги президент Тейн Сейнга ўтади.

Мин Аунг Хлаинг бош қўмондон бўлганида, блогер ва ёзувчи Хла Оо у билан болаликдан таниш экани ҳақида ёзганди. У Мин Аунг Ҳлаингни «Бирманинг шафқатсиз армиясидаги қаттиққўл жангчи» сифатида таърифлаган, шу билан бирга, уни «жентльмен ва тадқиқотчи» деб ҳам атаганди.

Мин Аунг Ҳлаинг ўзи ҳақида 2020 йил июнида Россиянинг «Аргументы и факты» нашрига берган интервьюсида шундай деганди: «Кичик лейтенантликдан бошлаганман, ҳозир - Олий бош қўмондонман. Бирма вақтидаёқ (Мянманинг аввалги номи) армияда хизмат қилганман, ҳарбий маъмуриятда ишлаб социализм қурилишида қатнашганман, ҳозир эса демократик бошқарувга хизмат қиляпман. Взводни, ротани, батальонни, полкни, ҳарбий округларни бошқарганман».

Мин Аунг Ҳлаинг журналистларга қуйидаги ибора ўзига тегишли эканини тасдиқлаган: «Мянма тарихи - бу Қуролли кучлар тарихи, Қуролли кучлар тарихи - бу Мянма тарихидир». У армия мамлакат ҳудудида террорчиларга қарши кураш олиб боришини таъкидлаган.

Мянмада 2011 йилга қадар давом этган ҳарбий бошқарувни у қуйидагича тушунтирган: «Ҳарбийлар ҳеч қачон тўлиқ сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш учун интилмаган. Муаммо шундаки, шу вақтга қадар ҳокимиятни қабул қиладиган сиёсатчиларнинг ўзи бўлмаган. Бу Қуролли кучлар мамлакатни ўз билганича бошқарганини англатмайди. Улар ҳамиша халқ фикрига қулоқ солишган. Бу йиллар мобайнида парламент фаолият кўрсатган, сайловлар ўтказилган».

Сиёсий нуфузи ва «геноцид»
Мин Аунг Ҳлаинг бош қўмондон бўлганида Мянма қарийб 50 йиллик ҳарбий бошқарувдан кейин демократия йўлига ўта бошлаганди. Аммо Тамадо ҳамон мамлакатдаги сиёсий жараёнларда иштирокини сақлаб қолганди.

Ҳарбийлар томонидан қўллаб-қувватланадиган «Бирдамлик ва тараққиёт иттифоқи» партияси ҳукуматни бошқарганида Ҳлаингнинг сиёсий нуфузи ва ижтимоий тармоқлардаги машҳурлиги ортади.

Аммо 2015 йилги сайловлардан кейин 2016 йил бошида ҳукуматга ҳарбий диктатура даврида кўп йиллар уй қамоғида ўтирган, тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Аунг Сан Суу Ки раҳбарлигидаги «Демократия учун миллий лига» партияси келади. Бир қарашда, Ҳлаинг янги вазиятга ҳам осон мослашиб кетгандек туюлади: у жамоат жойларида тез-тез Аунг Сан Суу Ки билан бирга кўриниш беради.

Демократик ислоҳотларга қарамай, армия де-факто мамлакатни бошқарган. The New York Times нашрининг ёзишича, Мянма армиясидагилар мамлакатдаги сиёсий жараёнларни «қатъий интизомга эга демократия» сифатида қабул қилишади.

Армия мамлакатдаги иккита энг йирик концернни бошқаради, бу концернлар активларига нефрит қазиб олиш, ўрмончилик саноати, денгиз портлари ва бошқалар киради. Ҳарбийлар банк сектори, суғурта компаниялари, телекоммуникациялар, тиббиёт тизими ва ОАВда ҳам активларга эга. Армия мамлакатдаги энг йирик ер эгалари ҳисобланади. 

Генерал Мин Аунг Ҳлаинг юқорида келтирилган икки компанияга эгалик қилади, бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасидаги уч лавозим - хавфсизлик масалалари, ички ишлар ва чегарачиларни назорат қилувчи вазирларни тайинлаш ҳуқуқига эга. Генералнинг ўзи 2020 йилда армиядан кетиб, мамлакат президенти лавозимини эгаллашни режа қилганди.

