Атлантика океани тубида илк автомобил чорраҳаси пайдо бўлди
Фарер оролларида ғаройиб сувости автомобил туннели барпо этилди – 187 метр чуқурликда Атлантика океанидаги илк айланма чорраҳа пайдо бўлди.
Ороллар кичик – муваффақиятлар катта
Фарер ороллари 18 оролдан иборат архипелаг бўлиб, Исландия ва Шотландия орасида жойлашган автоном субъект. Аҳолиси 51000 киши. Оролларнинг 17тасида одам яшайди. Расман Дания қироллиги таркибига киради, лекин 1948 йилдан бери Фарер ороллари давлат масалалари маҳаллий даражада мустақил ҳал қилиб келинади.
2002 йилдан бошлаб Фарер оролларида босқичма-босқич сувости автомобил туннелларидан фойдаланишга ўтиляпти. Бу мураккаб ва қимматбаҳо иншоотлар фарерликларнинг ҳаётини сезиларли даражада енгиллаштириш ва ороллар орасидаги ҳаракат вақтини тезлаштиришга хизмат қилади.
Стреймой ва Эстуроя ороллари ўртасидаги туннель ўзига хос бўлади – у узунлиги 11 километр бўлган уч асосий йўлдан иборат бўлиб, Атлантика океанида 187 метр чуқурликда жойлашади. Автомагистрал 2020 йилнинг 19 декабрида фойдаланишга топширилган.
Туннелларнинг янги тармоғи пойтахт Торсхавн ва Рунавик шаҳри орасида йўлга сарфланадиган вақтни 74 дақиқадан 16 дақиқага, яъни 4,5 баробарга камайтиради. Қўшни оролларга мунтазам бориб турадиган маҳаллий аҳоли учун бу жудаям катта қулайлик.
180 метрдан зиёдроқ сув остига кирадиган автотрасса хавфсизлигини таъминлаш учун йўлнинг энг тикка жойи 5 фоизлик қилинди. Фарерда фойдаланилаётган туннеллар 5-6 километр узунликка эга.
Атлантика бағридаги машҳур айланма чорраҳали туннеллар тармоғи Фарер оролларининг инфратузилмасига киритилган энг йирик сармоя бўлди. Трасса бўйлаб юриш пуллик бўлади – бир томонга ҳаракатланиш 10 евро. Маҳаллий аҳоли учун арзонлаштирилган йиллик абономент ишлаб чиқилган.
Фарерликлар янги иншоотга ўзига хос зеб бердилар – ҳалқани маҳаллий рассом Трондур Патурссоннинг ҳайкалтарошлик асарлари ва чироқли эффектлар уйғунлигида безатдилар.