Ўзбекистон | 19:43 / 07.02.2021
56294
3 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳри прокурори лавозимидан озод этилди

Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов лавозимини тарк этди. Бош прокуратурага кўра, у ўз хоҳиши билан ариза ёзган. Фозилов декабрь ойида президентга шов-шувли мурожаат билан чиққан эди. Ўтган ойда давлат раҳбарининг Бухорога ташрифи олдидан вилоятга янги прокурор тайинланганди.

Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов лавозимидан озод этилди. Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz'га буни тасдиқлаб, прокурор ўз хоҳиши билан лавозимдан бўшаш ҳақида ариза ёзганини билдирди.

Қўшимча қилинишича, Фозилов Бухоро вилояти прокуратурасининг кадрлар ихтиёрида қолган, аммо «вақтинча ишламайди».

Прокурорнинг лавозимдан кетиши у президент ва Президент Администрацияси раҳбарига ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат йўллаганидан бир ярим ой ўтиб рўй бермоқда.

Декабрь ойи ўрталарида интернетда қилган кетма-кет чиқишларида Жасур Фозилов бевосита Ўзбекистон бош прокурорига қарши даъволарни илгари сурган эди. У «Mustahkam Qurilish Development» компанияси вакилларини сўроққа чақиргач, ўзининг устидан текширув бошлангани, бунга сабаб эса ушбу компания вакиллари гўёки бош прокурор билан алоқадорлиги ҳақида айтганди.

Прокурорнинг даъволари юзасидан 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилди. Хизмат текшируви сабаб вазифасидан вақтинча четлатилган Фозилов Республика комиссияси текшируви ортидан лавозимига тикланди. У 20 декабрь кунги мурожаатида комиссия адолатли қарор қабул қилганини айтиб, бунинг учун президентга миннатдорлик билдирди.

Комиссия қарори расман эълон қилинмади. Жасур Фозиловга кўра, комиссия унинг устидан «аризани уюштирган тадбиркорлар бош прокурор номидан фойдаланиб келаётганликлари»ни аниқлаган. Айрим масалаларга эса фуқаролик судида аниқлик киритилиши лозимлиги айтилган.

21 декабрда Бош прокуратура Бухоро шаҳри прокурори устидан ўтказилган хизмат текшируви натижаларини маълум қилди. Унга кўра, Жасур Фозилов муқобил текширувлар бекор қилинганига қарамай, жиноий ишга алоқаси бўлмаган шахсларни терговга мажбурий жалб этмоқчи бўлган.

Шу сабабли Фозиловга бош прокурор буйруғи билан ҳайфсан берилган эди.

Бу воқеалардан бир ой ўтиб, январь ойи ўрталарида – давлат раҳбарининг Бухорога ташрифи арафасида вилоят прокурори ўзгарди. Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Маҳмуд Истамов Бухоро вилояти прокурори сифатида иш бошлади.

Мавзуга оид