Парламентнинг ҳар икки палатасидаги ўринларнинг 25 фоизини  ҳамон армия вакиллари банд этганди. Ҳлаин Аунг Сан Суу Ки партиясининг конституцияни ўзгартириш ва ҳарбийларнинг ҳокимиятини чеклашга бўлган уринишларига қарши туради.

2016 ва 2017 йилларда ҳарбийлар шимолдаги Ракҳайн штатида яшовчи этник озчилик - роҳингия мусулмонларига нисбатан қатағонни кучайтиришади, натижада ўн минглаб роҳингялар қўшни Бангладешга қочиб ўтишади.

2018 йил августида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши шундай маълум қилади: «Мянманинг юқори мартабали генераллари, хусусан, олий бош қўмондон, генерал Мин Аунг Ҳлаинг шимолдаги Ракҳайн штатида содир этилган геноцид, шунингдек, Ракҳайн, Качин ва Шандаги инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар учун тергов ва суд қилиниши керак».

Бу баёнотдан кейин «Фейсбук» генералнинг аккаунтини ва БМТ томонидан «мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий қоидабузарликлар»га алоқадор шахслар ва ташкилотларнинг  аккаунтларини ўчириб ташлайди.

2019 йилда АҚШ «этник тозалашлар» ва инсон ҳуқуқлари бузилишидаги иштироки туфайли Мин Аунг Ҳлаингга қарши икки марта санкциялар қўллайди. 2020 йил июлида Буюк Британия ҳам унга санкция қўллаган.

Аунг Сан Суу Ки эса 2017 йилда ҳарбийларга роҳингяларни қирғин қилишга қаршилик кўрсатмаганди. БМТ оммавий қотилликлар учун айбни ҳарбий раҳбариятга, хусусан, шахсан Мин Аунг Ҳлаингга тўнкаган, лекин 2019 йилда БМТ Халқаро судида айнан Аунг Сан Суу Ки Мянмани этник тозалашлар бўйича айбловларда ҳимоя қилган. Кўпчилик унинг ҳарбийлар билан ҳамкорлигини прагматик қарор деб ҳисоблайди - экспертларнинг наздида у шу орқали тўлақонли демократияга тезроқ ўтишни кўзлаган.

Давлат тўнтариши
2020 йил ноябридаги сайловларда, расмий маълумотларга кўра, Аунг Сан Суу Кининг партияси ғалаба қозонган. Аммо «Бирдамлик ва тараққиёт иттифоқи»ни қўлловчи ҳарбийлар сайлов натижалари бўйича баҳслашишган.

Бутун дунё бўйлаб мянмаликлар диаспоралари Аунг Сан Суу Кини қўллаб акциялар уюштирди. Фотода - Токиодаги акция

Мағлуб партия сайловларда кенг кўламли сохталаштиришлар ҳақида айбловларни илгари сурган. Марказий сайлов комиссияси 1 февралга белгиланган парламент мажлиси арафасида бу даъволарни рад этди, шу куни янги ҳукумат таркиби тасдиқланиши режалаштирилганди.

Амалдаги ҳукумат ва ҳарбийлар ўртасидаги совуқчилик кескинлаша бошлаши фонида давлат тўнтариши рўй бериши ҳақида миш-мишлар урчийди. 27 январ куни Мин Аун Хлаин «агар конституцияга риоя этилмаса, уни бекор қилиш»дан огоҳлантиради ва 1962 ҳамда 1988 йиллардаги давлат тўнтаришларини мисол қилиб келтиради.

30 январ куни эса унинг маъмурияти риторикани ўзгартиради, ҳарбийларга тегишли бўлган телеканал ҳарбий амалдорларнинг конституция бекор қилиниши ҳақидаги сўзлари ОАВда нотўғри талқин қилингани ҳақида баёнот беради.

