Фан-техника | 21:32 / 07.02.2021
12443
2 дақиқада ўқилади

«Биз транспортация эмас, телепортация бўлишимиз керак» — Цукерберг

Келгусида ходимлар ишга AR ва VR технологиялари (қўшимча ва виртуал реаллик) орқали қатнайдилар, дея тахмин қилмоқда Facebook асосчиси.

Фото: AFP

Келажакда офис ходимлари иш биносида жисмонан мавжуд бўлишига ҳожат қолмайди. Барчаси қўшимча (AR – augmented reality) ва виртуал (VR – virtuаl reality) реаллик технологиялари орқали амалга оширилади. Facebook асосчиси Марк Цукерберг Clubhouse ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари билан суҳбатда шундай фикр билдирди.

Цукербергнинг айтишича, Facebook Reality Labs жамоасининг сўнгги тадқиқотлари инсонларнинг иш офиси ёки бошқа жойга жисмонан боришига зарурат қолдирмаган ҳолда ўша маконда мавжуд бўлишини таъминлашга йўналтирилган.

«Ҳозирги AR ва VR технологияларининг муаммоси уларнинг шакл омилидадир. Бу технологиялардан фойдаланиш учун қалин ҳошияли кўзойнакларни тақиш керак. Демак, асосий вазифа – кичик қурилма асосида ишловчи технологияни яратиш.

Локдаун иш берувчилар ўз ходимларини иш жойига боғлаб қўйишига зарурат йўқлигини кўрсатди. AR ва VR технологиялар одамларга ўзлари истаган маконда яшаган ҳолда боришлари керак бўлган жойда мавжуд бўлиш имконини беради», – дейди Facebook раҳбари.

Унинг тахминича, бу технологияни ишлаб чиқиш 4–5 йил вақт олиши мумкин.

Цукерберг виртуал реалликнинг афзалликлари сифатида ходимлар самарадорлигининг ортиши, ишга қатнаш учун транспортга эҳтиёжнинг камайиши, натижада ҳавода заҳарли газлар миқдори қисқариши кабиларни санаб ўтди.

«Биз транспортация эмас, балки телепортация бўлишимиз керак», дея қўшимча қилди Цукерберг.

Шунингдек, компания асосчиси кейинги ўн йилликда Facebook ходимларининг ярми масофавий иш шаклига ўтишини маълум қилди.

Мавзуга оид