Иқтисодиёт | 17:35 / 08.02.2021
8382
4 дақиқада ўқилади

2021 йилги давлат дастурида иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун 6та муҳим вазифа белгиланди

2021 йилда республика иқтисодиётида инфляция даражасини 10 фоиздан оширмаслик, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, бюджет қоидаларини жорий этиш, ташқи қарз ҳажмини мақбул даражада сақлаб туриш, суверен халқаро облигацияларда миллий валюта улушини ошириш режалаштирилган.

2021 йилга мўлжалланган «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Хусусан, дастурнинг макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва нарх-наво барқарорлиги ва инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмаслигини таъминлаш бобида 6та муҳим вазифа назарда тутилади.

1. Инфляциявий таргетлаш доирасида 2021 йилда инфляция даражасини 10 фоиздан оширмаслик ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш

Бунда иқтисодиётга ажратилган кредитнинг ўсиш суръатларининг ялпи ички маҳсулот номинал ҳажми ўсиши суръатлари билан мувофиқлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга:

  • инфляцияни пасайтириш ҳамда пул ресурслари бозорида ижобий реал фоиз ставкалари шаклланиши учун зарур шароитлар яратиш;
  • пул-кредит инструментларидан самарали фойдаланиш;
  • иқтисодиётнинг реал секторида таркибий иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш ва ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш;
  • асосий истеъмол товарларининг нархлари мавсумий тебранишлари даражасидан келиб чиқиб «хатар даражаси таҳлили» тизимини жорий қилиш назарда тутилади.

2. Инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар

2021 йил 1 апрелга қадар нархлар барқарорлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳада:

  • озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик;
  • импорт бозорида монополияга йўл қўймаслик, импорт товарларини олиб киришда рақобат шароитларини яхшилаш, шунингдек, ташқи бозорларни диверсификация қилиш;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кафолатланган захирани яратиш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантиришда квота асосида сотиб олиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш;
  • асосий истеъмол товарларининг транспорт харажатларини субсидиялаш;
  • тегишли ҳудудларнинг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари (шакар, ёғ, ўсимлик ёғи, ун ва бошқалар) талабидан келиб чиқиб, уларни квота асосида бозор шароитларида сотиб олиш ва ички бозорга интервенция қилиш чоралари назарда тутилади.

3. Бюджет барқарорлигини таъминлашга қаратилган бюджет қоидаларини жорий этиш

2021 йил 1 ноябрга қадар бюджет қоидалари бўйича алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланди.

Бунда умумий фискал балансини ҳисоблашда ҳукумат номидан жалб қилинган ва қайта кредитланган ташқи қарз маблағларини инобатга олишни таъминлашга қаратилган бюджет қоидаларни белгилаш режалаштирилган.

4. Ташқи қарз ҳажмини мақбул даражада сақлаб туриш.

Бунда давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизидан ошмаслигини таъминлаш кўзда тутилади.

5. Суверен халқаро облигацияларда миллий валюта улушини ҳозирги 25 фоиздан камида 40 фоизга ошириш

Давлат дастурида мазкур жараён 2021–2023 йилларга мўлжаллангани белгиланган. Бунда, хусусан:

  • халқаро молиявий консультантлар ва юридик консультантларни ёллаш;
  • эмиссия рисоласини ишлаб чиқиш ҳамда суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш дастурини белгилаш;
  • маркетинг тадбирларини амалга ошириш, хусусан, халқаро инвесторлар билан учрашувлар ташкил этиш;
  • шаклланган буюртмалар ҳажми ва молиявий консультантларнинг таҳлилларидан келиб чиқиб, халқаро молия бозорларида хорижий ёки миллий валютадаги суверен облигацияларни жойлаштириш назарда тутилади.

6. Давлат қарзи бўйича маълумотларнинг янада очиқлигини таъминлаш

Дастурда белгиланишича, Ўзбекистоннинг давлат қарзи бўйича маълумотлар шакллантирилади.

Ижро агентликлари ва лойиҳа ташаббускорлари давлат ташқи қарз ҳисобидан амалга оширилган лойиҳалар бўйича ўзлаштирилган маблағлар ҳамда эришилган натижалар тўғрисида маълумотларни ўз веб-сайтларида жойлаштиради. Ушбу маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25-санасига қадар Олий Мажлис палаталарига киритиб бориш ҳамда Молия вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, ҳар бир ҳудудда ташқи қарз ҳисобига амалга оширилаётган инфтраструктуравий лойиҳалар бўйича кенгашларга ахборот киритиш ва ОАВда ҳисобот бериш тартиби йўлга қўйилади.

Мавзуга оид