Аммо 1 феврал тонгида ҳукмрон партия етакчиси, амалдаги давлат раҳбари Аунг Сан Суу Ки, Мянма президенти Вин Мьин ва сиёсий раҳбариятнинг бошқа аъзолари қўлга олингани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Мин Аунг Ҳлаинг ўтиш даврида ҳокимиятни ўз зиммасига олишини эълон қилади. Миллий мудофаа ва хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакатда янги сайловлар ўтказилиши, 2020 йилги сайловларда кузатилган қоидабузарликлар текширилиши маълум қилинади.

Токиодаги намойиш

Аввалига Мин Аунг Ҳлаинг шу йилнинг июлида, 65 ёшга чиққанидан кейин бош қўмондонликдан кетиши керак эди, аммо энди у яна бир йил давомида ҳокимиятда қолишни кафолатлади, агар Мянма яна ҳарбий бошқарувга қайтса, у яна узоқ йиллар давомида давлат раҳбари бўлиб қолиши мумкин.

БМТнинг Мьянма бўйича собиқ махсус маърузачиси Янги Ли CNN’га маълум қилишича, давлат тўнтаришининг замирида Мин Аунг Хлаингнинг Халқаро жиноят суди роҳингя мусулмонларининг геноциди туфайли унга қарши олиб бораётган суриштируви фонида ҳокимият ва бизнес-активлардан маҳрум бўлишни истамаслиги ётган бўлиши мумкин. «У ўзининг Мьянмадаги иқтисодий активларини сақлаб қолишга ва ҳокимият тепасида қолишга жуда қаттиқ ҳаракат қиляпти, чунки акс ҳолда у халқаро судда айбловларга тўқнаш келади», дейди Янги Ли.

Ғарб давлатлари Мянмадаги воқеаларни кескин қоралашди. Хитой эса исёнчиларни ҳимоя қилди
Мянмадаги тўнтариш «Катта еттилик» давлатлари, Евроиттифоқ ва бошқа кўплаб давлатлар томонидан қораланди. АҚШ президенти Жо Байденнинг маъмурияти ҳарбий исён ташкилотчиларига қарши санкциялар қўлланишини маълум қилди. Аммо, ушбу давлат тўнтариши БМТ Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилина бошланганида, унинг аъзолари ўртасида дарҳол бўлиниш кузатилди. БМТ ХКда вето ҳуқуқига эга бўлган Хитой давлат тўнтаришини қоралаш ҳақидаги резолюцияни қўллаб-қувватлашдан бош тортди. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, Хитойнинг позицияси мянмалик генералларга симпатия билдириш билан эмас, демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси важи билан қўшни давлат ишига халқаро аралашув бўлишига қаршилиги билан ифодаланади.

«Хитой Мянмадаги генераллар хатти-ҳаракатларини жимгина - балки қатъий - қўллаб-қувватлаши ҳақида сигнал бераётганга ўхшайди», деди Сингапур миллий университетидан Мьянма бўйича эксперт Эллиот Прасс-Фриман.

Мянманинг энг йирик савдо шериги бўлган Хитой фитнани яширинча қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги гумонлар деярли дарҳол пайдо бўлди. Январ ойи ўрталарида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И мамлакатга ташриф буюриб, шу жумладан, генерал Мин Аунг Ҳлаинг билан учрашган ва Хитой «Мянманинг ўз миллий шароитларига мос келувчи ривожланиш йўлида» «унинг суверенитетини, миллий обрўсини ҳамда қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаши»ни билдирган эди.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И генерал Мин Аунг Ҳлаинг билан учрашувда. Мьянма, 2021 йил 12 январь
Фото: EPA

Хитойдаги «Синхуа» давлат ахборот агентлиги давлат тўнтаришини Мянма «Вазирлар Маҳкамасидаги катта ўрин алмаштиришлар» деб баҳолади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса 3 феврал куни бундай гумонларни рад этиб, «ушбу назариялар ҳақиқатга тўғри келмаслиги», Хитой Мянмага «дўст» мамлакат сифатида шунчаки низонинг барча томонлари ҳам «ўз зиддиятларини тегишли тарзда тартибга сола олиши»ни исташини маълум қилди.

