Ўзбекистон | 17:05 / 08.02.2021
16142
5 дақиқада ўқилади

«Disney даражасида персонажлар яратмоқчиман» — хориж учун мультфильм тайёрловчи аниматор билан суҳбат

Ғолибжон Санокулов 28 ёшда. Бухоро вилояти Олот туманидан. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат институтида таҳсил олган. WhiteLine Animation studio асосчиси. 3D аниматор ва VFX Supervisor. У ҳозирда хориж бозори учун мультфильмлар тайёрлаш билан шуғулланмоқда. Бунинг ортидан 1 сониялик тайёр маҳсулот учун 100 долларгача даромад олади.

«Осмондаги болалар» лойиҳасига берган интервьюсида Ғолибжон анимация имкониятлари, уни пухта ўрганиш машаққатлари ҳақида гапириб берди.

«Бировнинг қўлига қараб ишлай олмаслигимни тушунганман»

— Ёшлигимда оиламизда «фақат ва фақат ўқиш» деган тарбия бўлган, ўқиш учун барча шароит яратилган. Дадам ҳисобчи бўлганлари учун оилада ҳаммамиз ўзимизни шу йўналишда тасаввур қилганмиз. Мен бу соҳада ишлаб ҳам кўрдим, лекин бу ўзим хоҳлаган йўналиш эмасди.

Оилада эркатойроқ бўлиб ўсгандим. Мактабда, коллежда пахта теримларига чиқмаганман. Қариндошимизнинг ёрдами билан ишга кирганимдан кейин эса атайлаб пахта теримига юборишди. Ўшанда тўйимга 10 кун қолганди. Ҳашаротлардан қўрқардим, мени олиб кетинглар деб қариндошимизга телефон қилганман. Шунда акам: «Ҳозир машина юбораман, сени олиб қайтади, лекин ишдан бўшатишади. Қандай қилиб хотинингни боқасан?» деганлари қаттиқ таъсир қилган.

Шундан кейин бировнинг қўлига қараб ишлай олмаслигимни, бунинг учун бошқа иш топишим кераклигини тушунганман. Аввал видеомонтаж, кейин эса 3D соҳасига кириб келдим. Жуда кўп вақтимни ўрганишга сарфлаганман. 3 йилимнинг ҳар бир куни ўрганишга кетган. YouTube'да бошланғич дарсларни ўрганиш мумкин. Юқорироқ даражаларни ўрганиш учун эса дастурларни сотиб олишингиз керак.

2018 йилда қўшиқчилардан бирининг клипида анимацияларни тайёрлаб берганимдан кейин ишларим юришиб кетган. Ўшанда 15 минг долларга баҳоланган ишни 400 долларга қилиб берганман. Лекин айнан ўша ишим орқасидан 15 минг доллардан кўпроқ пул топганман, жуда ҳам кўп буюртма келган.

Анимация нима?

— Анимация монтаждан фарқли соҳа. У – 3D йўналишларидан бири. Унинг архитектурадан фарқи шундаки, реал муҳит кайфиятини яратиб бериши керак. Архитектура лойиҳасида ҳамма нарса тоза ва идеал ҳолатда бўлади. Бизда эса бундай эмас. Муҳитни реал, ҳаётдан олингандек кўрсатиш учун биноларни сал нураганроқ ҳолда, кўчаларни баклажка ётган ҳолатда тасвирлаш керак. Клип, кино ва роликларда иложи йўқ нарсалар, хаёлий дунё ҳосил қилинади.

Шунингдек, персонаж анимацияси ҳам бор. Бунда эскиз бўйича 3D модел яратилади, кейин текстура қилинади. Рендер қилганда персонаж чиройли чиқиши керак. Шейдинг орқали ёритилгач, суяк қўйиб чиқилади. Бу босқичларнинг ҳар бири билан алоҳида мутахассис шуғулланади.

3D-моделлаштириш, анимация, персонаж яратишнинг барча босқичларини тўлиқ ўрганиш учун ўртача 13 ой керак бўлади.

Ўзимнинг ҳам Disney даражасида персонаж яратиш ва уни анимация қилиш ниятим бор. Битта персонаж устида ишлаш уч ой вақт олди. Бунинг учун ҳафсала бўлиши керак. Карантин пайтида Dreamworks'даги аниматорлардан бирининг ишига тақлид қилиб персонаж анимациясини тайёрладим, фейсбукка жойладим. Шундан кейин жуда ҳам кўп, ҳатто Япония компанияларидан таклифлар келиб тушди, аммо биронтасига жавоб берганим йўқ. Чунки улар устида ишлашга вақт йўқ, рад қилишга тўғри келади.

Анимация, 3D йўналишларида ишлаш учун диплом керак эмас. Ишга кирмоқчи бўлсангиз, иккита жиҳатга қаралади: жамоа билан ишлай олиш кўникмаси ва қилинган ишлар портфолиоси.

«Кино кўриш эмас, уни қандай тайёрлаш билан қизиқиш керак»

— Ўзимнинг 18 ёшлигимни кўрганимда фақат ва фақат ўқиш, ўрганишни тавсия қилган бўлардим. Таълим муассасасида барча фанларни бирдек ўрганиш керак. Битта соҳани танлайман деб қолган барча фанларни йиғиштириб қўйиш нотўғри. Бу дунёқараш кенгайишига хизмат қилади. Қанчалик дунёқараш кенг бўлса, фикрлаш шунчалик осон бўлади.

Ўқишга кира олмаганларга маслаҳатим – касб ўрганишсин. Агар кейинги йил яна йиқилса, шашти туша бошлайди, ҳафсаласи пир бўлади. Масалан, вақтини компьютер ўйнашга сарфламасин-да, ўша ўйиннинг қандай яратилгани билан қизиқсин. Кино томоша қилмасин-да, кинони қандай тайёрлашни ўргансин. Ҳар бир инсон нимага қизиқиши ва қўлидан нима иш келишини тушунган ҳолда ҳаракат қилиши керак.

Мавзуга оид