Жаҳон | 00:22 / 07.02.2021
8322
1 дақиқада ўқилади

Германия Беларус мухолифатига 20 млн евродан ортиқ пул ажратди

Ташқи ишлар вазири Ҳайко Мааснинг билдиришича, ГФР ҳукумати Беларус мухолифатини қўллаб-қувватлаш дастурини тайёрлади.

Фото: EPA

Германия ҳукумати Беларусдаги мухолифатни қўллаб-қувватлаш дастури учун 21 млн еврога яқин маблағ ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири “Беларус билан бирдамлик” онлайн-анжуманида маълум қилди.

"Ишончингиз комил бўлсин: Германия ва ЕИ сиз томонда. Биз Лукашенко ва унинг режимига қарши санкциялар киритдик. Ва биз миқдори 21 миллион еврогача бўлган "Беларус фуқаролик жамияти” ҳаракатлар режасини ишлаб чиқдик", – деди Маас Беларус мухолифати тарафдорларига мурожаат қиларкан.

Унинг қўшимча қилишича, намойишларда қатнашгани учун мактаб ва университетлардан чиқариб юборилган талабаларга стипендиялар таклиф этилади. Шунингдек, мустақил оммавий ахборот воситалари қўллаб-қувватланади.

Аввалроқ ОАВ Германия ҳукумати таъқиб қилинаётган беларуслик мухолифатчилар учун виза олишни соддалаштирмоқчи эканлиги тўғрисида хабар берганди. 

Мавзуга оид