Бироқ Мянма ҳарбийларининг Хитой билан муносабатлари ҳам муаммосиз эмас: мянмалик ҳарбийлар тарихан миллатчилиги туфайли Хитойга қарши кайфиятда бўлиб келган. Бангкокнинг Чулалонгкорн университети сиёсатшунослик профессори Титинан Понгсудхирак ҳарбийлар Хитой лойиҳаларининг мамлакат иқтисодиётига нисбатан ўсиб бораётган таъсиридан қаттиқ норози, бу сўнгги 20 йилдан буён кучайганини қайд этиб ўтган.

«Шундай бўлсада, томонлар барибир келишиб олишга муваффақ бўлса керак: Ғарб етакчиларидан фарқли ўлароқ, Хитой ҳукумати бошқа авторитар давлатни қоралашни талаб қилувчи ички босимга учрамаяпти», дея қўшимча қилган сиёсатшунос.

Россия билан дўстона алоқалар
Мин Аунг Ҳлаинг Мянманинг Россия билан дўстона алоқалари тарафдори ҳисобланади. У бу давлатга камида олти марта ташриф буюрган.

Мин Аунг Ҳлаинг ва Сергей Шойгу, 2018 йил

2020 йил июнида Мин Аунг Ҳлаинг ҳарбий-денгиз флоти, ҳарбий-ҳаво кучлари ва қуруқликдаги қуролли кучлар қўмондонликлари билан бирга Москвадаги ҳарбий парадга ташриф буюрганди. У сафари давомида «Аргументы и факты» нашрига берган интервьюсида парадга уни шахсан Сергей Шойгу таклиф қилгани ҳақида гапирган.

«Россия ҳарбий парадлари - жуда ҳашамдор», - дея қайд этганди генерал.

У Россия билан ҳарбий ҳамкорлик ҳақида ҳам гапирган. «Биз ҳарбий-ҳаво кучлари учун ҳам, флот учун ва қуруқликдаги қўшинлар учун ҳам россияликларнинг ажойиб қуролларини сотиб оламиз. Бироқ ҳарбий-техникавий ҳамкорликда асосийси - қирувчи самолётлар, танклар, сув ости кемалари сотиб олиш эмас. Ҳарбий-техникавий ҳамкорликда ҳарбий таълим ҳам муҳим. Пул тугаши мумкин, ҳарбий техника қачондир эскиради, билим эса ҳамишаликка қолади», деган у.

«Россияда таҳсил олган, русча гапирувчи, сизнинг технологияларингиз билан таниш бўлган зобитларда хизмат пиллапояларидан юқори кўтарилиш имконияти кўпроқ», деган у ва мамлакатда Россияда таҳсил олган ҳарбийлар сони олти мингдан ортганини қайд этиб ўтган.

Сергей Шойгу Мянмага бир неча марта келган. Фотода - 2018 йилги ташриф

Ҳарбий давлат тўнтариши арафасида, 21-22 январ кунлари Мянмага Сергей Шойгу ташриф билан борганди. Россия мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, ташриф давомида Шойгу генералга параддаги иштироки учун миннатдорчилик билдириб, икки мамлакат фашизмга қарши биргаликда курашганини қайд этиб ўтган.

Шойгунинг ташрифи якунларига кўра, Мянма Россиядан «Панцирь-С-1» зенит-ракета мажмуалари ва «Орлан-10Е» дронларини харид қилишга қарор қилган.

Мянмада Россиядан етказиб бериладиган авиатехникалар ва зирҳли техникаларга хизмат кўрсатиш маркази фаолият кўрсатади. Россия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Москва Мянмага 30та МиГ-29, 12та Як-130 русумли самолёт, олтита Су-30СМ, ўнта Ми-24 ва Ми-35П русумли вертолётлар, 8та «Печора-2М» зенит-ракета мажмуаси, шунингдек, радиолокация станциялари, зирҳли танклар ва артиллерия тизимлари етказиб берган.

Мамлакат ҳарбийлари доимий равишда Россия ҳудудидаги ўқув машғулотларида иштирок этиб келишади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид