Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иштихонда хорижга кетган тадбиркорнинг «заправка»си бузилиб, уй қуриб олинган. Тадбиркор ўз мулкини қайтариб ололмаяпти
Таҳририятга келган мурожаат билан танишаркансиз, бир фуқаронинг қонуний, барча ҳужжатлари жойида бўлган ўз мулкига эгалик қила олмаётгани, унга тегишли бино бегона шахслар томонидан шунчаки бузиб ташлангани ва ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашуви ҳам муаммога ечим топмаганига гувоҳ бўласиз.
Воқеа Иштихон туманининг Одил қишлоғида бўлмоқда. Тадбиркорнинг ишончли вакили Гулбаҳор Сулаймоновага кўра, мазкур ҳудудда жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасини тадбиркор 2007 йилги олди-сотди шартномасига асосан сотиб олгани, аммо тадбиркор хорижга кетган вақтида мазкур мулк шу атрофда яшовчи фуқаро томонидан бузиб ташланиб, ўрнида уй-жой қуриб олганини маълум қилмоқда.


Бу каби муаммолар аслида суд тартибида ҳал этилиши лозим. Муаммо шундаки, суд маҳкамаларининг барчаси тадбиркор фойдасига чиқарганига қарамасдан, ҳамон у ўз мулкини қайтариб ололмаган.
Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судида 2018 йил 7 ноябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳақиқатан ҳам мулк фуқаро М.Холбеков томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, ҳозирда унинг фарзанди оиласи билан яшаётгани тасдиғини топади. Айни вақтда АЁҚШ ўрнида ноқонуний қурилган уйда яшаётган Мансур Холбеков ҳам судда мазкур уйга нисбатан ўзида эгалик ҳуқуқи ҳужжатлари мавжуд эмаслигини, уйни 2016 йилда отаси М.Холбеков (ҳозирда марҳум) қуриб берганини маълум қилган. Шунингдек, Мансур Холбеков бошқа яшаш уйи мавжуд эмаслиги, агар рози бўлса мулк эгасига мазкур бино ерининг ўзи яшаётган 7-8 сотих қисми учун 50 миллион сўм маблағ беришини маълум қилганини суд баённомасида ўқиш мумкин.
Мазкур суд ҳал қилув қарорида тадбиркорнинг даъвоси қаноатлантирилиб, ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой унда яшаётган М.Холбеков ва Г.Бадалова ҳисобидан буздирилиши белгиланган.



Мазкур суд қарори фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 12 декабр кунги ажримига асосан ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур қарор ҳозир ҳам кучида ва ижро этиш учун мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими иш юритувида. Ижро ҳаракатлари нима учун амалга оширилмаганига изоҳ олиш мақсадида МИБ Иштихон туман бўлимига боғландик.
Бўлим ижрочиси Соҳиб Акабоевнинг маълум қилишича, Н.Ҳошимовага тегишли 5138 кв метр ер майдонида ноқонуний қурилган уй-жойни М.Холбеков ва Г.Бадалова ҳисобидан буздириш тўғрисидаги суд ижро ҳужжати ҳақиқатан келиб тушган. 2019 йил 2 феврал куни ижро иши юритиш қўзғатилган.
Аммо қарздорлар ихтиёрий берилган муддатда ижро талабини бажармаган. Шундан сўнг мажбурий ижро ҳаракатлари бир неча бор тайинланган, бироқ қарздор ва унинг яқинлари жиддий қаршилик кўрсатгани туфайли ижрони таъминлаш имкони бўлмаган. Қарздорга суд қарори ижроси бажарилмагани сабабли тегишли қонунларга асосан жарима ҳам тайинланган.
Қарздор М.Холбековнинг ишида янги очилган ҳолат мавжудлиги сабабли 2018 йил 7 ноябрдаги суд қарорини бекор қилиш ва қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризасига асосан ижро ҳаракатлари 2020 йил 14 октябрда вақтинчалик тўхтатилган. Аммо кейин, 2020 йил 26 октябрда ижро ҳаракатларини давом эттириш бўйича суд ажрими чиқарилган.
Шунингдек, 2020 йил февралида қарздор ва унинг яқинлари ижро ҳаракатларига жиддий қаршилик қилгани сабабли далолатнома тузилиб, тўпланган ҳужжатлар туман прокуратурасига топширилган. Прокуратура томонидан 2020 йил 29 сентябрда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди қарори билан қарздорнинг яқинларига тегишли жазо белгиланган.
Битта суд қарори ижроси мана шу тарзда икки йилгача чўзилиб келмоқда. Тадбиркор ҳамон ўз мулкига эгалик қилолмайди.
Kun.uz мухбирлари иккинчи томон — қарздор М.Холбековнинг ҳолат бўйича изоҳлари билан қизиқди. Холбеков ва унинг яқин қариндоши суд қароридан норозилиги ва мазкур иш юзасидан жиддий ҳужжатлар мавжудлигини билдирган бўлса-да, айнан қандай ҳужжатлар, ижродан бўйин товлашнинг аниқ сабаблари ҳақида маълумот беришни истамади. Бу ишлар билан ўз адвокатлари асосли ҳужжатлар тўплаганини билдирди, холос. Адвокат билан эса боғланишнинг имкони бўлмади.

Афтидан, қарздор икки йилдан буён ижро этилмаган суд қарорини бундан кейин ҳам бажармоқчи эмас. МИБ эса жиддий қаршиликка учраганини маълум қилмоқда. Иккинчи томондан, қарздор тез орада янги ҳолатлар бўйича асосли ҳужжатларни очиқлашига ишора қилмоқда. Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб, мулк тақдири масаласига яна қайтади.
Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.
Суратлар Фахриддин Ҳотамов томонидан олинди.
Мавзуга оид
15:54 / 07.02.2025
Финландия россияликларга кўчмас мулк билан боғлиқ келишувларни тақиқлашга қарор қилди
07:50 / 24.10.2024
Давлат мулки объектларини “нол” харид қиймати бўйича реализация қилиш тартиби бекор этиляпти
10:20 / 19.10.2024
Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши янада оширилади
09:12 / 14.09.2024